АҚШ: Россия Украинани ўққа тутиш учун КХДР ракеталаридан фойдаланяпти
Шимолий Корея яқинда Россияга баллистик ракета учирувчи қурилмалар, шунингдек, бир нечта шундай ракеталарни етказиб берди. Улар орқали аллақачон Украинага қарата ўқ узилган, дея маълум қилди Оқ уй.
Москва ва Пхенян ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик Россиянинг халқаро майдонда тобора яккаланиши фонида кучайиб бормоқда, дам олиш кунлари эса рус қўшинлари КХДРдан олинган баллистик ракеталарни Украинага қарата ўққа тутиш учун ишлатди. Бу ҳақда 4 январ, пайшанба куни АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши вакили Жон Кирби маълум қилди.
Унинг аниқлик киритишича, Шимолий Кореянинг камида битта ракетаси 30 декабр куни Россия томонидан учирилган бўлиши мумкин, 2 январ куни эса Россия қўшинлари томонидан яна бир нечта шундай ракеталар Украина ҳудудига учирилган. Ҳозирда Қўшма Штатлар ушбу ўқ-дорилардан фойдаланишнинг эҳтимолий оқибатларини баҳоламоқда.
Кирбининг сўзларига кўра, Пхеняндаги режим яқинда Россияга баллистик ракета учирувчи қурилмалар ва бир нечта шундай ракеталарни етказиб берган. Оқ уй матбуот котиби гап қанча ракета ҳақида кетаётганига аниқлик киритмади. «Бу Шимолий Корея Россияни қўллаб-қувватлашининг сезиларли ва хавотирли кучайиши», деди Жон Кирби.
Россия ва КХДР ўртасида ҳарбий технологиялар алмашинуви
Шимолий Кореяда ишлаб чиқарилган ракеталарнинг учиш масофаси 900 кмга яқин. АҚШ маъмурияти тахминига кўра, Пхенян ўз ёрдами эвазига Россиядан ҳарбий техника, жумладан, қирувчи самолётлар, «ер-ҳаво» ракеталари, зирҳли техника ва илғор ҳарбий технологияларни олмоқчи. Бу Корея яримороли ва бутун Ҳинд-Тинч океани минтақаси хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин, дея огоҳлантирди Кирби.
У шунингдек, АҚШ маълумотларига кўра, Москва ва Теҳрон ўртасида Эрон ракеталарини етказиб бериш бўйича музокаралар олға силжиётганини таъкидлади – халқаро яккаланиш кучайиши туфайли Россия ҳамфикр давлатлардан ҳарбий техника ва қурол излашга мажбур. Бироқ, Вашингтонда мавжуд бўлган маълумотларга кўра, Эрондан Россия Федерациясига ракеталар ҳали етказиб берилмаган.
Мавзуга оид
18:18
Россияда мигрантларни назорат этадиган «Мигрант ID» жорий қилиниши мумкин
13:46
Журналистлар Украинада 78 минг россиялик аскар ҳалок бўлганини тасдиқлади
13:19
NOS: Россия ҳакерлари Европа сунъий йўлдошларига ҳужум қиляпти
23:17 / 15.11.2024