Мисрга борган ҲАМАС раҳбари, ҳаракатни қўллаётган АҚШ ёшлари, ғалла йўлагини тиклаган Украина — кун дайжести
Сўнгги бир кунда жаҳонда содир бўлган воқеа-ҳодисалар, янгиликларнинг кундалик шарҳи билан одатдагидек кун дайжестида таништирамиз.
Ғазодаги вазият
БМТ Хавфсизлик Кенгашида Ғазо секторида ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишни талаб қилувчи резолюция лойиҳаси бўйича овоз бериш томонларнинг розилиги йўқлиги сабабли учинчи марта кечиктирилди.
Фаластин қочқинлари ёрдам бериш бўйича БМТнинг Яқин Шарқдаги агентлиги маълумотига кўра, Исроил ҳарбийлари Фаластин эксклавининг 60 фоиз инфратузилмасини вайрон қилган, Ғазо секторида истиқомат қилиб турган фаластинликларнинг 90 фоизи уз тураржойларини ташлаб чиқишга мажбур бўлган.
Ғазо секторида 75 кундан буён давом этаётган Исроил ҳужумлари туфайли ўлдирилган фаластинликлар сони 20 мингдан ошди, деб хабар беради Ғазо ҳукумати. Қурбон бўлганларнинг камида 8 минги ёш болалар, 6200 нафари аёллар. 6,7 минг одам бедарак йўқолган.
7 октябрдан буён исроил Ғазо секторига ҳужум уюштириши мобайнида 53 минг тоннадан ортиқ бомбалардан фойдаланган. 52,5 мингдан зиёд тураржой биноларига зарба берган.
ҲАМАС раҳбари Қоҳирада
ҲАМАС раҳбарияти ҳаракат сиёсий етакчиси Исмоил Ҳания Миср пойтахти Қоҳирага ташриф буюргани ҳақида маълум қилди. У мисрлик мулозимлар билан Ғазо секторидаги ҳарбий ҳаракатларда янги танаффус эҳтимолини муҳокама этиши тахмин қилинмоқда. Ҳания Миср разведкаси раҳбари Аббос Комил ва бошқа расмий шахслар билан учрашиши кўзда тутилган.
Қатарда яшовчи Ҳания одатда фақат муваффақиятга эришиш эҳтимоли юқори бўлгандагина дипломатик жараёнларга ошкора қўшила бошлайди.
Охирги марта у Мисрга ноябр ойи бошида, урушда бугунгача ягона бўлиб турган оташкесим эълон қилиниши арафасида ташриф буюрганди — ўшанда ўт очишни тўхтатиш режими бир ҳафта давом этган ва гаровдагиларнинг юздан ортиғи озод этилганди.
Музокараларнинг боришидан хабардор бўлган манба Reuters агентлигига айтишича, улар сулҳ ҳақидаги янги келишув доирасида ҳамон Ғазода гаровда қолаётганлардан кимларни озод этиш ва Исроил бунинг эвазига қайси маҳбусларни қайтаришини муҳокама қилишади.
Ғазо секторида тўлиқ ўт очишни тўхтатишга ҳали узоқ бўлса-да, Исроил ва ҲАМАС ўртасида ҳарбий ҳаракатларда янги танаффус бўлишининг белгилари пайдо бўлмоқда.
Фаластинлик амалдорлардан бири Ҳания Миср расмийларининг муаммога янгича ёндашув бўйича таклифларини эшитишни истаётгани айтган ва расман ҲАМАС ҳар қандай янги вақтинчалик оташкесимни рад этиши ва ҳарбий ҳаракатларни бутунлай тўхтатишни талаб қилишини қайд этган.
«ҲАМАСнинг позицияси ўзгармайди: улар ҳуманитар пауза истамайди. ҲАМАС Исроилнинг Ғазодаги уруши тўлиқ тўхтатилишини истайди. Ҳания ва ҲАМАС ҳамиша Мисрнинг саъй-ҳаракатларини юқори баҳолаган. Бугун у Исроил ёки Мисрдан янги таклифлар эшитиш учун Қоҳирада. Натижалар ҳақида гапиришга ҳали эрта», — деган фаластинлик мулозим.
Юқори мартабали исроиллик мулозим эса ҳукуматнинг уруш фақат гаровдагиларнинг барчаси озод этилиши ва ҲАМАС яксон этилиши билан якунланиши ҳақидаги позициясини такрорлаган: «Бош вазир Нетаняҳу айтганидек, уруш фақат тўлиқ ғалаба билан якунланади».
ҲАМАС устидан ҳарбий ғалаба қозонилган тақдирда ҳам у йўқ бўлиб кетмайди ва Фаластиннинг асосий сиёсий кучларидан бири бўлиб қолаверади, деган Фаластиннинг Австриядаги элчиси Салоҳ Абдушшофий.
