АҚШ Россия мудофаа саноатига ёрдам берган молия институтларига қарши санкциялар киритиши мумкин
АҚШ президенти Байденнинг фармони, агар молиявий институтлар Россия ҳарбий-саноат комплекси манфаатларини кўзлаб операцияларни амалга оширган бўлса, уларга нисбатан санкциялар қўллаш мумкинлигини кўрсатади.
АҚШ президенти Жозеф Байден 22 декабр, жума куни хорижий молия институтлари Россия ҳарбий-саноат комплекси манфаатларини кўзлаб, Россиянинг Украинага қарши ҳаракатларини қўллаб-қувватласа, уларга нисбатан санкциялар қўллаш имконини берувчи фармонни имзолади. Вашингтоннинг Россия мудофаа саноати манфаати йўлидаги фаолият учун санкциялар рўйхатига киритилган «ҳар қандай шахс манфаатларини кўзлаб ёки номидан муҳим операцияларни» амалга оширган ёки бундай операцияларни амалга оширишга ёрдам берган, амалга оширишга ҳисса қўшган молиявий институтлар чекловларга дуч келиши мумкин, дейилади ҳужжатда.
Бундан ташқари, операцияларни амалга оширадиган ёки «Россия ҳарбий-саноат базаси билан боғлиқ ҳар қандай хизматларни, шу жумладан тўғридан тўғри ва билвосита сотиш, етказиб бериш ёки Россия Федерациясига ҳар қандай товарлар ёки товарлар синфини ўтказиш» билан боғлиқ молиявий институтлар жазога тортилиши мумкин.
Тақиқларни бузгани учун бу банклар АҚШ молия тизимидан узилиши мумкин. Санкциялар, хусусан, ҳисобрақам очишни тақиқлаш ёки улардан фойдаланишни чеклаш, шунингдек, бундай ташкилотларнинг Қўшма Штатлардаги мулкини блоклашни ўз ичига олади.
Шу билан бирга, Оқ уй раҳбари Россиядан балиқ ва денгиз маҳсулотларининг айрим тоифаларини, шунингдек, Россия Федерациясидан олмосларни АҚШга олиб киришни тақиқлади. Ушбу товарларни ўз ичига олган маҳсулотларни импорт қилиш ҳам чекланган.
Молия вазирлиги раҳбари Россияга қарши санкцияларни четлаб ўтиш хавфи ҳақида огоҳлантирди
Вашингтон ва ҳамкорлар томонидан киритилган чекловлар натижасида Москва санкциялардан қочиш ва ҳарбий ишлаб чиқариш учун муҳим товарларни сотиб олишни давом эттириш учун учинчи мамлакатларга маълум савдо ва молиявий оқимларни тобора кўпроқ ўтказмоқда, дея маълум қилди АҚШ молия вазири Жанет Йеллен. Қўшма Штатлар молия институтлари Россия Федерациясига қарши санкцияларни четлаб ўтишда иштирок этмаслик учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширишини кутмоқда, дея қўшимча қилди Молия вазирлиги раҳбари. «Биз Россия уруш машинаси таъминотига ёрдам берадиган молиявий институтларга қарши қатъий ва мақсадли чоралар кўриш учун янги воситалардан фойдаланишдан тўхтамаймиз», деди Йеллен.
Мавзуга оид
22:10 / 16.11.2024
Абхазияда тўполон: маҳаллий аҳоли Россия билан келишувдан норози
21:19 / 16.11.2024
Трамп Оқ уй тарихидаги энг ёш матбуот котибини тайинлади
20:17 / 16.11.2024
Санкциялар Россиянинг йирик газ лойиҳасини чўктириб юбормоқда — ОАВ
18:18 / 16.11.2024