Politico: АҚШ Украина билан чуқурроқ мудофаага ўтишни муҳокама қиляпти
АҚШ президентининг янги сиёсати Киев позициясини мустаҳкамлаш ва Москва билан музокаралар эҳтимоли бўйича «кучли қўл» позициясини шакллантиришга қаратилган.
АҚШ президенти Жо Байден маъмурияти Украинага ёрдам стратегиясини босқичма-босқич ўзгартирмоқда ва Киев билан Украина қуролли кучларини мамлакат шарқида чуқурроқ мудофаага ўтказиш масаласини муҳокама қилмоқда. Бу ҳақда 27 декабр, чоршанба куни бир қанча америкалик ва европалик расмийларга таяниб, Politico нашри хабар берди. Уларнинг фикрича, АҚШ президенти янги сиёсати Киев позициясини мустаҳкамлаш ва Москва билан музокаралар эҳтимоли бўйича «кучли қўл» позициясини шакллантиришга қаратилган.
Чуқурроқ мудофаа позицияларини эгаллаш
Politico таъкидлашича, Оқ уй риторикасида ҳеч қандай расмий ўзгаришлар бўлмаган, аммо Қўшма Штатлар ҳозир украиналиклар билан чуқурроқ мудофаа позицияларини эгаллаш вариантини муҳокама қилмоқда. Бунга ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимини мустаҳкамлаш ва фронт чизиғи бўйлаб тўсиқлар қуриш, шунингдек, Украинанинг Беларус билан шимолий чегараси бўйлаб танкка қарши тўсиқлар ўрнатиш ва зовурлар қазиш киради. Бу мудофаага ўтиш Киевнинг бўлажак музокараларда мавқейини мустаҳкамлашга қаратилган. «Биз бу содир бўлганда Украина энг кучли ҳолатда бўлишини истаймиз», деди Байден маъмуриятининг исми сир қолишини сўраган расмийси.
Вашингтонда ишлайдиган европалик дипломат Politico нашрига берган интервюсида украиналикларни Россия билан музокаралар олиб бориш учун энг яхши ҳолатга келтириш йўлидаги яна бир қадам Украинанинг НАТОга қабул қилинишини тезлаштириш бўлиши мумкинлигини айтди.
Оқ уй ўз позициясидан ошкора чекина олмайди
Бироқ, ҳозирча, Оқ уй вакили сўзларига кўра, музокаралар ҳали режалаштирилмаган ва Украина қўшинлари ўз ҳужумларини давом эттирмоқда, Байден маъмурияти уларни «бундан қайтармаяпти». Тинчлик музокаралари бўйича мунозаралар бошланмоқда, бироқ Оқ уй Байден учун сиёсий хавф туфайли ўз позициясидан ошкора чекиниши мумкин эмас, деди нашрга Конгресс вакили.
Politico суҳбатдошларининг тушунтиришича, стратегия ўзгариши АҚШда бўлажак президентлик сайловлари билан боғлиқ. Аниқ ғалабасиз чўзилган можаро Жо Байден қайта сайланиш кампаниясини мураккаблаштириши ва Доналд Трампнинг фойдасига ўйнаши мумкин.