Мегатирбандлик, мингта автобус ва қулаб тушган йўл ўтказгич – 2023 йилда транспорт соҳасида нималар юз берди?
2023 йил Ўзбекистон транспорт тизими учун ҳам эсда қоларли ҳодисаларга бой бўлди. Тошкентга мингта янги автобус олиб келинди, сўнгги 11 ойда улар билан юзга яқин авариялар юз берди. Пойтахтда автомобилларнинг мисли кўрилмаган катта тирбандлиги юзага келди. Тошкент халқаро аэропортига олиб ўтувчи янги қурилаётган йўл ўтказгич қулаб тушди. Kun.uz якунланган йилнинг транспорт соҳасидаги энг муҳим воқеаларини эслади.
Пойтахтга мингта янги автобуслар олиб келинди
2023 йилда Ўзбекистоннинг транспорт соҳасига тааллуқли дастлабки янгиликлар жамоат транспорти билан боғланади. Ўтган қиш мавсумининг аномал совуғи сабаб шаҳар кўчаларида енгил автомобиллар ҳаракатлана олмаганди, натижада аҳолининг жамоат транспортига бўлган эҳтиёжи кескин ошиб, автобуслар юкламани кўтара олмаганди.
Муаммонинг ечими сифатида мингта автобус олиб келиш топшириғи берилди. Март ойининг сўнгидан бошлаб автобусларнинг дастлабки партиялари кела бошлади ва 20 апрелдан 400 та янги автобус йўналишларга чиқарилди.
Маълумотларга кўра, ҳозирга келиб автобусларнинг жами сони эски таркиблар билан бирга 1 959 тага, ташиш сиғими эса 155 минг нафарга етган. Янги таркибларнинг 500 таси катта сиғимли Yutong ва 200 таси ўта катта сиғимли (18 метрли “гармошка”) King Long, 302 таси эса Yutong электробуслари ҳисобланади. Улар орасида бир дона “гармошкали” электробус ҳам бор.
Жамоат транспорти сони ошгани яхши, аммо охирги вақтларда улар билан кўплаб ЙТҲлар содир бўлаётгани кўнгилни бироз хира қилади. “Тошшаҳартрансхизмат” АЖнинг очиқлашича, салкам бир йил давомида автобуслар билан 94 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган, уларнинг 34 таси автобус ҳайдовчиларининг айби билан юзага келган. Kun.uz АЖ матбуот хизмати билан боғланиб, бу ҳалокатларнинг қанча қисми янги ва эски автобуслар билан содир бўлгани, оқибатда қанча ҳаракат таркибларига шикаст етгани-ю, йўлларга чиқа олмаётгани юзасидан сўров жўнатди. Аммо ҳанузгача бу саволларга жавоб берилгани йўқ.
Метро линияси кенгайди, аммо поездлар муддатини ўтаб бўляпти
Жамоат транспортини ривожлантиришда қўйилган кейинги қадам, албатта, ерусти ҳалқа йўли линиясининг 2-босқичи якунланиши бўлди. Биринчи босқич, яъни “Дўстлик”дан “Қўйлиқ” метро бекатигача бўлган линия 2020 йил август ойида фойдаланишга топширилганди.
Иккинчи босқич, Қўйлиқдан Сергелигача бўлган линиянинг дастлаб 5 та метро бекати апрел ойида битказилди. Шу даҳадан Сергелигача бўлган “Турон” ва “Қипчоқ” метро бекатлари эса декабр ойида синов тариқасида иш бошлади.
Маълумот учун, бу йўналишда жами 7 та бекат бўлиб, унинг узунлиги 12 километр. Айни кунда Тошкент метрополитенидаги линиялар узунлиги 70 кмдан зиёд, ундаги бекатлар сони 50 тани ташкил этади.
Бекатлар сони ортгани метрополитен ютуғи бўлса-да, ундаги поездларнинг эскиргани кўплаб техник носозликларга сабаб бўлмоқда. Буни шу йил октябр ойида ўтган матбуот анжуманида ҳам тан олишганди. Масъулларга кўра, метрополитен тасарруфида ҳозирги кунда 256 та вагон мавжуд бўлса, шуларнинг 75 фоизи 80-89-йилларда ишлаб чиқарилган. Бу вагонларнинг хизмат қилиш муддати ўтган бўлса-да, улардан ҳанузгача фойдаланилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил сўнгигача пойтахт метрополитенига 14 та янги ҳаракат таркиби олиб келиниши ҳақида ўтган йили декабрнинг охирида маълумот берилганди. Йил тугади ҳамки, уларнинг бирортаси ҳали келтирилганича йўқ.
