Ўзбекистон | 12:29 / 03.01.2024
14429
15 дақиқада ўқилади

Ўтган аср 60–70-йилларида АҚШда кўп уйлар нега паст ва ер ичига киргизиб қурилган? – “Заковат” ўйинидан репортаж

Алишер Навоий: “Бир бўл-у, бир кўр, бир де, бир тила, Майл қилма бунда иккилик била” – дея одамларни нимадан қайтарган? Румий кибрлиларга: “Эй инсон, агар Каҳф тоғидек катта бўлсанг ҳам, У учун сен кичиксан” деганда нимани назарда тутган? “Заковат” телеўйини қишки мавсумининг тўртинчи ўйинида Бобур Ёқубов жамоаси иштирок этди.

Фото: Заковат интеллектуал клуби

Жамоа аъзолари (суратда чапдан ўнгга):

Элдар Асанов - филолог;

Ориф Толипов - спорт шарҳловчиси;

Бобур Ёқубов - шифокор (жамоа сардори);

Фурқат Қурбонов - иқтисодчи;

Шаҳноза Соатова - Адлия вазирлиги ходими;

Нурбек Алимов - халқаро муносабатлар эксперти.

Ўйинни суратга олиш жараёнидан лавҳалар

Бобур Ёқубов жамоаси 2023 йилнинг қишки мавсум тўртинчи ўйинида иштирок этади.

1-раундда ХХ аср 80-йиллари Toyota компанияси Lexus LS 400 автомобил моделини Европага сота бошлаганида моделнинг овози билан муаммо пайдо бўлгани, бу муаммони ҳал қилишда қайси компания ёрдам бергани ҳақида савол ўйналди. Жамоа муҳокамани тўғри йўналишда олиб борганига қарамай, тўғри жавобга етиб бора олмади. Ҳисоб – 0:1.

2-раундда Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” асарида: “Бир бўл-у, бир кўр, бир де, бир тила, Майл қилма бунда иккилик била” – дея одамлар нимадан қайтарилгани ҳақидаги савол ўйналди. Муҳокама сўнгига бориб Элдар Асанов ва Шаҳноза Соатова тўғри жавобни айтган бўлса-да, якунда бошқа вариант бериб юборилди. Ҳисоб – 0:2.

Жамоа аъзоси Элдар Асанов

3-раундда Москва метросида метро бекатлари куннинг маълум вақтларида аудиоёзув бўлса ҳам, нега метро ҳайдовчилари ўзлари микрофон олиб ўз овозлари билан эълон қилишлари ҳақида савол ўйналди. Фурқат Қурбонов ушбу саволга тўғри жавобни айтган бўлса-да, жавобни бутунлай бошқача изоҳлаб берди ва оқибатда бу раундга ҳам очко берилмади. Ҳисоб – 0:3.

Жамоа аъзоси Фурқат Қурбонов

4-раундда футбол бўйича Аргентинадаги жаҳон чемпионатида чипталар нархининг ошиб кетишига қарши кураш доирасида мамлакат бўйича ҳар йили амалга ошириладиган қайси жараённи бир ой олдин амалга оширишгани сўралди. Ушбу саволда жамоа жавобга жуда яқин келган бўлса-да, охирги нуқтани қўядиган топилмади. Натижада ҳисобни янада қалтислаштирмаслик учун клуб ёрдамида фойдаланилди. Шу тариқа жамоа илк очкосини қўлга киритди. Ҳисоб – 1:3.

Жамоа сардори Бобур Ёқубов

5-раундда XIX аср ўрталарида яратилган ниманинг қадоғида аввал қизиқарли суратлар акс эттирилгани, аммо омма норозилиги билан кейинчалик бу суратлардан воз кечилгани ҳақидаги савол ўйналди. Ушбу саволда Шаҳноза Соатова фаоллик кўрсатиб, жамоага иккинчи очкони келтирди. Ҳисоб – 2:3.

