Ижара ҳақининг минимал ставкалари текин фойдаланиш шартномаларига ҳам татбиқ этилди
Ўзига тегишли кўчмас мулкни бошқа шахсга текин фойдаланиш шартномаси асосида берган фуқаролар, гарчи бундан даромад олмаса-да, солиқ тўлаши керак бўлади. Яқин қариндошлар ўртасидаги текин фойдаланиш шартномалари бундан мустасно.
Ўзбекистоннинг 2024 йилги бюджет қонуни билан, 2024 йилда мол-мулкни ижарага берувчи жисмоний ва юридик шахслар учун белгиланган ижара тўловининг энг кам ставкалари тасдиқланди.
Эътиборлиси, жорий йилдан бошлаб бу ставкалар кўчмас мулкдан текин фойдаланиш шартномаларига ҳам татбиқ этилади. Яқин қариндошлар ўртасидаги шартномалар бундан мустасно.
Бу ставкалар жисмоний ва юридик шахсларнинг кўчмас мулк ва автотранспорт воситаларини ижарага беришдан олинган даромадига солиқ солиш мақсадида қўлланилади. Шунингдек, кўчмас мулкдан текин фойдаланиш шартномаларига ҳам (яқин қариндошлар ўртасида тузилган шартномалар бундан мустасно) татбиқ этилади.
Яқин қариндошлар деганда ота-она, эр (хотин), фарзандлар, ака-укалар ва опа-сингиллар тушунилади.
Эндиликда мулкдор ўзига тегишли кўчмас мулкни яқин қариндошларидан бошқа шахсларга шартнома асосида бепул фойдаланишга берса ва бундан даромад кўрмаса ҳам, кўчмас мулк умумий майдонининг ҳажмидан келиб чиқиб солиқ тўлаши керак бўлади.
Мисол учун, Тошкент шаҳрида 50 квадрат метр майдонга эга 2 хонали квартирани белгиланган энг кам ставкага асосан (1 кв.м. учун 25 минг сўм) ойига 1 млн 250 минг сўмдан кам ҳақ эвазига ижарага бериб бўлмайди. Ушбу хонадон текин фойдаланишга берилган тақдирда ҳам, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг 12 фоизига тенг равишда – ойига 150 минг сўм солиқ мажбурияти юзага келади.
- Маълумот ўрнида, 2024 йилда мол-мулкни ижарага беришдан олинадиган йиллик даромад тўғрисидаги декларацияга асосан жисмоний шахслар томонидан тўланадиган даромад солиғи 100 фоиз туманлар ва шаҳарлар бюджетларига ўтказилади.
Мавзуга оид
13:32 / 06.11.2024
Тошкентда октябрда уй-жойлар учун ижара нархи ошиши секинлашди
19:18 / 05.11.2024
Ўзбекистоннинг 2025 йил учун давлат бюджети лойиҳаси эълон қилинди. Асосий маълумотлар
20:28 / 01.11.2024
Фермер энди ерга ижара ҳуқуқини сотиши мумкин – саволларга жавоблар
17:50 / 30.10.2024