Ўзбекистон | 13:35 / 27.12.2023
13225
2 дақиқада ўқилади

Қамчиқда кучли қор ёғяпти, довонда ҳаракатлана олмаган  ҳайдовчиларга ёрдам кўрсатиляпти

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарувчилари Қамчиқ довонида ҳаракатлана олмаган  автомобилларнинг ҳайдовчиларга ёрдам кўрсатмоқда.

Фото: Видеодан кадр

Бугун, 27 декабр куни Қамчиқ довонида кучли қор ёғиши ва шамол кузатилмоқда. 

ФВВ хабарига кўра, айрим ҳайдовчилар бундай об-ҳаво шароитида ҳаракатланишга тайёр эмаслиги кузатилган, натижада уларнинг автомашиналарига ФВВ қутқарувчилари томонидан ёрдам кўрсатилиб керакли манзилгача етказилмоқда. 

Айни дамда Қамчиқ довонида ҳаракат икки томонлама ташкил этилгани, вазият назорат остида экани айтилади.

Аввалроқ «Ўзгидромет» Тошкент шаҳрини ва республика ғарбий ҳудудларини водий вилоятлари билан боғловчи Қамчиқ довонида 27 декабр куни қор ёғиши, вақти-вақти билан туман кузатилиши, яхмалак юзага келиши кутилаётгани тўғрисида хабар берганди.

«2023 йил 27 декабр куни А-373 «Тошкент – Ўш» автойўлининг Қамчиқ довонидан ўтган қисмида қор ёғиши, вақти-вақти билан кучли ёғингарчилик ва туман кузатилиши, кўринувчанлик 50 метргача пасайиши, шамол тезлиги 15 – 20 метр/сониягача кучайиши натижасида автойўлда яхмалак ва қор уюмлари юзага келишига олиб келиши мумкин», дейилган хабарда.

Мавзуга оид