Қизил денгиздаги вазият
Яманнинг Ансоруллоҳ ҳаракати Сувайш канали томон йўл олган Россия танкеларини монеликсиз ўтказишмоқда. Қолган барча юк кемаларини улар эгаллаб чўктириб юборишни ваъда қилишган.
Яманнинг Ансоруллоҳ ҳаракати етакчиси Абдулмалик ал-Ҳусий агар АҚШ биз билан уруш қилишни истаётган бўлса, билиб қўйсин, биз худди шуни кутиб турибмиз, деган.
«Биз Яман ҳамда АҚШ ва Исроил ўртасида юзма-юз жанг бошланишини истаяпмиз. Биз Америкадан қўрқмаймиз. Яманнинг бутун халқи уларга қарши бош кўтаради», — деган ал-Ҳусий.
Ал-Ҳусий Европа Иттифоқи ва бошқа давлатларга АҚШ билан ҳамкорлик қилмаслик ва ўз манфаатларини таҳдид остига қўймасликни ҳам маслаҳат берган.
Исроил экспертларидан бирининг айтишича, Эрон бу урушда Исроил мағлубиятга учрашини чин дилдан хоҳлайди.
«Қизил денгиздаги вазият — бу тўлақонли Эронга тегишли режа ва у бизнинг зиёнимизга хизмат қилади. Биз аллақачон Яманга қарши қандайдир чора кўришимиз керак эди», деган у.
Сўнгги икки ой ичида АҚШ ҳарбий денгиз кучларининг эсминецлари Қизил денгизда Ямандан учирилган 38 та дрон ва бир нечта ракеталарни уриб туширган. Америка 2 минг доллар қийматга эга дронларни уриб тушириш учун донаси 2 млн долларлик ракеталардан фойдаланмоқда.
Яманнинг шимолида жангчиларни Ғазо секторига жўнатиш учун умуммиллий сафарбарлик бошланиб кетган. Бу ҳақда Ансоруллоҳ ҳаракатининг сиёсий бюроси хабар қилган.
Россияни тийишга уринишлар
Германия бош прокуратураси Россиянинг 720 миллион евро миқдорида музлатилган активларини мусодара қилиш учун судга даъво аризаси киритди. Гап Москва фонд бирдасининг шуъба корхонасига тегишли бўлган ва АҚШнинг энг йирик JP Morgan банки бўлимида сақланаётган маблағлар ҳақида кетмоқда. Бу Германиядаги мусодара билан боғлиқ илк ҳолат: аввал санкция остидаги компаниялар ва шахсларнинг маблағлари фақат музлатилиб қўйилган эди.
G7, Европа Иттифоқи давлатлари ва Австралия 2022 йилда Россия Федерацияси Марказий банкининг 260 млрд евро активларини музлатган, деб ёзади Financial Times нашри. Бу пуллардан 210 миллиарди Европа Иттифоқи улушига тўғри келади, деб ёзади нашр Европа комиссияси ҳужжатларига таяниб.
АҚШ Молия вазирлиги Россия нефтига жорий этилган юқори нарх чегарасига риоя қилиш механизмини янгилади. Янги талаблар ўтган йилнинг декабр ойида юқори нарх чегарасини жорий этишни қўллаган коалиция давлатларидан ҳар сафар Россия нефти танкерларга қуйилганда ва туширилганда ўз контрагентларидан тасдиқ олишни мажбурлайди.
Европа Иттифоқи Украинадаги ҳарбий ҳаракатлар тўлиқ тугаганидан кейин ҳам Россияга қарши санкцияларни бекор қилмайди. Бу ҳақда Европа давлатларидан бирининг Брусселдаги дипломатик миссияси ходими таъкидлаган. Унинг сўзларига кўра, «Европа Иттифоқининг ҳозирги санкцияларида уларни бекор қилиш учун бирор мезон мавжуд эмас».
Россияни қўллаб-қувватлаш
Бироқ Европадан туриб Украинанинг зарари ва Россия фойдасига янграётган баёнотлар ҳам бор. Украинанинг НАТОга аъзо бўлиши — Учинчи жаҳон урушининг бошланиши, деган Словакия бош вазири Роберт Фицо масалан.
«Мен бу ҳеч қачон содир бўлмаслигига ишонаман. Токи мен словак сиёсий саҳнасига таъсир ўтказиш имкониятига эга эканман, бу қарорга мудом вето қўйиш ҳуқуқимдан фойдаланавераман», — деган Фицо.
Чехия президенти эса Украина қуролли кучлари қарши ҳужумда муваффақиятсизликка учраганини тан олди. Петр Павел Франциянинг Monde газетасига берган интервюсида қарши ҳужум операцияси кутилган натижаларга олиб келмаганини таъкидлаган.
«Фронтда ортиқ муҳим ўзгаришлар йўқ, инсон ва ҳарбий техника борасида катта йўқотишлар қайд этилмоқда, холос», — деган у.