Жамоа аъзоси Шаҳноза Соатова

Кейинги раундда Жалолиддин Румийнинг кибри баланд инсонларга қарата: “Эй инсон, агар Каҳф тоғидек катта бўлсанг ҳам, У учун сен кичиксан” деганда нимани назарда тутгани ҳақидаги савол берилди. Тўғри олиб борилган муҳокама натижасида жамоа ҳисобни тенглаштиришга эришди. Ҳисоб – 3:3.

7-раундда адабиётга оид саволлардан иборат блиц саволларида жамоа яхши ишлади, бироқ блицнинг учинчи саволига нотўғри жавоб берилиши оқибатида очкони бой берди. Ҳисоб – 3:4.

8-раундда тунгус оилаларида овқатланиш вақтида дастурхонга аввал эркаклар ўтириб тўйиб овқатлангани, аёллар эса қоринлари тўйиб овқат ейишмагани оқибатида озғин ва чаққон бўлишгани, бундай овқатланиш тартиби уларда нега жорий этилгани сўралди. Ўйинни тиклаб олган жамоа бу саволга ҳам адашмай жавоб берди. Саволнинг олинишига спорт шарҳловчиси Ориф Толипов алоҳида жонбозлик кўрсатди. Ҳисоб – 4:4.

Жамоа аъзоси Ориф Толипов

Кейинги раундда АҚШда 60–70-йилларда нега кўп уйлар паст қилиб қурилгани ҳақидаги савол ўйналди. Нурбек Алимов бу раундда яхши мантиқ юритган бўлса-да, жавоб бироз бошқача бўлиб чиқди. Ҳисоб – 4:5.

Жамоа аъзоси Нурбек Алимов

10-раундда қадимги Мисрдаги қурилиш жараёни ҳақида қизиқарли савол ўйналди. Афсуски, жамоанинг бу раунддаги жавоби ҳам нотўғри бўлиб чиқди ва бу ўйин ҳам билимдонларнинг мағлубияти билан якунланди.

Шундай қилиб, мавсумнинг тўртинчи ўйини Бобур Ёқубов жамоасининг 4:6 ҳисобидаги мағлубияти билан тугади. Ушбу ҳисоб жамоанинг кейинги мавсумга ўтишини таъминлаган бўлса-да, финалга чиқиш имкониятидан маҳрум қилди.

Ўйин стенограммаси билан қуйида танишиб чиқишингиз мумкин.

1-раунд. Савол муаллифи: Диёра Раҳматуллаева, Тошкент, Мирзо Улуғбек тумани

Бошловчи: ХХ асрнинг 80-йиллари Toyota компанияси Lexus LS 400 автомобил моделини Европага сота бошлайди. Аммо европаликларда моделнинг овози, шовқинли бўлгани учун Lexus’га талаб паст бўлади. Муаммони тушунган Toyota раҳбарияти тезлик билан буни бартараф этади. Компанияга муаммони бартараф этишда 1887 йилда Торокусо исмли инсон ташкил этган фирма ёрдам беради.

Диққат савол: У қайси фирма эди?

Жавобни Нурбек Алимов беради: Lexus LS 400 машинасига биринчи марта Пионер компаниясининг магнитофонлари қўйилишни бошлаган.

Тўғри жавоб: Википедияда у фирма ҳақида шундай ёзилган: Мусиқа асбоблари ишлаб чиқарувчи, овоз кучайтиргич ва акустика системаси билан шуғулланади. Бу фирма Yamaha эди. Yamaha яхши пул эвазига Toyota’га ёрдам берган.

Ҳисоб: 0 - 1

Савол муаллифи Диёра Раҳматуллаева 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

2-раунд. Савол муаллифи: Шавкат Абдуллаев, Чуст тумани, Наманган

Бошловчи: Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” асаридан парча:

– Бир бўл-у, бир кўр, бир де, бир тила,

– Майл қилма бунда иккилик била.

