Йўқотилган пуллар, ишсизлик ва стресс – Ўзбекистондан Янги Зеландияга борган ўзбеклар нимага чув тушди?
Соатига 28 доллар топиш орзусида Янги Зеландияга борган ўзбеклар бошқа бир ўзбекистонлик томонидан юритиладиган “Zero Max Line” компаниясига 10 минглаб доллар миқдорида пул бериб, алданиб қолишган. Бошида берилган қоп-қоп ваъдалар бажарилмасдан, 7 эркак ишсиз, пулсиз, овқатсиз қолдирилган.
“Махинация”нинг бошланиши
Янги Зеландия нашрларидан бири, Stuff’нинг ёзишича, Ангрен шаҳрида яшовчи 7 нафар ўзбек уй-жойларни ички таъмирлаш ишлари (молярка) хизматини кўрсатувчи “Zero Max Line” компанияси бошлиғи Шерзод Носиров томонидан ишга таклиф қилинган.
Бу эркаклар бир ҳудудда яшашса ҳам, бир-бири билан таниш бўлмаган, аммо уларнинг ҳаммаси Шерзод Носировни билган. Чунки Носировнинг ўзи ҳам асли ангренлик экани айтилмоқда.
Қайд этилишича, компания раҳбари иш топиб беришни, соатига 28 доллар тўлашни ваъда қилиб, йигитлардан Янги Зеландияга келишларини сўраган. Ўзбекистонда соатига ўртача 2 доллар атрофида пул топилишини ҳисобга олсак, ҳамюртларимиз учун юқоридаги таклиф жуда жозибадор бўлиб кўрингани ва унга рози бўлишган. Маълумотларга кўра, Носиров ҳатто йигитлардан бирини уйи ва бошқа мол-мулкини сотишга, Зеландияга келишга кўндира олган.
Кейинроқ 7 кишидан Носиров 10 минг АҚШ доллари миқдорида “облигация” ҳамда виза тўловлари учун 2 500 дан 3 500 гача АҚШ долларида бадал талаб қилган. Ваҳоланки, иш билан таъминлаш учун фуқаролардан товон ундириш Ўзбекистонда ҳам, Янги Зеландияда ҳам тақиқлаган.
Эркакларнинг ҳеч бири инглиз тилини билмаган, бири ички ишлар ходими бўлгани, яна бошқаси эса талаба экани ҳам айтилади. Уларнинг барчасига аккредитацияланган иш берувчи (“Zero Max Line”)нинг ишчи визаси схемаси доирасида виза берилган.
Зеландияга кетиб бошланган стресс
Йигитлар бир амаллаб пул топиб, Янги Зеландияга келиб олишгач ҳам уларда баъзи нарсалар учун пул сўраш ҳолатлари учраган. Орадан кўп ўтмай, уларга ҳафтасига атиги 20 соат ишлаш кафолатлангани ҳақидаги хатлар берилиб, унга имзо чекишлари сўралган (визаларда эса уларга 40 соатлик иш берилиши кераклиги аниқ кўрсатилган). Ишчилар инглиз тилини билмагани учун шу ҳужжатга имзо чекканини таъкидлаган.
Шунинг учун йигитларга берилган маош ва ажратилган иш соатлари жуда хилма-хил бўлган. Носиров ўшанда уларга уйдаги таъмирлаш ишида ҳар бир квадрат метр қилинган иш учун 3,5-4 доллар тўлашини айтган. Аммо улар ҳатто Ўзбекистонда ҳам бундан яхшироқ пул топишларини билдиришган.
Масалан, Сирожиддин Усмоновнинг иш варақасида икки ҳафтада 30 соатлик иш учун атиги 840 долларгача маош олиши кўрсатилган. Ибрат Хатамовга эса тажриба орттириш учун бир ой текин ишлаши айтилган. Унинг айтишича, йигит оиласининг визаси учун қўшимча 2 минг 500 доллар тўлаган, лекин уларни олиб келолмаган.
Жамоа аъзоси бўлган Ҳамидулло Эсаналиев Янги Зеландияда бир неча ой бўлгач, таътил вақтида Ўзбекистонга қайтган. Унинг сўзларига кўра, Носиров ўшанда унга ҳам уйи ва мол-мулкини сотиб, қайтишни маслаҳат берган. Лекин Эсаналиев маоши борлиги сабаб қайтиб бормасликка қарор қилган. Ваҳоланки, Носиров ундан 2 500 АҚШ долларида гаров ундирган ва уни қайтариб бермаган.
