Ўзбекистон | 11:40 / 23.12.2023
15502
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда яна бир яшил ҳудуд ўраб олинди. Ундаги дарахтлар кесиб ташланган бўлиши мумкин

Ўраб олинган ҳудуд Юнусобод туманида, Шаҳристон метро бекати ва Тошкент телеминораси ўртасидаги чорраҳа ёнгинасида жойлашган. Фуқаролар юборган суратлардан у ерда аввал дарахтзор бўлгани, ҳозир улар кесиб ташланганини кўриш мумкин.

Тошкент шаҳрида қурилиш сабаб яна дарахт кесилди. Бу ҳақда Kun.uz’га ўша ҳудудда яшовчи бир нечта фуқародан мурожаат келиб тушди.

Мурожаатда айтилишича, Юнусобод туманининг Шаҳристон маҳалласи ҳудудида жойлашган “UNG Petrol” АЁҚШ олдидаги яшил ҳудуд ўраб олинган ва дарахтлар бирин-кетин кесиб ташланмоқда.  

“Шаҳарда ҳар бир дарахтни асраш муҳим бўлиб турган бугунги пайтда билдирмасдан кесиб, йўқ қилиб юборишмоқда. Бунга ким жавоб беради?” дейилади мурожаатда.

АЁҚШ ёнидаги мазкур ҳудудда яқингача кўплаб дарахт бўлган.

Аммо ҳозирда эса ушбу майдон қурилиш учун ўраб олинган ва дарахтлар деярли кўринмайди. Ўраб олинган конструкция (тўсиқ)ларда лойиҳа ҳақида кўргазмали маълумотлар жойланмаган.

Kun.uz ҳолат юзасидан “Ўзбекнефтгаз” АЖ матбуот хизмати билан боғланди. Маълум қилинишича, ушбу яшил ҳудуд “Ўзбекнефтгаз” АЖга қарашли эмас. Бироқ АЁҚШ ходимлари томонидан ҳудуднинг тозалиги ва у ердаги дарахтларга қараб келинган. Яқинда бир тадбиркор келиб, бу ер унга тегишли эканини, қурилиш қилмоқчилигини айтган ҳамда яшил ҳудудни ўраб олган.

Ҳокимлик ва экологияга масъул идоралардан изоҳ кутиб қоламиз.

Олдинроқ пойтахтнинг Чилонзор туманида ҳам 29 туп кўп йиллик дарахт кесиб ташланганди.

Мавзуга оид