Жамоат транспорти устуворлиги учун “кечиккан” ишлар
Пойтахтда автобусларга устуворлик бериш мақсадида айрим кўчаларда “А” ҳарфи туширилган махсус йўлаклар ташкил этилди. Унда енгил автомобиллар ҳаракатланиши тақиқланиб (ён томонга қайрилиш, йўловчи олиш ёки тушириш ҳолатлари мустасно), бунинг учун жарима ҳам белгиланди. Назорат ва чора кўриш механизми сифатида бу йўлакларнинг рўпарасига камералар ўрнатилди. Аммо бир йил давомида бу камераларда қайд этилган қоидабузарликларга чора кўрилмагани сабаб йўлларда автомобилларнинг автобус ҳаракатланишига халал бериш ҳолатлари юзага келди, оқибатда эса ЙТҲ сони ошди.
Масъуллар бунга айтарли “баҳона” келтира олишмади. Бири “камера ишлаяпти, жарима қўлланяпти”, деса, яна бири “камералар тўлиқ алмаштириляпти”, қабилидаги жавобларни берди.
Ваҳоланки, яқиндагина уларнинг ҳақиқатан ишлаётгани, қанча ҳайдовчига жазо чораси қўлланаётганини маълум қилишди. Демак, шу вақтгача назорат механизми автоматлаштирилмай, “қўл бошқаруви”да қолиб кетган, ҳалокатлар эса содир бўлаверган.
Автобуслар учун “заправка”лар ҳанузгача қуриб битказилмади
2017 йил март ойида Вазирлар Маҳкамаси томонидан қабул қилинган қилинган 129-сонли қарорга кўра, пойтахтдаги автобусларни сиқилган табиий газда ишлашга ўтказиш мақсадида автобус саройлари филиалларида ДХШ асосида шохобчалар ташкил этиш белгиланганди. 2023 йил якунига келиб ҳам бу амалга ошмади.
Kun.uzʼга келган маълумотларга кўра, “Тошшшаҳартрансхизмат” АЖ ҳамда тадбиркорлар ўртасидаги низо сабаб бу иш ортга сурилиб келмоқда. Табиий газда юрадиган автобуслар учун “заправка” муаммоси ҳалигача кун тартибида.
Узоқ кутилган мослашувчан тарифлар
Президентнинг тегишли қарори билан 2023 йил 1 апрелдан янги тарифлар амалиётда қўлланиши керак эди. 8 ойлик кечикишдан сўнг, 1 ноябрдан Тошкентда жамоат транспорти йўлкира нархлари ўзгарди. Бир турдаги жамоат транспортида қатнов учун қатъий белгиланган йўл ҳақи – нақд тўлашда 2000 сўм, банк ва АТТО транспорт картаси билан тўлашда 1700 сўм этиб белгиланди. Мослашувчан нархлар доирасида кунлик, ойлик ва йиллик тарифлар ҳамда бир соат ичидаги алмашишлар учун чегирмалар ҳам жорий этилди.
Янги тариф тизими жорий этилишининг асосий мақсад-мазмуни аҳоли мобиллигини рағбатлантириш ҳисобланади. Бу шахсий транспорт жозибадорлигини камайтириш, жамоат транспортидан фойдаланувчилар сонини оширишга хизмат қилади.
Қоғозда қолаётган паркоматлар
Шунингдек, автомобил жозибадорлигини камайтиришда “парковка”ларни пулли қилиш жуда аҳамиятли. Президентнинг 111-сонли қарорига асосан, Тошкентда йўл бўйи пулли автотураргоҳлар 2022 йилнинг ноябр ойидаёқ жорий этилиши керак эди. Паркоматлар шаҳарнинг қайси кўчаларида ташкил этилиши ҳам эълон қилинганди. Лекин бу лойиҳа ҳам ҳанузгача кечиктирилмоқда.
Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Тошкент шаҳар транспорт тизимини комплекс ривожлантириш лойиҳа офиси раҳбари Мурод Обидов лойиҳани амалга оширишга “норматив-ҳуқуқий базадаги муаммо” халал бераётганини, қонунчиликда бу борадаги тартиб ишлаб чиқилмагани сабаб жараён чўзилаётганини айтганди.
“Биз Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга киритиш керак бўлган нормаларни ишлаб чиқиб, вазирлик ва идоралар билан келишиш учун киритдик. Бу жараённинг ўз регламенти бор, афсуски, қонунчиликка ўзгартириш киритиш тез бўладиган жараён эмас”, – деганди масъул.
Кўп қаватли aвтотураргоҳлар-чи?
59-сонли яна бир президент қарорига кўра, Тошкентда кўп қаватли автотураргоҳлар қурилиши керак. Қарор 16 февралда қабул қилинган бўлса, 1 ой муддатда лойиҳа ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилиши лозим эди.
Бу ҳақдаги саволга Мурод Обидов ер ажратиш масаласи сўроқ остида экани билан жавоб берганди. У бу борада Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Қурилиш вазирлиги ва Кадастр агентлиги масъул эканини айтиб ўтганди.
Ваҳоланки, транспорт вазири Илҳом Маҳкамов апрелдаги интервюсида кўп қаватли автотураргоҳлар қуриладиган манзиллар ҳам, қарор лойиҳаси ҳам тайёр эканини айтганди.
Тошкентда юзага келган “мегатирбандлик”
Ҳар йили янги ўқув йили бошлангач бош шаҳарда тирбандликлар юзага келиши нормал ҳолатга айланди. Аммо бу йил октябрдаги тирбандлик рекорд даражада бўлди. Кенг жамоатчилик бу хаосни “мегатирбандлик” деб атади.
Транспорт вазирлиги бунга бир нечта асосий кўчалардаги қурилиш-таъмирлаш ишлари сабаб бўлганини, бошқа кўчалардаги мавжуд оқимга қўшимча юклама ҳосил қилганини айтиб чиқди. Натижада Алишер Навоий, Лабзак, Сағбон, Сақичмон, Меҳржон, Кичик ҳалқа йўли, 8 март, Шота Руставели, Бобур, Ойбек, Арнасой, Истиқбол, Муқимий–Нукус ҳамда Нурафшон айланма кўчалари орқали ҳаракатланувчи 70 дан ортиқ автобус йўналишларида куннинг тиғиз пайтида қатнов ҳамда оралиқ интервал вақтларига риоя этиш имкони бўлмаган.
Лекин шаҳарсозлар муаммо юзага келиш сабабини қурилиш ишлари билан эмас, балки чорраҳа, йўллар билан боғлашмоқда. Яъни йўлларнинг кенглиги, автомобиллар жозибадорлигини камайтиришга уринмаслик ва пиёдалар учун устуворлик мавжуд эмаслиги асосий катта муаммо бўлиб қолаверади.
Темирйўллардаги маиший коррупция ва янги тарифлар сиёсати
Бу йилда “Ўзбекистон темирйўллари” АЖ ҳам бир муддат трендда бўлиб турди. Дастлабки ҳолат таниқли рус блогери Иля Варламов билан боғлиқ. Ўшанда Варламов “Тошкент-Самарқанд” йўналишидаги поезднинг “люкс” купеси учун чипта нархи 100 доллардан қиммат эканини, аммо ундаги шароитлар талабга жавоб бермаслигини айтганди.
Кейинроқ “Ўзтемирйўлйўловчи” АЖ муносабат билдириб, ҳолат бўйича тезкор йиғилиш ўтказилганини, камчиликлар учун ўша пайтда хизмат вазифасини олиб борган вагон кузатувчилари ва поезд бошлиғига қатъий интизомий жазо қўлланганини маълум қилганди.
Чипта нархи 100 АҚШ долларидан ошиқлиги ҳақидаги гапларнинг эса масъуллар ҳақиқатга тўғри келмаслигини, сайёҳ бу йўналиш учун чиптани Россия Федерациясининг “РЖД” сайтидан электрон тарзда 4213,9 рублга расмийлаштирганини таъкидлаганди.
Кейинги ҳолатда голландиялик сайёҳ “Афросиёб” электропоездининг ВИП классига ўтиш учун поезд бошлиғига қўшимча 15 доллар пул берганди. Воқеадан 4 кун ўтиб ходим ишдан олинганди.
