Жаҳон | 00:35 / 29.12.2023
14649
2 дақиқада ўқилади

Нидерландия армияси бош қўмондони фуқароларни Россия билан урушга тайёргарлик кўришга чақирди

Унинг таъкидлашича, фуқаролар фавқулодда вазиятларда омон қолиш учун аллақачон озиқ-овқат ва ичимлик сувини ғамлаб қўйиши лозим.

Фото: De Telegraaf

Нидерландия Қироллиги армияси бош қўмондони генерал Мартин Вийнен юртдошларини Россия билан жанг қилишга тайёр бўлишга чақирди.

«Биз Россия билан юзага келиши мумкин бўлган қуролли можарога жиддий тайёргарлик кўришимиз керак. Бунга бутун жамият тайёр бўлиши керак», деб унинг сўзларини келтирди De Telegraaf.

Вийнен сўзларига кўра, Россияга яқинроқ бўлган Европа давлатларининг аҳолиси эҳтимолий урушга руҳий жиҳатдан яхшироқ тайёрланган ва Нидерландия улардан ўрнак олиши керак.

«Нидерландияликлар биз 1500 километр узоқликда бўлганимиз сабабли хавфсизлигимиз кафолатланган деб ўйламаслиги керак», деди бош қўмондон.

Генералнинг таъкидлашича, фуқаролар фавқулодда вазиятларда омон қолиш учун аллақачон озиқ-овқат ва ичимлик сувини ғамлаб қўйиши лозим. Бундан ташқари, Нидерландия ўз армиясини сезиларли даражада кучайтириши керак, чунки «Россия фақат битта тилни тушунади: қудратли армияни».

Аввалроқ Германиянинг Bild нашри Европа разведка хизматларидан бирига ҳавола қилиб, Россия Европага 2024 ёки 2025 йилларда ҳужум қилиши мумкинлигини ёзган эди. Нашрнинг таъкидлашича, у сайлов пайтида Қўшма Штатлар «раҳбарсиз» қоладиган ва шерикларига ёрдам бера олмайдиган пайтни кутади.

Мавзуга оид