Жаҳон | 15:19 / 27.12.2023
34853
8 дақиқада ўқилади

Залужний илк бор матбуот анжуманида қатнашди. У сафарбарлик ва уруш ҳақида нималар деди?

Украина қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний Россия босқини бошланганидан буён илк бор матбуот анжумани ўтказиб, йил давомидаги ҳарбий амалиётлар якунларини сарҳисоб қилди, келажак учун прогнозлар берди ҳамда сафарбарликнинг янги қоидалари тўғрисидаги қонун лойиҳаси юзасидан муносабатини билдирди.

Фото: Reuters

26 декабр куни ўтказилган матбуот анжумани қисқа бўлиб, олдиндан анонс қилинмаганди.

Залужний шу кунларда парламентга киритилган сафарбарлик, демобилизация ва ҳарбий хизмат тўғрисидаги ҳукумат қонун лойиҳаларининг шов-шувли пакети бўйича изоҳ берди, шунингдек, фронтдаги вазият ҳамда келгуси йил Украина мудофааси учун қандай кечиши тўғрисидаги фикрларини билдирди.

Украина қанча одамни сафарбар қилиши керак?

ОАВда кўп ҳам кўриниш беравермайдиган Залужний матбуот анжумани олдидан бир муддат миллий телемарафонга қўшилди ҳамда Украина президенти Володимир Зеленскийнинг ҳарбий қўмондонлик келгуси йилда 450-500 минг кишини сафарбар этиш бўйича таклиф бергани ҳақида айтган сўзларига муносабатини билдирди.

Залужнийнинг аниқлик киритишича, Бош штаб «ҳеч қандай рақамлар бўйича ҳеч қандай сўров юбормаган», армия ўз эҳтиёжларини ҳозирги штатлар, янги ҳарбий қисмлар тузилиши ва келгуси йилда бўлиши мумкин бўлган йўқотишларни ҳисобга олган ҳолда шакллантиради.

«Бу рақамни очиқлай олмаймиз, чунки бу ҳарбий сир», – деган у. – Биз ресурслар – ҳарбий техника ва одамлар учун сўровлар шакллантирамиз. Бу таклифларнинг барчасини биз қонунчилик ташаббуси субъекти сифатида мудофаа вазирлигига киритамиз, уёғига буни қандай таъминлашни вазирлик ҳал қилади. Бизга снарядлар, қурол ва одамлар зарур. Қолган барча ишни ваколатли органлар амалга оширади».

Бўйин товловчилар, муддатли ҳарбий хизматга чақирилувчилар ва ротация ҳақида

Матбуот анжумани бошлангач эса Залужний сафарбарликнинг янги қоидалари бўйича қонун лойиҳаларини батафсил изоҳлади.

Улардан асосийси парламентга 25 декабр куни кечқурун киритилган. У сафарбар қилиш ёшини 27 дан 25 га тушириш, ҳарбий рўйхатга олиш ва чақирув қоғозини топшириш тартибини соддалаштириш, шунингдек хизматдан бўйин товлаганлик учун санкцияларни қатъийлаштириш (кўп минглик жаримага тортиш ва қамоққа олишгача)ни назарда тутади.

Бундан ташқари, қонун лойиҳасида ҳарбий ҳолат даврида уч йилдан ортиқ хизмат қилганлар ҳамда асирликда бўлганларни демобилизация қилиш имконияти ҳам кўзда тутилган.

Залужний ҳарбийлар ҳужжатларни тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳ таркибида ишлаган бўлса-да, аксар қоидалар, айниқса фуқароларни сафарбар қилиш ва хизматдан бўйин товлаганлик учун санкциялар билан бевосита боғлиқ бўлган моддалар Бош штаб томонидан ишлаб чиқилмаган.

«Биз армиямиз ва биз тинч аҳоли ҳаётига аралашмасдан, фақат жанг қилишимиз керак», – дея қайд этган у.

BBC Украина хизматининг аниқлик киритиш учун берган саволига жавобан, Залужний қонун лойиҳасида айтилганидек электрон почта ёки чақирилувчининг электрон кабинетига юборилиши мумкин бўлган чақирув қоғозлари ташаббускори ҳарбий раҳбарият эмаслигини билдирган.

Хориждаги ҳарбий хизмат ёшидагилар ҳақида гапираркан, Залужний Украина қуролли кучлари мамлакатдан кетган фуқаролар ҳаётига аралашмоқчи эмаслигини қўшимча қилган.

«Украина қуролли кучлари жанг қилиши ва ҳеч қанақасига тинч аҳоли вакилларининг, жумладан мамлакатимиздан чиқиб кетганларнинг фуқаролик ҳаётига аралашмаслиги керак. Бунинг учун қарор қабул қилиши керак бўлган марказий ижро этувчи ҳокимият органлари бор. Мен бу борада баҳо бера олмайман ва буни қилишни ҳам истамайман, аммо агар маълум вақтдан кейин уларни армияда кўрсам, уларнинг тайёргарлик машғулотларини ташкил этишдан жуда хурсанд бўлган бўлардим», - дея қайд этган бош қўмондон.

