Наманганда ўсмир отасининг машинасини бошқариб, 4 та қоидабузарлик ва ЙТҲ содир этди
У Equinox машинасининг давлат рақамларини ечиб ҳаракатланган ва ҳолатни видеога олиб, ижтимоий тармоқларга жойлаган.
Ижтимоий тармоқларда Наманганда авторақамсиз ҳолда қоидаларни бузиб юрган Equinox машинаси тасвирланган видео тарқалди. Ҳолат юзасидан ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати маълумот берди.
Маълум қилинишича, видеода тасвирланган ҳолат 2023 йил сентябр ойида содир бўлган. 2007 йилда туғилган ўсмир отасига тегишли машинани уйдан сўроқсиз олиб чиққан.
Сўнг унинг давлат рақамларини ечиб, шаҳар кўчалари бўйлаб қоидаларни қўпол тарзда бузган ҳолда ҳаракатланган. Ўсмир ҳолатни видеога олиб, ижтимоий тармоқларга жойлаган.
Наманган вилояти ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан ўсмир ва машина топилиб, унга нисбатан тегишли чоралар кўрилган.
Жумладан, машина эгасига нисбатан:
· Давлат рақамларини ўзбошимчалик билан ечиб ҳаракатлангани учун МЖтКнинг 125-моддаси 5-қисми билан;
· Ҳайдовчи ёшига етмасдан тегишли ҳужжатларсиз машина бошқаргани ва вояга етмаган шахсга транспорт воситасини бошқаришга топширгани учун МЖтКнинг 135-моддаси 2-қисми билан;
· Тегишли рухсат олмасдан машинага товуш чиқарувчи ва махсус ёритиш ускунасини ўрнатгани учун МЖтКнинг127-моддаси 2-қисми билан;
· Йўл ҳаракати қоидаларини бузиб, авария ҳолатини келтириб чиқаргани учун МЖтКнинг 128 прим 5-моддаси 2-қисми билан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.
Бундай ҳолатда машина жарима майдонига жойлаштирилиши лозим. Бироқ ўсмир йўл-транспорт ҳодисасига учрагани ва машина таъмирда бўлгани учун бунинг иложи бўлмаган.
ИИВ ЙҲХББ хабарида ўсмир машинани қандай ҳолатда ЙТҲга учратгани ва унда жабрланганлар бўлганми ёки йўқми, ойдинлик киритилмаган.
Аввалроқ, собиқ амалдорнинг ўғли экани тахмин қилинаётган ҳайдовчи 2024 йил 1 январ куни тунда Наманган шаҳрида Mercedes-Benz машинасини давлат рақамини ечиб қўйиб бошқарган ва 6 та қоидабузарлик содир этгани ҳақида хабар бергандик.
Бу ҳайдовчи ҳам ҳолатни Instagramʼдаги саҳифасида жонли ёритиб борган. ИИБ ЙҲХБ ходимлари томонидан ҳайдовчи топилган, унга нисбатан қонуний чора кўрилган. Машина жарима майдончасига жойлаштирилган.
Мавзуга оид
11:35
18 ёшли хавфли рецидивист: Наманганда машина олиб қочган ўсмир озодликдан маҳрум қилинди
17:26 / 04.11.2024
Наманганда аҳолига етказиб берилиши керак бўлган 13 тонна кўмир талон-торож қилинди
21:36 / 03.11.2024
Наманганда мактаб ўқувчиси ижарага машина олиб миниб ЙТҲ содир этди
12:11 / 22.10.2024