Жаҳон | 11:59 / 21.12.2023
5028
2 дақиқада ўқилади

Россия Мудофаа вазирлиги сафарбар қилинганларнинг хизмат муддатини чеклашдан бош тортди

Россия президенти Владимир Путин сафарбарликни якунлаш тўғрисидаги фармонни имзолаши билан сафарбар этилганларнинг ҳарбий хизмат муддати тугайди, дейилади вазирлик хабарида.

Фото: Владимир Смирнов / ТАСС

Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги Санкт-Петербург Қонунчилик мажлиси депутати Борис Вишневскийнинг сафарбар қилинган россияликларнинг хизмат муддатини бир йил билан чеклаш ҳақидаги илтимосини рад этди. Бу ҳақда 20 декабр, чоршанба куни вазирлик жавобига таяниб, «Яблоко» партиясининг Санкт-Петербург бўлими матбуот хизмати хабар берди.

Ҳужжатда айтилишича, сафарбар этилганларнинг ҳарбий хизмат муддати мамлакат президенти Владимир Путин сафарбарликни тугатиш тўғрисидаги фармонни имзолаши биланоқ тугайди. Маҳкама бошқа вариантларни «мантиққа зид» деб ҳисоблади.

Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков 2022 йил 1 ноябр куни сафарбарликни якунлаш учун Путиннинг фармони талаб қилинмаслигини айтганди. «Президент адвокатлар, ҳуқуқшунослар билан маслаҳатлашаман деди. Шуни маълум қиламизки, фармонга эҳтиёж йўқ. Шунга кўра, нуқта қўйилди. Қисман сафарбарлик якунланди. Мудофаа вазирлиги ҳарбий рўйхатга олиш бўлимларига тегишли телеграммалар юборди, унда чақирув қоғози юборишни тўхтатиш ва кейинчалик юбормаслик ҳақида айтилган», - деди Песков.

«Агора» инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Павел Чиковнинг сўзларига кўра, сафарбарликни тугатиш Россия қонунчилигида кўзда тутилмаган - ҳарбий ҳолат бундан мустасно, уни президент фармонлари билан жорий этиш ва бекор қилиш қонунда тўғридан тўғри кўрсатилган. 

Мавзуга оид