Жаҳон | 15:07 / 25.12.2023
10530
4 дақиқада ўқилади

Исроилнинг қочқинлар лагерига йўллаган зарбаси оқибатида 70 киши ҳалок бўлгани хабар қилинди

Исроил ҳарбийлари бу маълумот текширилаётганини маълум қилган.

Фото: AP

ҲАМАС назорати остидаги Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилишича, Исроил сектор марказий қисмидаги Ал-Мағозий қочқинлар лагерига зарба йўллаган. Вазирлик маълумотига кўра, ҳужум оқибатида камида 70 киши ҳалок бўлган.

Вазирлик вакили Ашраф Ал-Қудранинг маълум қилишича, ушбу ҳудудда аҳоли тиғиз яшагани инобатга олинса, қурбонлар сони катта эҳтимол билан ошиб боради.

Исроиллик ҳарбийлар BBC нашрига зарба ҳақида келиб тушаётган маълумотлар ўрганилаётганини билдирган.

Зарба ҳақидаги дастлабки хабарлар Исроилдаги ва араб нашрлари Ғазо сектори билан чегарадош ҳисобланган Миср Исроил ва ҲАМАС ўртасида ўт очишни тўхтатиш бўйича янги таклифини илгари сургани ҳақида ёзиши ортидан кела бошлади.

Хабар қилинишича, ўнлаб ярадорлар Ал-Мағозийдан Ал-Ақсо шифохонасига етказилган. Ҳоспиталда олинган кадрларда юзи қонга беланган болаларни ва жасадлар учун қопларни кўриш мумкин.

Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги вакили Ашраф Ал-Қудранинг сўзларига кўра, зарба оқибатида аҳоли тиғиз яшовчи квартал вайрон бўлган.

Фото: Getty Images

Маҳаллий аҳоли вакилларидан бири зарба оқибатида қизи ва набирасини йўқотганини айтган ҳамда унинг оиласи Ғазонинг шимолий ҳудудидан хавфсиз жой қидириб сектор марказига қочиб келган бўлганини қўшимча қилган.

«Улар бинолардан бирининг учинчи қаватида туришарди. Девор уларнинг устига қулади. Набирам, қизим, унинг эри — барчаси ҳалок бўлишди», — деган у.

«Биз барчамиз нишонмиз. Тинч аҳоли вакиллари таъқиб қилинмоқда. Хавфсиз жойнинг ўзи йўқ. Улар бизга Ғазони тарк этиш кераклигини айтишганди — энди биз ўлиш учун сектор марказига келганмиз», — дея қўшимча қилган у.

Фаластин Қизил Ярим ой жамияти маълум қилишича, Исроилнинг «интенсив» авиазарбалари Ал-Мағозий ва бошқа иккита қочқинлар лагери — Ал-Бурайж ва Ан-Нусейрат ўртасида асосий йўллар ёпилишига олиб келган — «тез ёрдам машиналари ва қутқарув жамоалари ҳаракатига тўсқинлик қилмаслик учун».

Исроиллик ҳарбийлар BBC сўровига жавобан «Ал-Мағозий лагерида содир бўлган ҳодиса бўйича маълумот олингани»ни маълум қилган.

«Ғазонинг тинч аҳоли яшайдиган ҳудудларида ҳаракатланаётган ҲАМАС террорчилари томонидан юзага келтирилган муаммоларга қарамай, ЦАҲАЛ [Исроил мудофаа кучлари] халқаро ҳуқуққа, жумладан, тинч аҳолига зарарни минималлаштириш бўйича амалий чоралар кўришга содиқдир», — дея қўшимча қилинган ЦАҲАЛ баёнотида.

Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, 7 октябрдан буён секторда 20 000 дан ортиқ киши (асосан болалар ва аёллар) ҳалок бўлиб, 54 000 минг киши яраланган. Исроилда 1 200 киши ҳалок бўлган, яна 240 киши гаровга олинган.

Якшанба куни Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу ҳозирги уруш унинг мамлакатига «жуда қимматга тушаётгани», аммо унда курашни давом эттиришдан бўлак йўл йўқлигини айтганди.

ЦАҲАЛ маълумотларига кўра, жума кунидан буён Ғазо секторида ўндан ортиқ аскар ҳалок бўлиб, амалиёт бошланганидан буён ҳалок бўлган ҳарбийлар сони 156 нафарга етди.

Мавзуга оид