Жаҳон | 16:11 / 22.12.2023
12068
5 дақиқада ўқилади

Киевга яна дронлар ҳужуми ва Донецк ўққа тутилиши оқибатлари. Уруш суратлари

Украинада урушнинг 666-куни ўтди. Асосий маълумотлар:

  • Украина мудофаа вазири Рустем Умеров мамлакатдан кетган эркаклар сафарбар қилиниши режаси ҳақида айтди. Кўп ўтмай вазирликдагилар кун тартибида бундай масала йўқлигини маълум қилди.
  • Владимир Путин 2024 йилги кузги чақирувни ҳарбий хизмат мажбурияти остида бўлганларнинг ягона реестри орқали ўтказиш ва электрон чақирув қоғозларидан фойдаланиш бўйича топшириқ берди.
  • Украинанинг Днипропетровск области Никопол шаҳри ўққа тутилиши оқибатида икки аёл ҳалок бўлди.
  • Путин аннексия қилинган ҳудудларда «Украина тажовузидан жабрланган» болалар учун 100 минг рублдан тўлов тўлаш тўғрисидаги фармонини имзолади.
  • Москва ҳукумати «махсус амалиёт шароитида» Янги йил салютлари отилмаслигини маълум қилди. Байрам мушакбозлиги қаторасига иккинчи йил бекор қилинмоқда. Бундан ташқари, ўтган йили ҳам бўлгани каби Кремлда янги йил қабули ўтказилмайди.

Россия дронларининг Киевга ҳужуми

22 декабрга ўтар кечаси Россия қўшини учувчисиз учар қурилмалар билан Киевга ҳужум қилди. Мэр Виталий Кличко шаҳар ғарбидаги Соломенск районида уриб туширилган дрон парчалари кўп қаватли уйга шикаст етказгани ҳақида маълум қилган: 24-, 25- ва 26-қаватлар оралиғидаги кўтариб турувчи деворлар қисман вайрон бўлган. Икки киши жароҳат олган.

Украина ФВДХ маълумотига кўра, яна бир дрон парчалари Киев жануби-ғарбидаги Голосеевский районидаги кўп қаватли уй устига тушган. Бу ерда жабрланганлар йўқ. Днипронинг сўл соҳилидаги Дарницкий районига учинчи дрон парчалари тушиши туфайли охиригача қуриб битказилмаган хусусий уйда ёнғин чиққан. Бу ерда ҳам жабрланганлар қайд этилмаган.

Украин ҳарбийлари прожекторлар ёрдамида Киев осмонидан дрон қидирмоқда
Gleb Garanich / Reuters / Scanpix / LETA
Дрон парчалари тушиши оқибатида турар жой деворида ҳосил бўлган ўйиқ
Украина ФВДХ / EPA / Scanpix / LETA
Дрон парчалари тушган кўп қаватли уйлардан биридаги квартиранинг кўриниши
Kyiv City Military Administration / EPA / Scanpix / LETA
Киевда Россия дронлари ҳужуми вақтида шикастланган кўп қаватли уйлардан бири
Evgeniy Maloletka / AP / Scanpix / LETA

Бахмут атрофидаги украиналик дрон операторлари 

Украина қуролли кучлари 92-алоҳида штурмчи бригадаси жанговар ротаси жангчилари «Вампир» дронини Россия қўшинининг Бахмут яқинидаги позицияларига учиришга тайёрланмоқда. «Вампир» дронлари 2022 йилда Украинанинг SkyFall компанияси томонидан ишлаб чиқарилган. Украинанинг «Фокус» нашри аниқлик киритишича, «Вампир» 15 килограммгача миқдордаги ўқ-дорини олиб 400 километргача учувчи гексакоптердир. Украина қуролли кучлари «Вампир»лар ёрдамида душманга турлича ўқ-дорилар — термобарик, кумулятив ва осколкали-фугасли ўқ-дорилар билан ҳужумлар уюштиради.
Inna Varenythsia / Reuters / Scanpix / LETA
Украиналик аскар «Вампир» дронига парвоздан олдин ўқ-дори боғламоқда
Inna Varenythsia / Reuters / Scanpix / LETA
Россия позицияларига ҳужум қилишдан олдин ўқ-дориларни тайёрлаш жараёни
Inna Varenythsia / Reuters / Scanpix / LETA
Дронни учириш вақти
Inna Varenythsia / Reuters / Scanpix / LETA
Украина ҚК жангчилари Бахмут атрофидаги позицияда туриб дронларни бошқармоқда
Inna Varenythsia / Reuters / Scanpix / LETA

Донецк ўққа тутилиши

21 декабр куни кечқурун украин қўшини оккупация остидаги Донецкка ҳужум қилди. Шаҳардаги уч район зарба остида қолган: Куйбишев, Петровск ва Киев районлари. Газ узатиш қувури, электр узатиш линияси ва бир қанча турар жой бинолари шикастланган. Донбассда сулҳга эришиш бўйича назорат ва кординация қўшма маркази (СЦКК) маълумотига кўра, тинч аҳоли вакиллари бўлган уч киши жароҳатланган, улар орасида 16 ёшли қиз ҳам бор. 

Украина қуролли кучлари зарбасидан кейин Донецк кўчаларидан биридаги полициячи
Alexander Ermochenko / Reuters / Scanpix / LETA

Мавзуга оид