Ўзбекистон | 15:12 / 23.12.2023
6040
2 дақиқада ўқилади

ОАВ: Хива ислом дунёси туризм ландшафтида алоҳида ўрин эгаллашга ҳозирланмоқда

Малайзиянинг BERNAMA миллий ахборот агентлигида "Хива 2024 йилда ислом дунёсининг туризм пойтахти брендини илгари суриш бўйича улкан режаларини эълон қилди" сарлавҳали мақола нашр этилди.

Фото: Kun.uz

"Дунё" хабарига кўра, мақолада Хива шаҳри ўзининг бой меъморий мероси ва жўшқин маданиятини намойиш этиш мақсадида 2024 йилда ислом дунёсининг туризм пойтахти бўлишга ҳозирлик кўраётгани қайд этилган.

"Қарор Ислом ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) вазирлар кенгашининг 2022 йилда Бокуда бўлиб ўтган йиғилишида қабул қилинган эди, - дейилади мақолада. - Ўзбекистон ҳукумати зиёрат, маданий ва ишбилармонлик туризми салоҳиятини ривожлантириш мақсадида 2024 йилда ўтказилиши лозим бўлган бир қатор юқори даражадаги тадбирларни белгилаб берди".

Нашрда маълум қилинишича, Хива 2500 йил аввал асос солинган, Ўзбекистондаги энг қадимий шаҳарлардан бири сифатида танилган. 1990 йилда ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган қадимий Ичан қалъа Ипак йўли бўйлаб яхши сақланиб қолинган ўрта аср иншоотларидан бири ҳисобланади.

"Ташриф буюрувчилар лабиринтли кўчаларда сайр қилиш, баланд миноралар ва безакли масжидларни томоша қилиш чоғида ўтмишга қайтади, - деб ёзади агентлик. - Хива нафақат моддий мероси, балки ЮНEСКО томонидан инсоният номоддий маданий меросининг ажралмас қисми сифатида эътироф этилган Хоразм рақси — "Лазги" каби миллий қадриятлари билан ҳам машҳур. Хоразм ошхонаси, жумладан, "Тухум барак" ва маҳаллий балиқдан тайёрланган ноёб таомлар минтақанинг ўзига хос маданиятини тушуниш имконини беради".

Мақола хулосасида, "Хива ўзининг тарихий жозибаси, бетакрор маданий мероси ва ўзига хос ошхонаси билан жаҳон аудиториясини забт этиш баробарида, ислом дунёсининг туризм ландшафтида алоҳида ўрин эгаллашга ҳозирланмоқда", - деб ёзган BERNAMA агентлиги.

Мавзуга оид