Жаҳон | 23:09 / 22.12.2023
10450
3 дақиқада ўқилади

БМТ Хавфсизлик Кенгаши Ғазода ўт очишни тўхтатиш учун шарт-шароит яратишга чақирувчи резолюцияни қабул қилди 

Шунингдек, ҲАМАС ҳаракатидан гаровдаги барчани ҳеч қандай шартларсиз зудлик билан озод қилиш талаб этилди. 

Фото: ЕРА/ТАСС

БМТ Хавфсизлик кенгаши Ғазо секторида ўт очишни тўхтатиш учун шарт-шароит яратиш ва анклавга гуманитар ёрдамнинг хавфсиз киришини таъминлашга чақирувчи резолюцияни қабул қилди. 

Резолюцияни Хавфсизлик кенгашининг 13 аъзоси ёқлаб овоз берди, АҚШ ва Россия бетараф қолди. 

Овоз беришдан олдин Россиянинг БМТдаги доимий вакили Василий Небензя резолюция лойиҳасидаги «ўт очишни тўхтатиш учун шарт-шароит яратиш» деган сўзларни «гуманитар ёрдамга хавфсиз ва узлуксиз киришни таъминлаш учун ўт очишни тўхтатиш» сўзлари билан алмаштиришни таклиф қилди. 10 та давлат ушбу тузатишни ёқлаб чиқди, 4 давлат бетараф қолди, АҚШ эса қарши овоз берди ва шу билан таклифга вето қўйди. 

Аввалроқ, БМТ анклавга гуманитар ёрдамнинг тўсиқсиз киришини таъминлаш учун Ғазо секторидаги «жанговар ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш»га чақирувчи резолюцияни тайёрлаган эди. Бироқ, АҚШ бундай матндаги резолюцияни қўллаб-қувватлай олмаслигини айтди ва шунинг учун бу банд «ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиб туриш» сўзлари билан алмаштирилди. Бироқ, Яқин Шарқ оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, якуний версияда матн «ҳарбий ҳаракатларни барқарор тўхтатиш учун шарт-шароит яратиш» сўзларига ўзгартирилди. 

Муҳокама мавзусига айланган яна бир масала, БМТнинг Ғазо секторига кириб келаётган гуманитар ёрдам ва унинг тақсимотини кузатиш механизмини яратиш чақириғи бўлди. Якунда, бу таклиф «БМТ Бош котибига инсонпарварлик ёрдамини кузатиш учун юқори даражали гуманитар координаторни тайинлаш ҳуқуқини бериш»га ўзгартирилди. 

Резолюцияда, шунингдек, ҲАМАС ҳаракатига гаровдаги барчани ҳеч қандай шартларсиз зудлик билан озод қилишга чақириқ бор. Бундан ташқари, резолюция Хавфсизлик Кенгашининг барча томонларни халқаро гуманитар ҳуқуқни ҳурмат қилишга чақирувини такрорлайди. Тинч аҳолини ҳимоя қилиш ва уларнинг яшаши учун зарур бўлган инфратузилмани, хусусан, шифохоналар, мактаблар, ибодатхоналар ва БМТ объектларини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Мавзуга оид