Сўнг тармоқларда турк сайёҳининг Андижонга кетаётган поездда жойини алмаштириш учун 100 минг сўм пора бергани айтилган видео тарқалди. Масъуллар видео қайси кун, қайси поезд ва вагонда олинганини билмагани учун ҳолатни исботлай олмагани ва айбдорни топа олмаганини маълум қилишганди.
Шундай ҳолатлар фонида 20 октябрдан тезюрар ва юқори тезликда ҳаракатланувчи поездларининг чипта нархлари мос равишда 50, 100 фоизга оширилиши керак эди. Аммо янги тарифлар ҳеч қандай хабарсиз 1 ноябрдан кучга киритилди. Фақат аввал қилинган нархларда эмас. Бунда “Шарқ”, “Насаф” тезюрар поездлари учун чипталар 30-35 фоизга, “Афросиёб”ники эса 60 фоизга қимматлади.
“Ўзбекистон темирйўллари” АЖ раисининг биринчи ўринбосари Ҳикматилла Раҳметов нархлар масаласига муносабат билдириб, буни охирги 6 йил, яъни 2017 йилдан бери оширилмай келгани билан боғлади. Унинг айтишича, шу боис ҳам соҳанинг юк ташиш (80 фоиз зарар) ва йўловчи ташиш фаолияти зарарга ишлаган.
Шунингдек, у чипта нархларининг арзонлиги унинг қўлма-қўл бўлиб, чайқовчилар томонидан сотилишига сабаб бўлишини таъкидлаганди. Қизиғи, зарарга ишлаётган ва мавжуд вагонларнинг кредитларини қопламаган соҳа учун ҳар ой 4-5 та вагон сотиб олиниши, уларнинг сонини йилига 70 тага етказиш айтилганди. Аммо буни қандай амалга ошириш борасида аниқ режалар тақдим этилмаганди.
Бош аэропорт йўлида қурилаётган кўприк қулади
Август ойида куни Тошкент шаҳар ҳокимияти “Ягона буюртмачи хизмати” ИК буюртмачилигида “Кўприкқурилиш” трести УК томонидан қурилаётган Яккасарой тумани Бобур кўчасидан Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига олиб борувчи йўл ўтказгичининг 5 та устуни қулаб тушди. Воқеа эҳтиётсизлик сабаб юзага келгани маълум қилинди.
Кейинроқ ҳолат юзасидан жиноий иш очилганди. Ўшанда етказилган зарар миқдори 2 млрд 760 млн сўмга баҳолангани, ҳолат бўйича уч нафар шахс гумондор сифатида ушлангани айтилганди. Бироқ ҳозирда бу иш қайси босқичдалиги, дастлабки тергов натижалари маълум қилинмади.
Аммо йўл ўтказгичининг биринчи босқич қурилиш-монтаж ишлари якунланиб, танклар билан синаб кўрилди. Синов натижаларига кўра, ўтказгич мустаҳкам экани аниқланганди.
Тошкент халқаро аэропорти кенгаяди
Транспорт соҳасидаги яна бир катта лойиҳалардан бири пойтахт халқаро аэропортининг кенгайиши бўлди. Унга кўра, кенг кўламли қурилиш ва реконструкция ишлари 2 босқичда амалга оширилади ва 2025 йилнинг охирига қадар давом этади. Мазкур ишлар якунига етгач, ўтказиш имконияти йилига 13 миллион йўловчига етказилади. Лойиҳа доирасида нималар қилиниши батафсил очиқланган, аммо унинг “эга”лари борасида ҳеч нарса маълум эмас.
Kun.uz бу борада “Uzbekistan Airports”га йўллаган саволлари эса жавобсиз қолдирилди.
Мавзуга оид
15:51 / 07.11.2024
Шаҳарлараро автобус йўналишларида зарарни қоплаб бериш режалаштирилмоқда
13:06 / 06.11.2024
Тошкентдаги автобусга номаълум шахслар салон аёл ва эркаклар учун ажратилгани ҳақидаги постерни ёпиштириб кетди
11:49 / 06.11.2024
Айрим шахсларга темирйўл транспорти ва автобус учун бепул чипталар берилади
21:44 / 01.11.2024