Залужнийнинг сўзларига кўра, Бош штаб учун сафарбарликнинг бўлиши муҳим, аммо бу қандай амалга оширилиши – ҳукуматнинг вазифаси.

Қонун лойиҳасидаги айрим позициялар бўйича эса Залужний скептик фикр билдирди, хусусан, ҳарбий ҳаракатларда иштирок этаётганига олти ой бўлган ҳарбий хизматчиларнинг мажбурий ротацияси тўғрисидаги қоида бўйича.

«Албатта, бу норма жуда қизиқарли ва албатта, мен унинг бўлишини истардим. Аммо яна бир бор айтаманки, одамларимиз ҳозирда мусобақада эмас, бу бутун дунё кузатаётган шоу эмас. Фронтдаги вазият рақибнинг ҳаракатларига боғлиқ. Биз олти, беш ёки уч ойдан кейин нима бўлишини башорат қила олмаймиз», – дея тушунтирган бош қўмондон.

«Агар одамлар ҳар олти ойда ротация қилишни таклиф этишса, улар қўшинларнинг жанговар кучини камида икки баробар ошириш лозимлигини тушунишлари керак», – дея қайд этган у.

Шу билан бирга, Залужний айнан Украина қуролли кучлари муддатли ҳарбий хизматдан воз кечишни таклиф этгани ва бунга тайёрлигини тан олган.

Янги қонун лойиҳасига кўра, муддатли ҳарбий хизматни 18 дан 25 ёшгача бўлган йигитлар бир неча ой ичида ўташи керак бўлган бошланғич ҳарбий тайёргарлик билан алмаштириш керак.

«Ёзда ҳам биз муддатли чақирув бўйича чақирилганлардан воз кечишга тайёр эмасдик, аммо ноябр ойи охирларида буни биз ўзимиз таклиф этдик. Бугунги кун ҳолатида бизга улар керак эмас», – дея тушунтиради у.

Демобилизация ҳақида

Бош қўмондон анчадан буён фронтда жанг қилаётган ҳарбийларни демобилизация қилиш масаласига алоҳида тўхталган.

Унинг сўзларига кўра, Бош штаб ва мудофаа вазирлиги ҳарбий ҳолат даврида узлуксиз 36 ойдан ортиқ вақт давомида хизмат қилганларни демобилизация қилишга рухсат беришга рози, аммо фақат фронтда вазият кескин бўлмаган ҳолатда, йўқса шундай савол туғилади: Украина қуролли кучлари сафларини тарк этувчи тажрибали одамлар ўрнини ким эгаллайди.

«Мен жангчиларимиз фронтда ўта оғир шароитларда эканини жуда яхши тушунаман, – деган Залужний. – Умид қиламанки, 36 ойдан кейин биз вазифани уддалаймиз ва бу одамларни алмаштирамиз».

Фронтдаги вазият ҳақида

Уруш истиқболлари ҳақида Валерий Залужний мужмал гапирган.

«Ишонтириб айтишим мумкинки, кейинги йил 2023 йилдан фарқ қилади, биз бунинг учун барчасини қиляпмиз», – деган у ва ҳарбий раҳбарият вазифаларни белгилаб бергани ва уларнинг ечимлари устида ишлаётганини қўшимча қилган.

Алоҳида йўналишлар, жумладан Россия қўшини ёзда эгаллаб олган Бахмут учун кечаётган шиддатли жанглар, шунингдек, эгалланиш хавфи остида турган Авдийивка ва Марйинка учун жанглар юзасидан изоҳ бераркан, Залужний барчасини ҳарбий мақсадга мувофиқликка қараб белгилаш лозимлигини таъкидлаган.

«Бунга қаттиқ ёпишиб олиш ва қайсидир аҳоли яшаш манзили йўқотилишидан фожиа ясаш керак эмас. Ҳарбий ҳаракатлар ўз қонунларига бўйсунади, бу командирлар, сиёсатчилар ёки журналистларга ёқиш-ёқмаслигидан қатъи назар», – дея қайд этган у.

Залужний Украина қуролли кучлари ҳар қарич ерни ҳимоя қилиши, аммо одамларни сақлаб қолиш зарурати юзага келганда, «шундай қарор қабул қилиниши ва одамлар ҳаёти сақлаб қолиниши»ни айтган.

«Менинг асосий хатом – биз етказган бундай улкан йўқотишлар ҳар кимни тўхтатади, деб ҳисоблаганимдир. Аммо Россияни бу тўхтата олмади», – деган у.

Бош қўмондоннинг сўзларига кўра, Россия қўшини беҳисоб снарядларидан фойдаланган ҳолда шаҳарларни вайрон қилмоқда ва 2-3 ой ичида исталган шаҳарни Бахмутга айлантириши мумкин, айни вақтда эса бу Авдийивка ва Марйинка билан бўлмоқда.

Россия ҳукумати Марйинка эгаллангани тўғрисида эълон қилган, аммо Залужний бунга қўшилмади ва украин қўшини ҳамон шаҳарнинг шимолий қисмини ушлаб турганини таъкидлади.

«Лекин бу аҳоли яшаш манзили энди мавжуд эмаслигини айтишим мумкин», – деган у жиддий вайронгарчиликни назарда тутган ҳолда.

Мавзуга оид