Жаҳон | 22:00 / 28.12.2023
20016
7 дақиқада ўқилади

Ғазода тинч аҳолига ҳужум, Украина генералларининг иқрори, бозорини ўзгартирган рус нефти — кун дайжести

Сўнгги бир кунда жаҳонда содир бўлган воқеа-ҳодисалар, янгиликларнинг кундалик шарҳи билан одатдагидек кун дайжестида таништирамиз. 

Ғазодаги вазият

Исроилнинг касалхона олдига ҳужум уюштириши натижасида 18 киши ҳалок бўлган. Ҳужум Ғазо сектори жанубидаги Хон Юнус шаҳрида жойлашган Фаластин Қизил яримойининг Амал шифохонасидан 10 метр нарироққа берилган.

Қайд этилишича, яна кўплаб инсонлар Ғазо сектори марказидаги Бурайж ва Мағазий қочқинлар лагерига уюштирилган қаттол ҳужум натижасида ўлдирилган ва ярадор қилинган.

Шунингдек, Ғазодаги Ал-Азҳар университети олдида ҳам портлаш рўй берган. Жабрланганлари Ал-Ауддаги Ал-Ақсо шаҳидлари шифохонасига келтирилган.

Бундан ташқари, Исроил ҳарбий ҳаво кучлари Шукайя, Туффа, шунингдек, Ал-Катийбадаги тураржой биноларини яксон қилган. Бу ерда ҳам қурбонлар ва ярадорлар бор.

Исроил 7 октябрдан буён Ғазо секторида ҳар куни 106 нафар болаларни ўлдириб келаётгани таъкидланмоқда. Ғазо ҳукумати медиабюросида қилинган баёнотга кўра, 80 кундан ошган ҳужумлар натижасида 8500 дан ортиқ болалар ва 6300 нафар оналар ўлдирилгани таъкидлаб ўтилди. 

Украинадаги уруш

Владимир Путин Украина билан яна 5 йил уруш олиб боришга тайёрланмоқда, деб ёзади Япониянинг Nikkei нашри.

Нашрнинг ёзишича, 2023 йилнинг март ойида Си Жинпингнинг Москвага қилган ташрифи чоғида Путин Хитой раисига Россия яна камида 5 йил уруш олиб бориши, алалоқибатда ғалаба қозонишини билдирган. Украинадаги чўзилган уруш Си Жинпингнинг Тайванни қўшиб олиш режалари ва амбициясига ҳам сезиларли таъсир ўтказиши мумкин.

АҚШ ва Европа ҳам Украинани мудофаага ҳамда Путин билан музокаралар олиб боришга тайёрлашни бошлашган.

АҚШ ва Европа Иттифоқи Украина бўйича Россия устидан тўлиқ ғалаба қозониш стратегиясини ўзгартириб, мудофаа ва музокараларга диққатни жамлашни таклиф қилмоқда, деб ёзади Politico нашри.

Нашрнинг америкалик ва европалик мулозимларга таяниб ёзишича, стратегик мудофаага ўтиш келгусида Путин билан музокараларда Украинага ёрдам беради, лекин бу Россия фойдасига айрим ҳудудлардан воз кечишни англатади.

Бироқ Ғарбнинг очиқ позицияси ҳозирча ўзгармаган ва Украина тўлиқ Россия армиясини ўз ҳудудидан қувиб чиқаришдан иборат. Бироқ парда ортида АҚШ ва Евроиттифоқ вакиллари кучларини барбод бўлган қарши ҳужум зонасидан Россия ҳужумга ўтган шарқ томон дислокация қилиш муҳокама қилинмоқда.

F-16 қирувчи самолётлари аллақачон Украинага етказилган бўлиши мумкин, — деб хабар бермоқда Newsweek нашри АҚШ ҳукуматидаги манбасига таяниб

Нашрнинг тахмин қилишича, Украина сўнгги ҳафта ичида Россия қирувчи самолётларини уриб туширишда F-16 дан фойдаланган бўлиши мумкин.

Сўнгги уч ҳафтада Украина қуролли кучлари Россиянинг 8 та самолётини уриб туширганини иддао қилмоқда. Шунингдек, «Новочеркасск» десант кемаси портлатиб юборилган. Россия Телеграм каналлари бу ишни Украина F-16 қирувчи самолётлари ёрдамида амалга оширгани борасида ташвишли хабарлар тарқатилган. Бироқ бу ахборот ҳарбийлар томонидан расман тасдиқланмаган.

