Иқтисодиёт | 19:53 / 22.12.2023
22234
5 дақиқада ўқилади

Олтин экспорти 8,1 млрд долларга етди, ташқи савдодаги дефицит 11 млрд долларга яқинлашди – Ўзбекистон ташқи савдоси шарҳи

Жорий йилнинг 11 ойида Ўзбекистон 8,1 млрд доллар қийматидаги олтин сотди. Бу рекорд кўрсаткич ҳисобланиб, ўтган йилга нисбатан 2,3 баробарга кўп. Мамлакат ташқи савдо айланмасининг нисбатан салмоқли қисми Хитой (21,3 фоиз), Россия (15,5 фоиз), Қозоғистон (7 фоиз), Туркия (5 фоиз) ва Жанубий Корея (3,7 фоиз) билан қайд этилган.

Фото: Bloomberg

Статистика агентлиги Ўзбекистоннинг 2023 йил январ-ноябр ойларидаги ташқи савдо айланмасига доир маълумотни эълон қилди.

Қайд этилишича, ҳисобот даврида республика ташқи савдо айланмаси (ТСА) 57,3 млрд долларга етган. Бунда экспорт ҳажми 23,2 млрд долларни, импорт ҳажми эса 34,1 млрд долларни ташкил этган. Ўтган йилнинг мос даври билан таққослаганда экспорт ҳажми 30,6 фоизга, импорт ҳажми 23,3 фоизга ошган. Ташқи савдо салбий салдоси эса 10,9 млрд долларга етган.

Хитой Ўзбекистоннинг энг йирик савдо шериги сифатидаги ўрнини сақлаб қолган. Ҳисобот даврида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 12,2 млрд долларга етган. Бу республика умумий ташқи савдо айланмаси ҳажмининг 21,3 фоизини ташкил қилади. Шунингдек, ташқи савдо айланмасининг салмоқли қисми Россия (15,5 фоиз), Қозоғистон (7 фоиз), Туркия (5 фоиз) ва Жанубий Корея (3,7 фоиз) билан қайд этилган.

2023 йилнинг январ–ноябр ойларида Ўзбекистон ташқи савдо айланмасида энг юқори улушга эга бўлган топ-10 давлат:

●     Хитой – 12,2 млрд доллар;

●     Россия – 8,8 млрд доллар;

●     Қозоғистон – 4 млрд доллар;

●     Туркия – 2,8 млрд доллар;

●     Корея – 2,1 млрд доллар;

●     Туркманистон – 970 млн доллар;

●     Германия – 962 млн доллар;

●     Қирғизистон – 878 млн доллар;

●     Франция – 832 млн доллар;

●     Афғонистон – 784 млн доллар.

Ташқи иқтисодий фаолият бўйича 20 та йирик ҳамкор давлатдан фақатгина учта мамлакат – Афғонистон, Қирғизистон ва Тожикистон билан ижобий ташқи савдо баланси кузатилган. Қолган 17 та давлат билан пассив ташқи савдо баланси сақланиб қолган.

Экспорт

11 ой давомида олтинсиз экспорт атиги 5,7 фоизга ўсиб, 15,05 млрд долларни ташкил этган. Яъни январ-ноябр ойидаги экспорт ҳажмининг 30,6 фоизга ошиши бевосита олтин сотишнинг кўпайгани билан боғлиқ. Мазкур даврда 8,1 млрд долларлик олтин экспорт қилинган. Бу рекорд кўрсаткичдир.

Маълумот учун, 2022 йилда 4,1 млрд долларлик, 2021 йилда 4,1 млрд долларлик, 2020 йилда 5,8 млрд долларлик, 2019 йилда эса 4,9 млрд долларлик олтин сотилган.

Шунингдек, умумий экспорт таркибида саноат маҳсулотларининг улуши 22,3 фоиздан 16,2 фоизга, озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар улуши 8,3 фоиздан 7,1 фоизга, кимёвий воситаларнинг улуши эса 7 фоиздан 5,2 фоизгача қисқарган. Ўз навбатида олтин экспортининг улуши 19,9 фоиздан 35,1 фоизгача ошган.

2023 йилнинг январ-ноябр ойларида хорижга қиймати қарийб 1,1 млрд долларга тенг бўлган 1,6 млн тонна мева ва сабзавотлар экспорт қилинган Бу кўрсаткич 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 1,4 фоизга ёки 23,1 минг тоннага кўп. Мева-сабзавот маҳсулотларининг асосий экспорт бозорлари Россия (37,6 фоиз), Покистон (16,5 фоиз), Хитой (12,7 фоиз) ҳамда Қозоғистон (10,4 фоиз) давлатлари ҳиссасига тўғри келган.

2023 йилнинг 11 ойида Хитойга амалга оширилган экспорт ҳажми 9,6 фоизга, Туркияга маҳсулот сотиш эса 22,5 фоизга қисқарган. Ўз навбатида Россияга экспорт ҳажми 4,9 фоизга, Қозоғистонга 0,4 фоизга ошган.

Импорт

Импорт таркибида энг катта улуш, машиналар ва транспорт асбоб-ускуналари (38,8 фоиз), саноат товарлари (16,8 фоиз) ҳамда кимёвий воситалар ва шунга ўхшаш маҳсулотлар (13 фоиз) ҳисобига тўғри келган.

Ўз навбатида автомобиллар импорти 1,56 млрд долларга (2,2 баравар), эҳтиёт қисмлари импорти 1,34 млрд долларга (16,8 фоиз ошиш), самолётлар ва бошқа учувчи аппаратлар импорти эса 753,6 млн долларгача (3,4 баробар ошиш) кўпайган.

Ёқилғи маҳсулотларининг экспорти ва импорти

Ҳисобот даврида Ўзбекистон 562 млн долларлик газ импорт қилди, бу 2022 йилнинг мос даври билан таққослаганда, 2,1 баробарга кўп. Ўз навбатида мазкур даврда газ экспорти 44,6 фоизга ёки 509 млн долларгача қисқарган.

Шунингдек, 11 ой давомида 189 млн долларлик кўмир импорт қилинган, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 78 фоизга кўп. 

Январ-ноябр ойларида 109 млн долларлик электр токи сотиб олинган (камайиш – 10,2 фоиз) ва 62,8 млн доллар қийматидаги электр энергияси (камайиш – 45,8 фоиз) экспорт қилинган. 

Нефт ва нефт маҳсулотларининг экспорти 2,1 баробарга ошиб, 297 млн долларни, импорти эса 26,9 фоизга кўпайиб, 1,38 млрд долларни ташкил қилган.

Мавзуга оид