Иқтисодиёт | 21:39 / 20.12.2023
31879
5 дақиқада ўқилади

Солиқ кодексининг 227-1-моддаси бўйича 400 млрд сўмлик жарималар ҳисобдан чиқарилиши мумкин

Президент ҳузуридаги тадбиркорлар кенгашининг бу муаммо юзасидан давлат раҳбарига мурожаат қилишга қарор қилиши ортидан, Солиқ қўмитаси раҳбарлари тадбиркорлар билан мулоқот қила бошлади. Савдо-саноат палатаси 400 млрд сўмлик жарималарни ҳисобдан чиқариш ва белгиланган санкцияни енгиллаштиришни таклиф этмоқда.

Фото: Kun.uz

Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси тадбиркорлик субъектларига Солиқ кодексининг 227-1-моддасига асосан қўлланилган жарималарни ҳисобдан чиқариш тўғрисидаги президент қарори лойиҳасини ишлаб чиқди.

Бу ҳақда 18 декабр куни Савдо-саноат палатаси ва Солиқ қўмитаси раҳбарлари ҳамда тадбиркорлар иштирокида ўтган учрашувда маълум қилинди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.

Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Олимжон Файзибоевнинг айтишича, қўмита ССП томонидан киритилаётган таклифни қўллаб-қувватлаган. Ҳисобдан чиқарилиши назарда тутилаётган жарималарнинг умумий суммаси 400 млрд сўмдан ошади.

Президент қарори лойиҳаси билан бирга, Солиқ кодексининг 227-1-моддасига ўзгартиш киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ҳам тайёрланмоқда. Унга асосан ушбу моддадаги жарима миқдорини корхона соф тушумининг 100 фоизидан 20 фоизга тушириш кўзда тутилган.

Шунингдек, бу моддада кўрсатилган ҳуқуқбузарликларни алоҳида классификация қилиш, ҳуқуқбузарликнинг оғирлик даражасидан келиб чиқиб санкция қўллаш масалалари ҳам ўрганиб чиқилиши маълум қилинди.

Ҳозирда 227-1-моддага асосан қуйидагиларга оид қоидаларни бузиш ҳолатлари жаримага тортилмоқда:

  • фискал белгиларни акс эттириш ёхуд автоматлаштирилган ҳисобга олиш ўлчов воситалари билан жиҳозлаш ёки солиқ органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилинишини таъминлаш;
  • алкогол ва тамаки маҳсулотлари, пиво, дори воситалари, тиббий буюмлар, маиший техника (2024 йил 1 мартдан бошлаб газланган ва газланмаган сув, шарбатлар) ишлаб чиқарувчилар, импорт қилувчилар ва сотувчилар томонидан мажбурий рақамли маркировкалаш қоидаларини бузиш.

Белгиланган жарима – реализация қилинган охирги ҳисобот чорагида олинган соф фойда миқдорига тенг.

Сўнгги ойларда тадбиркорларни ушбу модда асосида жаримага тортиш ҳолатлари кескин кўпайган. Жарима миқдорининг юқорилиги эса тадбиркорлар эътирозига сабаб бўлмоқда. Шунга кўра, 12 декабр куни Президент ҳузуридаги Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича жамоатчилик кенгаши мазкур жаримани камайтиришни сўраб давлат раҳбари ва ҳукуматга мурожаат қилишга қарор қилган эди.

Ички ҳисоб-китоб дастурларини ҳам интеграция қилиш талаб қилинмоқда

Тадбиркорларнинг Солиқ кодекси 227-1-моддаси бўйича эътирозларини бу моддада кўрсатилган икки хил ҳуқуқбузарликка асосан икки йўналишга бўлиш мумкин.

Биринчи йўналишдаги эътироз маркировкалаш бўйича жарималарга қаратилган бўлиб, шикоят билдираётган тадбиркорларнинг катта қисмини алкогол маҳсулотлари савдоси билан шуғулланувчилар, хусусан мижозларига спиртли ичимликларни ҳам таклиф этувчи ошхона, кафе ва ресторан бизнеси вакиллари ташкил этади.

Улар 18 декабрдаги учрашувда жарима миқдорини камайтириш билан бирга, амалиётда маркировка билан боғлиқ техник муаммоларга (алкогол ва сигарет маҳсулотларининг шишаси/қадоғи очилган ҳолда бўлиб-бўлиб сотилиши, жисмоний шикаст етган ҳолатларда маркировка кодини ўқиб бўлмаслиги, йўқолган ёки яроқсиз ҳолга келган маҳсулотларни ҳисобдан чиқариш имконсизлиги ва ҳ.к.) сабаб бўлаётган бир қатор ҳолатларга ечимлар берилиши кераклигини айтди.

Шунингдек, тадбиркорлар жарима миқдорини тушум миқдорига боғлашдан воз кечиш кераклиги, акс ҳолда бир нечта йўналишда фаолият олиб борувчи корхоналар битта фаолият туридаги қоидабузарлиги учун бутун корхонанинг тушуми миқдорида жаримага тортилиш рискидан келиб чиқиб, корхонани фаолият турларидан келиб чиқиб бир нечта алоҳида корхоналарга бўлиш зарурати туғилаётганини таъкидлади.

Иккинчи масала эса тадбиркорлик субъектлари фойдаланаётган дастурий маҳсулотларнинг солиқ органлари билан интеграция қилиниши билан боғлиқ. Тадбиркорларга кўра, солиқ органлари улардан нафақат қонунда белгиланган дастурий маҳсулотларни, балки корхона ўзининг ички ҳисоб-китоблари учун фойдаланадиган дастурий маҳсулотларни ҳам интеграция қилиш талабини қўймоқда.

Солиқ маслаҳатчиси Гулнора Суюндиқовага кўра, бу ерда гап савдо ва умумий овқатланиш корхоналари фойдаланаётган R-Keeper, Jowi, iiko ва бошқа дастурлар ҳақида кетяпти. Айрим ҳолатларда бу дастурлардан фойдалувчи корхоналар уларни солиқ органларининг тизимлари билан интеграция қилмагани учун 227-1-моддага асосан жаримага тортилмоқда.

Душанба куни бўлиб ўтган учрашувда тадбиркорлардан бирининг айтишича, корхона бошқарувчилари ўз ички ҳисоб-китобларини хоҳласа қоғоз-дафтарда ёзиб боради, хоҳласа Microsoft Excel дастуридан фойдаланади, ёки хоҳласа дастурий маҳсулотларга мурожаат қилади. Ҳозир эса агар корхона учинчи вариантни танласа, ўз ички ҳисоб-китоблар тизимини касса аппаратлари билан интеграция қилиши, яъни солиқ органлари билан боғлашга мажбур бўлиб қолмоқда.

Шу билан бирга, турли-туман дастурларни солиқ тизимлари билан интеграция қилишда техник муаммолар ҳам талайгина. Масаланинг бу жиҳати ҳам турли электрон тизимларни фаол қўллайдиган кафе ва ресторанларга (уларнинг бир қисмида официантлар олинган буюртмани мажмуанинг ички электрон тизимига киритади) кўпроқ муаммо туғдирмоқда.

Бу давра суҳбатидан кейин, Солиқ қўмитаси унда кўтарилган масалалар, хусусан маркировка ва интеграция жараёнларида учраётган муаммоларни бартараф этиш юзасидан 21 декабр куни тадбиркорлар билан учрашув ташкил этилишини эълон қилди.

Мавзуга оид