Жаҳон | 12:45 / 21.12.2023
12011
4 дақиқада ўқилади

Исроил армияси Ғазо марказида ҲАМАС етакчиларининг туннелларини топди

Туннеллар тармоғи Исроил армияси назорати остидаги Ғазонинг «нуфузли мавзесидаги» майдон остида жойлашган, деб хабар берди ЦАҲАЛ.

Фото: Victor R. Caivano/AP/dpa/picture alliance

Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) Ғазо шаҳри марказида ҲАМАС ҳаракати етакчилари фойдаланадиган кенг туннел тизимини топди. 20 декабр, чоршанба куни Исроил ҳарбийлари тушунтиришича, асосий ролни майдонлардан бири эгаллайди, у ердан ҳаракатнинг сиёсий ва ҳарбий раҳбарияти «бошпаналари, штаб-квартиралари ва хонадонларига» бориш учун ерости йўлларидан фойдаланиш мумкин. 

«Фаластин майдони» Ғазонинг «нуфузли мавзесида» жойлашган бўлиб, у Исроил аскарлари томонидан назоратга олинган, дея таъкидлади ЦАҲАЛ. Майдон «ҲАМАС ҳарбий қўмондонлиги маркази бўлган ва у штаб-квартираси бўлиб хизмат қилган бинолар, туннел шахталари ва ҲАМАСга тегишли стратегик бинолар билан ўралган», дея қўшимча қилди армия матбуот хизмати. Унга кўра, ҳарбий инфратузилма «дўконлар, ҳукумат бинолари, турар жой иншоотлари ва кар болалар учун махсус мактаб яқинида» жойлашган. 

Ушбу туннеллар тармоғи Ал-Рантиси ва Аш-Шифо касалхоналари ҳудудидаги ерости инфратузилмаси билан боғланган, дея таъкидлади ЦАҲАЛ. Туннеллар лифтлар ва портлашга чидамли эшиклар билан жиҳозланган, айрим ҳолларда озиқ-овқат, сув ва энергия инфратузилмаси элементлари топилган, дея қўшимча қилди ҳарбийлар. Бу ҲАМАС жангчиларига узоқ вақт яшириниш имконини беради, дея таъкидлади армия матбуот хизмати. 

Тўрт километрлик туннеллар тармоғи 

Бир неча кун олдин Исроил армияси Исроилнинг Ғазо сектори билан чегарасидаги Эрез ўтиш жойидан 400 метр узоқликда жойлашган ва 4 километрдан ошиқ бўлган туннел тизимини аниқлади. ЦАҲАЛ маълумотларига кўра, бу ерости тизими шунчалик каттаки, кичик автомобиллар ҳам у ерда ҳаракатлана олади. Туннелларда канализация, ёруғлик, вентиляция ва алоқа воситалари, шунингдек, фойдаланишга тайёр бўлган кўплаб қурол-яроғлар бор, деди ҳарбийлар.

Исроил-Фаластин можароси

7 октябр куни эрталаб ҲАМАСнинг ҳарбий қаноти - «Иззаддин ал-Қассам бригадалари» Исроилга қарши «Ал-Ақсо тўфони» операцияси бошланганини эълон қилди. Ғазо секторидан Исроил томон минглаб ракеталар отилди, қуролли гуруҳлар Исроил аҳоли пунктларига кирди.

ҲАМАСнинг билдиришича, операция босиб олинган Шарқий Қуддусдаги Ал-Ақсо масжидига бостириб кириш ва исроиллик муҳожирларнинг фаластинликларга нисбатан зўравонлиги кучайиб бораётганига жавобан амалга оширилган.

Бунга жавобан Исроил армияси Ғазо секторида ҲАМАСга қарши ўнлаб қирувчи самолётлардан фойдаланган ҳолда «Темир қиличлар» операцияси бошланганини эълон қилди.

Исроил-Фаластин можароси авж олгандан бери 19 мингдан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлди. Исроилда қурбонлар сони 1400 дан ошади. Ғазонинг 2,3 миллион аҳолиси Исроилнинг ҳаводан оммавий бомбардимон қилиши ва эксклавнинг тўлиқ блокадаси туфайли озиқ-овқат, сув ва дори-дармонлар танқислигидан азият чекмоқда.

1 декабргача давом этган вақтинчалик оташкесим доирасида 100 дан ортиқ гаровга олинган шахс қўйиб юборилди, Исроил 240 га яқин фаластинликни қамоқдан озод қилди. Исроил расмийларига кўра, 7 октябр куни асирга олинган яна 138 киши ҲАМАС қўлида қолмоқда.

Мавзуга оид