Ҳазрат бу мисралар орқали одамларни нимадандир қайтармоқчи бўлганлар.

Диққат савол: шеърда нима ҳақида сўз кетган? Одамларни нимадан қайтарганлар?

Жавобни Элдор Асанов беради: Худонинг бирлигига қарши ширк келтириш, унинг бирлигига қарши фикр айтиш хавфидан огоҳлантириляпти.

Тўғри жавоб: Иккиюзламачилик қилмасликни сўраганлар.

Ҳисоб: 0 - 2

Савол муаллифи Шавкат Абдуллаев 2 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

3-раунд. Савол муаллифи: Улуғбек Исмоилов, Фарғона вилояти, Риштон тумани

Бошловчи: Энг узун метрополитенлардан бири Москва метроси ҳисобланади. Бутун дунёда метро бекатлари эълони аудиога ёзиб олиниб, ҳар бекатда қўйиб борилади. Москва ерусти метроларда ҳам бу одат амал қилади. Аммо куннинг маълум вақтларида аудиоёзув бўлса ҳам, метро ҳайдовчилари ўзлари микрофон олиб ўз овозлари билан яъни жонли тарзда эълон қилишади.

Диққат савол: Куннинг қайси вақтларида ва нега машинистлар ўзлари эълон қилишади?

Жавобни Фурқат Қурбонов беради: Куннинг икки пайтида, яъни эрталаб ва кечки вақтда, одам тиғиз пайтда аудио эшиттирилади.

Тўғри жавоб: Эрталаб ва кечки вақтларда кўпчилик ухлаб келиб, ухлаб кетади. Қаттиқ-қаттиқ гапириб уларни уйғотиш учун.

Ҳисоб: 0 - 3

Савол муаллифи Улуғбек Исмоилов 3 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

4-раунд. Савол муаллифи: Акмал Орипов, Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани

Бошловчи: 1978 йилдаги футбол бўйича жаҳон мундиали Аргентинадаги 5 та шаҳарда бўлиб ўтган. Барча чемпионатларда доимо битта муаммога дуч келинади. Чипталар нархи ошиб кетиш муаммоси. Бу ҳолатни ўрганган чемпионат ташкилотчилари чипталар ошиб кетмаслиги учун чипталарни тижорат киоскаларида эмас, Аргентина Миллий банки бош офисларида ва филилларида сотувини амалга оширган. Чипталар нархининг ошиб кетишига бир сабаб бўлган. Айнан шу сабабли ҳам мамлакат бўйича ҳар йили амалга ошириладиган бир жараённи бир ой олдин амалга оширишган.

Диққат савол: У қандай жараён?

Жамоа клуб ёрдамидан фойдаланди.

Жавобни Бобур Ёқубов беради: Ўйлашимизча, талабаларнинг сессиясини бир ой олдин тугатиб уйларига жўнатворишган, улар йўлда олибсотарлик қилмаслиги учун.

Тўғри жавоб: Доимгидек ҳамма киоскаларда эмас, марказий банк офисларида сотила бошланган. Бу ўз-ўзидан каттагина навбат ташкил этган. Илгаридан бундай ҳолларда талабалар асосий фигура бўлишган. Соатлаб бўлса ҳам қайта-қайта туриб, чипталарни сотиб олишиб, кейин бир неча бор қимматига сотишади. Ҳукумат билет сотувигача уларни уйларига жўнатиб юборган.

Ҳисоб: 1 - 3

Савол муаллифи Акмал Орипов 3 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

5-раунд. Савол муаллифи: Зилола Комилова, Тошкент вилояти Ангрен шаҳри

Бошловчи: Марҳамат “Заковат” сандиқчаси олиб чиқилсин!

Энди экранга қаранг.

Сандиқчадаги XIX аср ўрталарида яратилган. Экрандаги суратлар алмашувчи дейилади. Дастлаб сандиқчадаги ва бу суратлар уйғун бўлган. Тез орада бу уйғунликдан воз кечилади. Омманинг норозилиги сабабли воз кечилади.

