Alaska Airlines самолёти эшиги парвоз вақтида узилиб кетди
Самолёт 5 минг метр баландликда фавқулодда ҳодисага дуч келди ва ерга қўнишга мажбур бўлди.
Американинг Alaska Airlines авиакомпаниясига тегишли Boeing-737 самолёти бортидаги босим пасайиб кетгани туфайли фавқулодда қўнишни амалга оширди.
Самолёт 5 январ куни Портленд шаҳридан Онтарио шаҳрига учаётган эди. Кўтарилганидан кўп ўтмай, тахминан 5 минг метр баландликда самолётнинг фавқулодда чиқиш эшиги узилиб кетди. Оқибатда, бортда босим пасайиб кетди ва экипаж зудлик билан ортга қайтишга қарор қилди. Boeing ҳавога кўтарилганидан 35 дақиқа ўтиб, ерга хавфсиз қўнгани таъкидланмоқда.
Самолёт бортида 171 йўловчи ва олти экипаж аъзоси бўлган. Уларнинг ҳеч бири жабрланмаган.
Alaska Airlines авиакомпанияси ўз паркидаги барча Boeing-737 самолётлари парвозини вақтинчалик тўхтатилганини эълон қилди.
Boeing заводи вакиллари ҳодиса юзасидан қўшимча маълумот тўпланаётгани ва тергов билан ҳамкорликка тайёр эканини маълум қилишди.