Президент: «Бизга кафолатли ва барқарор энергия ресурслари сув билан ҳаводек зарур»
Ўзбекистонда келгуси олти йилда электр энергиясига бўлган талаб ҳозирги 83 миллиарддан 120 миллиард киловатт соатга ўсиши кутилмоқда. «Буни, биринчи галда, қайта тикланадиган энергия ҳисобидан қоплаймиз», - деди президент. Ўзбекистон «яшил» энергияни Осиё ва Европа мамлакатлари бозорига ҳам етказиб беришни режалаштирмоқда.
Ўзбекистонга улуғвор ниятларига эришиш учун кафолатли ва барқарор энергия ресурслари сув билан ҳаводек зарур. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев «яшил» энергетика соҳасидаги йирик қўшма лойиҳаларни ишга туширишга бағишланган тантанали маросимдаги нутқида айтиб ўтди.
«Ҳисоб-китобларимизга кўра, келгуси олти йилда мамлакатимизда электр энергиясига бўлган талаб ҳозирги 83 миллиарддан 120 миллиард киловатт соатга ўсиши кутилмоқда. Буни, биринчи галда, қайта тикланадиган энергия ҳисобидан қоплаймиз», - деди давлат раҳбари.
«Биз нима учун «яшил» энергетика ривожига бу қадар катта рағбат ва эътибор қаратяпмиз? Чунки, биз, энг аввало, 2030 йилга бориб саноат ҳажмини икки карра оширишни, металлургия, нефть-кимё ва машинасозлик каби соҳаларни сифат жиҳатдан мутлақо янги даражага кўтаришни ўз олдимизга мақсад қилиб қўйганмиз. Умумий қиймати 150 миллиард долларлик 500 дан зиёд йирик саноат ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишни кўзлаяпмиз», - деди Шавкат Мирзиёев.
Мамлакат глобал муаммога айланган иқлим ўзгаришининг салбий таъсирини юмшатиш бўйича тинимсиз изланяпти. Халқаро саммитларда муҳим таклиф ва ташаббусларни фаол илгари суряпти. Яқинда Дубайда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Иқлим ўзгариши бўйича конференцияси доирасида дунё мамлакатлари «яшил» генерацияни уч баробар оширишга келишиб олди.
«Ўзбекистон ушбу ташаббусни тўлиқ қўллаб-қувватлайди ва 2030 йилгача «яшил» энергетика манбаларини 27 гигаваттга етказиш учун фаол инвестиция сиёсатини изчил давом эттиради», - деди президент.
Ҳозир республикада 9 гигаваттли 22 та қуёш ва шамол электр станцияларини қуриш лойиҳалари устида жадал иш олиб бориляпти. Шу билан бирга, янги генерация қувватларини етказиш учун инфратузилмани янада яхшилашга алоҳида урғу бериляпти.
«Мамлакатимизда «яшил» энергетика бўйича ниҳоятда улкан салоҳият мавжуд. Яратганнинг ўзи берган бу буюк имкониятдан унумли фойдаланиб, уни халқимиз манфаатларига йўналтиришимиз зарур», - деди у.
Соҳани рағбатлантириш мақсадида қуёш панеллари ўрнатишга имтиёзли кредит ва субсидиялар ажратиш, ишлаб чиқарилган электр энергиясини кафолатли сотиб олиш бўйича «Қуёшли хонадон» тизими йўлга қўйилди. Шу йилнинг ўзида 50 минг хонадон ва тадбиркорлар томонидан қуёш панеллари ўрнатилди. Мамлакатда 7 миллиондан ортиқ уй-жойлар борлиги ҳисобга олинса, бу инвесторлар учун катта бозор яратади.
«Ўзбекистон келгусида аниқ режа ва қатъий саъй-ҳаракатлар орқали «яшил» энергияни Осиё ва Европа мамлакатлари бозорига ҳам етказиб бериш бўйича дастлабки қадамларни ташлаяпти», - деди Шавкат Мирзиёев.
Мавзуга оид
21:25 / 09.12.2024
Ўзбекистонда метан заправкалар фаолиятига чекловлар киритилади
10:46 / 09.07.2024
Андижон, Фарғона ва Сурхондарёда электр тармоқларига ноқонуний уланиш ҳолатлари фош этилди
16:48 / 06.07.2024
577 сўмдан 998 сўмгача — ИЭСларда ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг таннархи қанча?
14:04 / 03.07.2024