Диққат савол: Ангренлик Зилола Комилова сўраяптилар, айтинг-чи сандиқчада нима бор?

Жавобни Шаҳноза Соатова беради: Сандиқчада гугурт бор.

Тўғри жавоб: Воз кечилишига сабаб, бу чиройли суратлар сандиқчадагиларнинг устида бўлган. Бу эса болаларни қизиқтириб қўйган. Анчайин хавфли бўлган сандиқчадагига бунақа қизиқарли суратлар ёпиштиришдан воз кечилган. Энди сандиқчани очамиз – унда гугурт бор. Бир пайтлар гугурт қутиси тепасига шу каби қизиқ-қизиқ суратлар ёпиштирилган.

Ҳисоб: 2 - 3

Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

6-раунд. Савол муаллифи: Мирзатилла Шоназаров, Тошкент шаҳри

Бошловчи: Азалдан инсон мартабага интилган. Аммо дунёни забт этса-да, уйида райҳон тагини чопиб яшаган хокисор зотлар ҳам бўлган. Бу саволнинг прологи ҳисобланади. Энди саволга ўтамиз.

Жалолиддин Румий кибри баланд инсонларга айтади: “Эй инсон, агар Каҳф тоғидек катта бўлсанг ҳам, У учун сен кичиксан”.

Диққат савол: Румий назарда тутган Уни топинг.

Жавобни Фурқат Қурбонов беради: Қабрдан кичиксан.

Тўғри жавоб:" Эй инсон, агар Каҳф тоғидек катта бўлсанг ҳам, тобутингга кафанингга кичиксан" – деган.

Унутма, қилган ҳар бир яхши-ёмон амалинг, ўзингга зиёдаси билан қайтгай деган.

Ҳисоб: 3 - 3

Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

7-раунд. Блиц саволлари.

1-савол муаллифи: Зарина Болтаева, Бухоро шаҳри

Мавзу: Адабиётдан топганларим.

Бошловчи: Явдат Илёсовнинг бу романи бош қаҳрамони ғаройиб феъли билан ажралиб туради. У бўлғуси суюкли хотини Зарани эрталаб кўриб, кечқурун тўй қилиб уйланган.

Диққат савол: Қайси тарихий шахс?

Жавобни Элдор Асанов беради: Спитамен

Тўғри жавоб: Спитамен.

2-савол муаллифи: Зарина Болтаева, Бухоро шаҳри

Мавзу: Адабиётдан топганларим.

Бошловчи: “Капитан Грант болалари” асарини ўқиб чиққанимдан кейин дейди савол муаллифи, ўзим сиғадиган кема ясаб олганман. Ҳар гал худди асар қаҳрамони сингари бир жараён бошланиши билан кемага кириб олардим”, – деб ёзади.

Диққат савол: Қандай жараёндан кейин кемасига кириб олган?

Жавобни Шаҳноза Соатова беради: Момақалдироқ чақиб, ёмғир ёғгандан кейин.

Тўғри жавоб: Ёмғир ёғгандан кейин.

3-савол муаллифи: Зарина Болтаева, Бухоро шаҳри

Мавзу: Адабиётдан топганларим.

Бошловчи: “Шоир Матназар Абдулҳаким шеъриятини ёқтираман”, – дейди савол муаллифи: Бир шеърларидан парча:

Олисдаги қоплон сезар бу ўлимни,

Фарёди унинг-да бошига етар.

Сўнгги қоплон ўлди. Энди бу мотамдан

У баттар қизариб кетар.

Диққат савол: Унинг нима эканлигини 2 та сўзда топинг.