“Аввалига унинг ёмон нияти бор деб ўйламагандим. Ҳозирги иш муносабатларини ҳам ҳақиқий деб ҳисобламайман, унинг ягона мақсади бизни эксплуатация қилиш орқали пул ишлаш эди”, – дейди Эсаналиев. Таъкидланишича, Ҳамидулло Янги Зеландияга қайтиб бормаслигини айтгач, Носиров билан Тelegram тармоғидаги ёзишмаларнинг ҳаммаси ўчириб юборилган.
Тўсатдан ғойиб бўлган иш берувчи, умидсиз қолган ишчилар
Ишдаги адолатсизлик, меҳнатларининг паст баҳоланишларидан норози бўлган 6 нафар ўзбек ижтимоий тармоқларга мурожаатлар йўллаган. Шундан кейин улар билан Янги Зеландия Иммиграция хизматининг собиқ ходими, адвокат, рус тилида гаплаша оладиган Стивен Вествуд алоқага чиқиб, йигитларнинг вакили бўлишга рози бўлган.
14 август куни ишчилар ишдан кетишлари, уйга қайтишларини билдириб, Носиров билан суҳбатлашган. Аммо у ишдан кетиш ҳақидаги аризаларни бекор қилган. Шу билан Носиров компаниясини сентябр ойида тугатаётганини маълум қилган. Бу эса ишчиларнинг автоматик равишда ишсиз қолганини билдиради.
Янги Зеландия ҳукумат газетаси ва нуфузли конституциявий ёзувлар журналининг расмий сайтида эълон қилинган маълумотга қаралса, чиндан ҳам 2023 йил 13 сентябрь ойида “Zero Max Line” компанияси ликвидация қилинаётгани ҳақидаги маълумотни кўриш мумкин.
Вествуднинг таъкидлашича, компания ликвидатори Муҳаммад Жан “Zero Max Line”нинг эркаклар билан боғлиқ низосидан бохабар бўлмаган. Шундан сўнг, ишчиларга компания тугатилаётгани сабабли ишсиз қолишаётгани ҳақида хат юборилган.
Шу зайлда ҳамюртларимиз ишсиз, пулсиз ва ҳатто кейинчалик озиқ-овқатсиз қолиб кетишган. Оқибатда тушкунликка тушиб, кимга мурожаат қилишни ҳам билмаган.
Очиқ маълумотлар базасига таянилса, Янги Зеландияда Ўзбекистоннинг дипломатик ваколатхонаси мавжуд эмас.
ОАВга мурожаат ва олинган ёрдам
Янги Зеландия иммиграция хизматининг кўмаги билан юртдошларимиз Stuff нашрига мурожаат қилган ва уларнинг шикоятлари ҳақидаги материал эълон қилинган. Шундан сўнг, уларнинг барчаси иш билан таъминланган ва мигрантларни эксплуатация қилишдан ҳимояланиш визаларига (МEПВ) эга бўлишган. Ҳатто доимий иш топишлари учун олти ой муҳлат ҳам берилган. Қолаверса, шу давлатдаги яна 2 нафар ўзбекистонлик, Аброр Раззоқов ва Баҳриддин Абдиевга ҳам ёрдам берилган.
Аммо Янги Зеландия иммиграция хизматининг огоҳлантириш хатига қарамай, “Zero Max Line” раҳбари Шерзод Носиров ҳамон жазосиз қолмоқда. Ҳозирда у бошқа чет давлатда экани айтилмоқда.
Дилшода Шомирзаева тайёрлади
Мавзуга оид
18:22 / 24.12.2024
Россиядаги мигрант болаларга рус тили имтиҳони қачондан бошланиши белгиланди
17:05 / 24.12.2024
АҚШда сўнгги 4 йилда 749 нафар ўзбекистонлик ҳибсга олинди
17:57 / 23.12.2024
Қозоғистонда йўлда бузилиб қолган автобусдан ўзбекистонликлар қутқарилди
17:17 / 23.12.2024