Ўзбекистон | 00:07 / 01.01.2024
25551
3 дақиқада ўқилади

2024 йил Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили деб эълон қилинди

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқига Янги йил табриги йўллади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Жонажон диёримизга янги – 2024 йил кириб келмоқда.

Мана шу шукуҳли дамларда дуогўй отахон ва онахонларимизни, меҳрибон опа-сингилларимизни, барча соҳа ва тармоқлар вакилларини, азму шижоатли ёшларимизни, чет эллардаги қадрли ватандошларимизни – кўпмиллатли бутун халқимизни ушбу қутлуғ айём билан чин қалбимдан самимий табриклайман.

Муҳтарам дўстлар!

Албатта, ҳаёт бор экан, унинг ютуқ ва қувончлари, ташвиш ва муаммолари ҳам бўлиши табиийдир. Аммо инсон ва халқ ақл-заковати, ҳалол меҳнати, мустаҳкам иродаси билан ҳар қандай синовлардан муносиб ўтишга қодир.

Шу маънода, 2023 йил эл-юртимиз учун қут-баракали ва омадли келди. Энг муҳими, юртимизда тинчлик-осойишталик, турли миллат вакиллари ўртасида дўстлик ва ҳамжиҳатлик ҳукм сурмоқда.

Тарихимизда биринчи марта умумхалқ референдуми асосида янгиланган Конституциямизни қабул қилдик. Келгуси тараққиётимизни белгилаб берадиган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга оширишни бошладик.

Кўплаб нуфузли анжуманларни юқори савияда ўтказдик.

Халқаро майдонда муҳим ташаббусларни илгари сурдик.

Барқарор иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолишга эришдик.

Республикамизда юқори технологик замонавий саноат корхоналари, логистика ва инфратузилма тармоқлари, боғча ва мактаблар, маданият ва спорт объектлари барпо этилди. Янги-янги иш ўринлари очилмоқда. Шаҳар ва қишлоқларимиз обод бўлиб, аҳоли ҳаёт даражаси юксалиб бормоқда.

Биргаликдаги меҳнатимиз туфайли Янги Ўзбекистон орзуси реал ҳақиқатга айланмоқда. Барча эришган ютуқларимиз учун сиз, азиз ватандошларимга чин дилдан миннатдорлик билдираман.

Муҳтарам дўстлар!

Инсон қадрини улуғлаш, аҳолимиз манфаатларини таъминлаш, бунинг учун кучли иқтисодиёт барпо этиш бизнинг асосий вазифамиздир. Шу мақсадда 2024 йилни мамлакатимизда “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”, деб эълон қилдик.

Янги йилда иқтисодиётимизга хорижий инвестицияларни жалб этиш, тадбиркорлик ва хусусий мулк учун кенг имкониятлар яратишни янада кучайтирамиз. Илм-фан, инновация, IT каби соҳаларни, “яшил” ва рақамли технологияларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратамиз.

Янги иш ўринлари ташкил этиш, аҳоли даромадларини ошириш эътиборимиз марказида бўлади. Иш ҳақи, пенсия, стипендия ва нафақалар миқдори кўпайтирилади. Хотин-қизлар ва нуронийларни, ёрдамга муҳтож инсонларни қўллаб-қувватлашга алоҳида аҳамият берамиз. Ижтимоий соҳалар ривожини мутлақо янги босқичга кўтарамиз.

Ватанимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, Қуролли Кучларимиз жанговар салоҳиятини ошириш устувор вазифамиз бўлиб қолади.

Мухтасар айтганда, янги ҳаётни, Янги Ўзбекистонни барпо этиш учун бор куч ва имкониятларимизни тўлиқ сафарбар этамиз.

Қадрли ва муҳтарам ватандошларим!

Сизларни Янги йил байрами билан яна бир бор қутлаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, хонадонларингизга тинчлик ва файзу барака тилайман.

Ҳар бир оила, ҳар бир маҳалла, бутун юртимиз фаровон бўлсин!

Гўзал Ватанимизни Яратганнинг ўзи паноҳида асрасин!

Янги йил барчамизга муборак бўлсин!

Мавзуга оид