Жаҳон | 08:57 / 29.12.2023
6800
3 дақиқада ўқилади

Киев бюджетдаги муаммолар туфайли иттифоқчилар билан шошилинч учрашувни кутмоқда

Бош вазир Шмихалнинг Bloomberg томонидан кўриб чиқилган иттифоқчиларга йўллаган мактубида айтилишича, Киев 2024 йил бошидаги ҳукумат ишини қўллаб-қувватлаш учун зудлик билан макромолиявий ёрдамга муҳтож.

Фото: Italy Photo Press/IMAGO

Украина келаси йил бошида давлат бюджетини тўлдириш бўйича «ўта юқори ноаниқлик» туфайли халқаро молиявий донорлар билан шошилинч учрашув ўтказишга интилмоқда. Украина бош вазири Денис Шмихал донорларни мувофиқлаштириш гуруҳига йўллаган мактубида асосий бюджет эҳтиёжларини қоплаш учун январ ойида молиявий ресурслар олиш зарурлигини таъкидлади, деб хабар берди Bloomberg 28 декабр, пайшанба куни ҳужжатни кўриб чиқиб.

«Макроиқтисодий барқарорликни сақлаб қолиш учун 2024 йил январидан бошлаб етарлича, тезкор ва тахмин қилинадиган ташқи молиялаштиришни олишимиз муҳим», — дейилади мактубда. Шмихал донорларни 2024 йилда Украинага зудлик билан ёрдам кўрсатишга эътибор қаратишга чақирди - ҳукумат ишини қўллаб-қувватлаш учун маблағ ажратиш, ўқитувчилар, давлат хизматчилари ва нафақахўрларга тўловлар учун.

Украина бош вазири, шунингдек, январ ойида донорлар учрашувини ташкил этишга чақирди. «Ижтимоий эҳтиёжларимизни қондириш учун биз мартгача кута олмаймиз», дейилади мактубда.

Бундан ташқари, ҳужжат донорларни музлатиб қўйилган Россия активларини Украинани қайта тиклашга йўналтириш бўйича ҳаракатларни мувофиқлаштиришни бошлашга чақиради. Кремл «уруш ва вайронагарчилик учун тўлаши керак - ва бу кейинги йилларда тикланишнинг асосий манбайи бўлади», деди Шмихал.

Украинага ёрдам ажратиш ЕИда Венгрия ва АҚШда республикачилар томонидан блокланяпти

Украина Европа ва АҚШ ваъда қилган 110 миллиард еврога яқин молиявий ёрдамдан маблағ ололмаяпти. Европа Иттифоқида Венгрия жорий йилнинг июн ойидан бошлаб 50 миллиард евро миқдорида макромолиявий ёрдам ажратишга тўсқинлик қилмоқда. Брюссел Будапешт блокадани давом эттирса, захира режаларини тайёрламоқда. 1 феврал куни бўлиб ўтадиган Европа Иттифоқи саммитида бу борада қарор қабул қилиниши режалаштирилган.

Қўшма Штатларда сентябр ойидан бери республикачилар Украинага ёрдам кўрсатилишига тўсқинлик қилмоқда, бу фақат Конгресс маъқуллаши билан амалга оширилиши мумкин. Оқ уй Украинага 61,3 миллиард доллар ёрдам сўраган. Республикачилар партияси ички муаммоларни ҳал қилиш - АҚШнинг Мексика билан чегарасини мустаҳкамлаш ва ноқонуний миграция кўламини чеклаш учун қўшимча маблағ ажратмасдан туриб, бу транш бўйича келишиб олишдан бош тортмоқда.

Мавзуга оид