Ўзбекистон | 14:00 / 23.12.2023
17107
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда барча ОТМ таълим йўналишларига янги фан киритилиши кутиляпти

2025-2026-ўқув йилидан бошлаб “Жисмоний тарбия ва спорт” фани мулкчилик шаклидан қатъий назар, республикадаги барча олий таълим муассасаларининг таълим йўналишларига жорий этилади.

Фото: ttatf.uz

"Сурхондарё вилоятида ёшларни спортга жалб қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги президент қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Сурхондарё вилоятида байдарка ва каноэда эшкак эшиш спорт турларини ривожлантириш мақсадида Ўзбекистон ROWING & CANOE федерациясига ҳудудий бўлинмасини ташкил этиш тавсия этилади.

Сурхондарё вилояти ҳокимлиги Ёшлар сиёсати ва спорт вазирлиги билан биргаликда:

2024 йил 1 декабрга қадар Термиз туманидаги “Учқизил” сув омборида байдарка ва каноэда эшкак эшиш халқаро спорт базаси ташкил этилишини ва фойдаланишга топширилишини таъминлайди;

спорт таълим муассасалари ихтиёридаги спорт иншоотлари ва сузиш ҳавзаларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш, спорт таълим муассасаларида эҳтиёжга кўра қўшимча спорт турлари ва гуруҳларини очиш, юқори малакали ва тажрибали мураббийларни жалб этиш, спорт натижадорлигини ошириш чораларини кўради.

Белгилаб қўйилишича:

а) 2024-2025-ўқув йилидан бошлаб, тажриба сифатида Сурхондарё вилоятидаги барча олий таълим муассасалари таълим йўналишларининг ўқув режасига “Жисмоний тарбия ва спорт” фани киритилади;

б) 2025-2026-ўқув йилидан бошлаб “Жисмоний тарбия ва спорт” фани мулкчилик шаклидан қатъий назар республикадаги барча олий таълим муассасаларининг таълим йўналишларига жорий этилади;

барча олий таълим муассасалари (шу жумладан, хорижий ва нодавлат) талабалари ўртасида жисмоний тарбияни оммалаштириш, улар орасида иқтидорлиларини аниқлаш мақсадида жисмоний тайёргарлик даражаси ривожланган энг яхши олий таълим муассасаси номинацияси бўйича “Талабалар жисмоний тайёргарлиги ривожланган энг яхши олий таълим муассасаси” кўрик-танлови ўтказиш тизими йўлга қўйилади.

Мавзуга оид