Бир қатор ғарб давлатларининг компаниялари Россия ҳарбий саноатига станоклар ва бутловчи қисмлар етказишда давом этмоқда, деб ёзади Тhe Insider нашри. АҚШ, Япония, Жанубий Корея, Германия, Италия, Финландия, Австрия, Сербия, Эстония, Литва ва Латвиянинг бир нечта компаниялари Россиянинг мудофаа саноати компанияларига «Прорив» ва «Армата» танкларини ишлаб чиқариш учун станоклар ва бутловчи қисмлар етказишда давом этмоқда. Товарлар тўғридан тўғри эмас, учинчи давлатлар орқали харид қилинмоқда, деб ёзади нашр.
Украина янгиликлари
Украинанинг Қора денгиз орқали маҳсулот экспортига изн берувчи ғалла битимини июл ойида узайтиришни рад этган Владимир Путиннинг уринишлари бесамар кетганга ўхшаяпти. Портларни бомбалаш Украинанинг инфратузилма билан боғлиқ имкониятларини йўқ қилиши лозим эди.
Бироқ уч ой ичида Украина Москвага қараб ўтирмасдан янги йўлакни ташкил этган ва бундаги экспорт ҳажми ғалла битими давридагидан ҳам ошиб кетган. Сентябр ойи ўрталаридан буён 302 та кема 24 иа давлат 10 млн тоннадан ортиқ юк олиб кетган. Юкларнинг ярми қишлиқ хўжалиги маҳсулотлари, шунингдек хорижга металлар ва бошқа хомашёлар ҳам жўнатилмоқда. Агар дастлабки ойда 278 минг тонна юк жўнатилган бўлса, прогнозларга кўра, декабрда ҳажм 5 млн тоннадан ҳам ошади. Ғалла битими чоғида ўртача ойлик етказиш ҳажми 2,7 млн тонна бўлган бўлса, сўнгги уч ойда янги йўлак бўйича ўртача ҳажм 3,2 млн тоннани ташкил этган.
Украина 2024 йилда бориш учун энг хавфли давлатлардан бири бўлади, деб ёзади Independent нашри. Украинадан ташқари, Сурия, Ироқ, Афғонистон, Ливия, Яман, Жанубий Судан, Марказий Африка Республикаси ва Сомали огоҳлантиришнинг энг юқори даражаси — «экстремал» деб белгиланган. Исландия, Люксембург, Норвегия, Швейцария ва Дания — энг хавфсиз давлатлар деб топилган. Қайд этиб ўтиш лозим, Ўзбекистон мазкур нашр томонидан Марказий Осиёдаги туризм учун энг хавфсиз давлат деб топилган.
Блинкен нима деди?
АҚШ Украинанинг келажакдаги ривожланиши учун аниқ режага эга ва у ҳозирги даражада маюлағ ажратилишини ҳам тақозо этмайди, деган АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен.
«Бу йил жанг майдонидаги энг оғир йил бўлди, бироқ украинлар амалга ошириб бўлмас вазифани уддалашди — улар жаҳондаги энг катта армияга қарши туриб бера олишди», — деган АҚШ давлат котиби.
Блинкенга кўра, Путин Украинадаги урушда аллақачон ютқазиб бўлди, чунки у ўзининг асосий мақсади — Украинани ер юзидан супуриб ташлаш ва уни Россия томонидан ютиб юборилишини амалга ошира олмади.
«Бизнинг қўллаб-қувватлашимиз нафақат украиларга ёрдам берди, ёрдамнинг 90 фоизи шу ерда, Америкада сарфланди. Бу бизнинг мудофаа саноатимизни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилди, бироқ Амерка ёрдами Украина учун ўта муҳим», — деган Блинкен.
АҚШ ёшлари ҲАМАС томонда
АҚШ ёшлари Исроилдан кўра ҲАМАСни кўпроқ қўллаб-қувватлайди. Ҳарвард университетининг Америка сиёсий тадқиқотлар маркази ҳамда Harris Insights and Analytics томонидан 18 ёшдан 24 ёшгача бўлган америкаликлар ўртасида ўтказилган сўровномага кўра, уларнинг ярмидан кўпи Ғазо секторидаги урушда Исроилдан кўра ҲАМАСни қўллаб-қувватлаши маълум бўлди.
Мавзуга оид
13:45 / 25.12.2024
Кучли қамалда қолган Ғазо, Ҳанияни йўқ қилганини тан олган Исроил ва Россияга рад жавоби берган Судан — кун дайжести
14:14 / 24.12.2024
Ғарбий соҳилдаги оккупация, «Моссад»нинг Эронга ҳужум таклифи ва трансгендерларга қарши Трамп — кун дайжести
13:18 / 23.12.2024
Оташкесимга яқин келган Ғазо, пулини ўзгартираётган Эрон ва немис журналистларига босимлар — кун дайжести
13:59 / 21.12.2024