Жавобни Бобур Ёқубов беради: Ботаётган қуёш

Тўғри жавоб: Қизил китоб

Ҳисоб: 3 - 4

Савол муаллифи Зарина Болтабоева 4 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

8-раунд. Савол муаллифи: Абдулазиз Дўстмуҳаммад

Бошловчи: XX аср ўрталарида Сибирнинг совуқ ҳудудларида яшовчи Тунгус халқини ўрганишга борган тадқиқотчилар уларнинг қизиқ бир одатига дуч келишган. Тунгус оилаларида овқатланиш вақтида дастурхонга аввал эркаклар ўтириб тўйиб овқатланишган. Сўнгра қолган қутган овқатларни аёллар ейишган. Кўпчилик аёллар қоринлари тўйиб овқат ейишмаган. Шунданми, аёллар озғин ва чаққон бўлишган.

Диққат савол: Нима учун уларда бундай овқатланиш тартиби жорий этилган?

Жавобни Ориф Толипов беради: Қандайдир хавф туғилганда, аёллар қочиши осон бўлиши учун чаққон ва озғин ҳолатда сақланиши керак бўлган.

Тўғри жавоб: Сибирда нима кўп йиртқич жонзотлар кўп. Эркакларни ҳаммаси буғу боқувчи чўпон ва овчи. Уларни қўлида албатта милтиқ бўлган. Ўзларини ҳимоя қила олишган. Аёллар бу ҳолатдага тушиб қолса тез қочиб беркинмоғи керак. Бунинг учун аёллар озғин ва чаққон бўлишлари талаб этилади. Шундан атайлаб кўп овқат ейишлмаган, табиий шароит мажбур қилган.

Ҳисоб: 4 - 4

Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

9-раунд. Савол муаллифи: Муҳаммадин Исмоил, Тошкент шаҳри Яшнобод тумани

Бошловчи: Бу каби уйлар АҚШда ХХ асрнинг 60–70-йилларида кўплаб қурилади.

Диққат савол: Нима мақсадда бундай уйлар қурилган? Нега 80-йиллардан кейин бундай уйлар қурилмай қўйган?

Жавобни Нурбек Алимов беради: Бунақа уйларни совуқ уруш даврида, айниқса, Кариб инқирозидан кейин ядро урушидан қўрққан одамлар бункер сифатида қуришган.

Тўғри жавоб: Ўша пайтларда АҚШда энергия инқирози юзага келган. Уйнинг бундай чуқур қурилиши иситиш ва совитиш ҳаражатларини тежаш учун эди.

Ҳисоб: 4 - 5

Савол муаллифи Муҳаммадин Исмоил 5 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

10-раунд. Савол муаллифи: Қаҳрамон Асланов, Қўқон

Бошловчи: Экранга қаранг!

Суратда Мисрдаги ҳукмдорлардан бирининг 60 тонналик ҳайкалини 172 киши томонидан судраб бориши акс этган. 172 киши тортаётган бу суратда бир кишини суратини оқ ранг билан беркитиб қўйилган, унинг бу жараёнда алоҳида хизмати бор.

Диққат савол: У бу жараёнда қандай вазифани бажаряпти, деб ўйлайсиз?

Жавобни Фурқат Қурбонов беради: Яшириб қўйилган инсон қолган пастдаги 172 нафар одамни қамчилаб турган.

Тўғри жавоб: Ҳайкал жуда оғир у киши ҳаракатга ёрдам бераяпти. Марҳамат, иккинчи суратни кўрайлик.

У кишининг вазифаси ҳайкални тагига сув қуйиш. Нам ерда ҳайкални судраш осон.

Ҳисоб: 4 - 6

Савол муаллифи Қаҳрамон Асланов 6 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

Энг яхши савол муаллифи - Қаҳрамон Асланов, Миср ҳукмдорлари ҳақидаги савол

Қаҳрамон Асланов 10 млн сўм пул мукофотини қўлга киритди.

Ўйиннинг энг фаол билимдони – Шаҳноза Соатова 

Шаҳноза Соатова 10 млн сўм пул мукофотини қўлга киритди.

Ўйиннинг тўлиқ видеосини ушбу ҳаволада томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид