Ўзбекистон | 17:09 / 26.12.2023
8673
2 дақиқада ўқилади

Дори воситаларининг нархини тартибга солиш юзасидан масъул ташкилотларга депутатлик сўрови юборилди

«Адолат» социал демократик партиясининг ўрганишларига кўра, аксарият дорихоналарда сотилаётган таркиби ва хусусияти жиҳатдан бир хил бўлган хорижий ва маҳаллий дори воситаларининг нархлари ўртасида катта тафовут бор. Хусусан, айрим маҳаллий маҳсулотлар чет давлатларникидан анча қиммат сотилмоқда.

Бугунги кунда дорихоналарда сотилаётган айрим дори воситаларининг нархлари қимматлиги кўплаб фуқаролар, жумладан, ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Ушбу масала жорий йилнинг сентябр–ноябр ойларида «Адолат» СДП томонидан жойларда жамоатчилик назорати тартибида ўрганилди. Ўрганишлар давомида аксарият дорихоналарда сотилаётган таркиби ва хусусияти жиҳатдан бир хил бўлган хорижий ва маҳаллий дори воситаларининг нархлари ўртасида катта тафовут борлиги ҳамда ўзимизнинг айрим маҳаллий маҳсулотлар чет давлатларникидан анча қимматлиги аниқланган.

Натижада партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари ҳамда партия экспертлари иштирокида мазкур масала муҳокама қилиниб, масъул идоралардан аҳолининг дори бозоридаги нархлар тафовути бўйича ҳақли норозиликларига нисбатан муносабат билдириши юзасидан депутатлик сўрови юборилди.

«Мамлакатимиз бўйича дорихоналарда Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган «Цефтриаксон» дори воситасининг маҳаллий варианти хорижникидан 10 баробар, «Албумин» дори воситаси хориждан келтирилганидан 5 баробар қиммат сотилмоқда», дейилади депутатлик сўровида. 

Мавзуга оид