Қримдаги Феодосия портида зарбага учраган «Новочеркасск» кемасининг камида 33 денгизчи аскари бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда

«Новочеркасск» десант кемасига зарба берилганда унда 77 нафар денгизчи аскар бўлган. Уларнинг 33 нафари бедарак йўқолган, 23 нафари яраланган, деб хабар беради Астра ўз манбаларига таяниб. Зарба натижасида ҳалок бўлганлар ҳам бор, жумладан муддатли хизматга чақирилган ёш матрослар. 

Украин генералларининг баёнотлари

Украина Қуролли кучлари бош қўмондони Валерий Залужний ўзининг энг катта хатосини санади. Унга кўра, у Владимир Путиннинг фронтдаги инсон йўқотишларига тайёрлигига тўғри баҳо бера олмаган.

«Мен биз инсонларни йўқотиш бўйича етказган зарбаларимиз ҳар қандай инсонни тўхтата олади, деб ўйлаганман. Лекин Россия Федерациясини тўхтата олмас экан», — деган Залужний уруш бошланганидан буён берган илк матбуот анжуманида.

Залужний Украина қуролли кучлари учун асосий вазифа ҳарбий хизматчиларнинг жонини асраб қолувчи ҳаракатларнинг самарадорлигини оширишдан иборат эканини ҳам таъкидлаб ўтган.

2024 йил ҳарбий ҳаракатларни тугатиш зарурияти туфайли Украина учун янада мураккаб бўлиши мумкин, деган украиналик генерал Олександр Тарнавский.

У фронтдаги вазиятни «таранг ва мураккаб» деб атаган. Унинг сўзларига кўра, жанг майдонида ғалаба қозониш учун қўшимча кучлар ва воситалар керак. Аммо бу ҳам муваффақиятни кафолатламайди, чунки «ресурслар қанчалик кўп бўлмасин, бу барибир камлик қилади», деган у.

Украиналик яна бир генерал Олександр Сырский фронт чизиғининг тўртта зонасида Украина қўшинлари мураккаб аҳолга тушиб қолганини таъкидлаган. Генерал мамлакат шарқидаги Бахмут, Лиман, Купянск ва Сервеск йўналишларини кўзда тутган. 

Ғарбнинг Украинага ёрдами

АҚШ Украинага 250 млн доллар ҳарбий ёрдам пакетини ажратади ва бу жорий йилдаги сўнггиси бўлади, деган АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен

Сўнгги пакетдан ҳаво ҳужумидан мудофаа, ҲАЙМАРС бирваракайига ўт очиш тизими ҳамда артиллерия учун ўқ-дорилар ва снарядлар ўрин олган.

2022 йилнинг 24 февралидан буён Ғарблик ҳамкорлардан Украинага молиявий ёрдам 73,6 млрд долларни ташкил этган, деган Олий Рада депутати Ярослав Железняк.

Украина бош вазирининг биринчи ўринбосари, иқтисодиёт вазири Юлия Свириденконинг айтишича, Европа Иттифоқи ва АҚШ 2024 йилнинг бошида молиявий ёрдам бермаса Украинада миллионлаб одамларнинг пенсия ва маош тўлови кечиктирилади. Тўловларнинг кечиктирилиши 10 млн пенсионерлар, 500 минг давлат хизматчилари ва 1,4 млн ўқитувчиларни қамраб олиши мумкин.

Европа Иттифоқи Украинани молиялаштиришнинг «Б» режасини тайёрлаган. Иттифоқ давлатлари Евроиттифоқ бюджетига кафолат тақдим этишни муҳокама қилишмоқда. Бу эса Еврокомиссияга капитал бозорларидан Киев учун 20 млрд евро қарз олиш имкониятини беради. Европаликлар шу йўл билан 1 феврал куни ўтказиладиган саммитда Венгрия бош вазири Виктор Орбаннинг ветосини айланиб ўтмоқчи. 

Россия нефти

Россия ўзининг қарийб барча нефтини Хитой ва Ҳиндистонга экспорт қилаётгани ойдинлашди.

2023 йилда Россия ўзининг нефт ҳамда нефт маҳсулотлари экспортининг 4-5 фоизини Европага қилган, 85-90 фоизи Хитой ва Ҳиндистон улушига тўғри келган деган, Россия бош вазири ўринбосари, энергетика вазири Александр Новак.

«Европадаги ҳажмлар Европа Иттифоқи истисно тариқасида қолдирилган Венгрия, Словакия ва Чехия каби давлатларга «Дружба» қувури орқали етказиб берилмоқда», деган у.

Новак бу йил Шимолий денгиз йўли орқали 1,5 млн тонна нефт ташилгани, бу эса Ўрта ер денгизи ва Ҳинд океани орқали ўтадиган анъанавий йўналишлардан икки баробар қисқа эканини ҳам таъкидлаган.

Мавзуга оид