Ўзбекистон | 17:15 / 25.12.2023
35735
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда 13 ёшли қизни зўрлаган ИИБ ходими 15 йилга қамалди

Ҳодиса 2023 йил июл ойида содир бўлган ва Тошкент шаҳри Яшнобод тумани ИИБда участка нозири вазифасида ишловчи шахс 13 ёшли қизнинг номусига текканликда гумонланиб ҳибсга олинганди.

Тошкент вилоятида 13 ёшли қизнинг номусига тегишда айбланган 31 ёшли ИИБ ходими суд ҳукми билан 15 йилга озодликдан маҳрум этилган. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби хабар бермоқда.

2023 йил 25 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Бўстонлиқ туман судида М. Ж.га оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинган. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби хабар бермоқда.

Ушбу жиноят иши жиноят ишлари бўйича Бўстонлиқ туман судининг судяси Ж. Хожаев раислигида Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси (судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) талабларига мувофиқ ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилди.

Миробод тумани ИИО ФМБ 3-сон ИИБ ҲПБ профилактика инспектори бўлиб ишлаган 31 ёшли М.Ж. 2010 йилда туғилган З. Д.га нисбатан Жиноят кодексининг 118-моддаси (номусга тегиш) 4-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 15 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Бундан ташқари, суд томонидан Жиноят-процессуал кодексининг 417-моддаси (жиноий жавобгарликка тортилмаган шахс томонидан жиноят содир этилганини кўрсатувчи ҳолатлар аниқланганда суднинг ҳаракатлари) тартибида М. Ж.га 14 ёшга тўлмаган шахснинг номусига тегиш учун шарт–шароит яратиб берган Ш. А., М. З. ва Ф. М.га нисбатан Жиноят кодексининг 131-моддаси (қўшмачилик қилиш ёки фоҳишахона сақлаш) 4-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатиш масаласини ҳал қилиш учун Бўстонлиқ тумани прокурорига хабар юборилган.

Маълумот учун, 13 ёшли қизнинг Яшнобод тумани ИИБ ходими томонидан зўрлангани ҳақида биринчи бўлиб «Сукут сақлама» лойиҳасида хабар берилганди.

Аввалроқ, Қибрай туманида 13 ёшли қизни зўрлаган Миллий гвардия ҳузуридаги қўриқлаш хизмати ходими ҳам 15 йилга қамалганди.

Мавзуга оид