Интиқом байроғини кўтарган Эрон, Исроил жосусларини тутган Туркия ва Харкивни олишга ҳозирланаётган Россия — кун дайжести
Жаҳонда рўй берган воқеалар, ҳодисалар ва баёнотлардан иборат кун янгиликлари жамланмасини энди шанба кунлари ҳам эътиборингизга ҳавола этамиз...
ЭРОНДАГИ ТЕРАКТ
Эронда Кирмон вилоятида содир этилган террорчилик актига алоқадорликда гумонланган шахслар қўлга олинган.
Худкушларни қўллаб-қувватлаб турган икки террорчи Кирмондаги манзилидан ва яна 9 киши 6 та вилоятдаги турли манзиллардан топилган.
Эрон ахборот ва миллий хавфсизлик вазирлиги маълумотига кўра, Кирмонда ўзини портлатган худкушлардан бирининг миллати тожик бўлган. Иккинчи террорчининг шахси ҳозирча аниқланмаган.
Эслатиб ўтамиз, Кирмондаги қабристонда содир этилган террорчилик акти учун жавобгарликни ИШИД ўз зиммасига олган. Терактда 100 дан ортиқ инсон ҳалок бўлган, 200 га яқин одам яраланган.
Эроннинг Қум шаҳридаги Жомкорон масжиди узра «интиқом байроғи» кўтарилди. Уни Кирмон шаҳридаги генерал Қосим Сулаймоний қабри яқинида содир этилган теракт сабаб кўтаришган.
Сўнгги марта қизил байроқ тўрт йил муқаддам айнан Қосим Сулаймоний Ироқда АҚШ авиазарбаси туфайли ўлдирилганидан сўнг, 2020 йилнинг 3 январида кўтарилган эди. Шундан сўнг Эроннинг Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси АҚШнинг Ироқдаги Айн ал-Асад ҳарбий базасига зарба берганди.
ҒАЗОДАГИ ВАЗИЯТ
Ғазодаги фаластинликларни Исроил қаерга депортация қилмоқчи?
Исроил ОАВ маълумотларига кўра, хавфсизлик кабинетидаги манбалардан бири Конго иммигрантларни қабул қилишга розилик берганини айтган.
Бироқ бошқа давлатлар билан ҳам музокаралар олиб борилаётгани, вариантлардан бири сифатида Саудия Арабистони келтирилган.
Бошқа томондан, БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича олий комиссари Волкер Тюрк ва бошқа бир қатор хорижий расмий шахслар Исроилнинг ўнг радикал миллатчи вазирлари — Бецалел Смотрич ва Итамар Бен-Гвирнинг Ғазодаги тинч аҳолини учинчи давлатга чиқариб юбориш тўғрисидаги баёнотидан ниҳоятда ташвишда эканини айтиб, қоралаган.
Исроил нашрларига кўра, Исроил армияси Ғазодаги уруш оқибатида 12 мингдан ортиқ аскар ногирон бўлиб қолиши мумкинлигини тахмин қилмоқда.
Ҳозир аскарларни реабилитация қилиш бўлими 7 октябрдан бери ногирон деб эълон қилинган 3400 нафар аскар билан шуғулланмоқда.
РАМЗОН ҚОДИРОВНИНГ ТАКЛИФИ
Чеченистон раҳбари Рамзон Қодиров 20 нафар украиналик асирни озод қилиш эвазига қариндошларини санкциядан чиқариш ва Чехияда ушлаб турилган отларини озод этишни таклиф қилди.
У рўйхатни Грознийга келган америкалик собиқ разведкачи Скотт Риттерга берган.
«Бизда Донецк ва Луганскда қўлга тушган асирлар бор. Мен рўйхатни меҳмонимизга бераман. Агар улар онам, қизларим, ҳеч нарсада айби йўқ инсонларни санкциядан халос ва отларимни озод қилишса, биз бу инсонларни уйига қайтарамиз», — деган Қодиров.
Аввалроқ Рамзон Қодировнинг учта хотини — Медни Қодирова, Фотима Хазуева ва Амина Аҳмадова санкцияга тушган эди. Шунингдек Рамзон Қодировнинг онаси ҳамда қизлари Ойша, Карина ва Табарикка нисбатан ҳам санкция қўлланган.
Кейинроқ, Рамзон Қодиров ўзининг бу таклифи жиддий эмаслиги, АҚШ ҳеч қачон санкцияларни бекор қилмаслиги, у шунчаки «қалин троллинг» билан шуғулланганини таъкидлаб чиқиш қилди.
УКРАИНАДАГИ УРУШ
Украина Россиянинг Харкив остонасидаги янги босқинига тайёргарлик кўра бошлади. Россия ҳарбийлари январ ойининг ўрталарида Харкив томон юриш қилишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Украина разведкасига таяниб The Telegraph нашри хабар қилди.
7 январлардан бошлаб Москва ҳаводан ҳужум ва артиллерия зарбаларини кучайтириши ва бу зарбалар яқин ҳафталар ичидаги кенг кўламли ҳужумга тайёргарлик вазифасини ўтиши мумкин.
Украинанинг иккинчи шаҳари деярли ҳар куни ракета зарбаларига дучор бўлмоқда.
«Душмон хаотик отишмаларни уюштириб, асабийликни сақлаб туришга ва маҳаллий аҳолини террор қилишга ҳаракат қилмоқда», — деган маҳаллий губернатор Олег Синегубов.
ТУРКИЯДАГИ ИСРОИЛ ЖОСУСЛАРИ
Туркиянинг 8 та вилоятида 34 киши Исроил разведкаси топшириғига кўра, жосуслик қилаётганликда гумонланиб ушланганини хабар берган эдик. Улардан 15 нафарининг айби бўйнига қўйилиб, ҳибсга олинган. Қолган 19 кишига айблов эълон қилинмаган. Ушланганлар орасида Ўзбекистон фуқароси ҳам борлиги тўғрисида маълумотлар чиқди, бироқ бу расман тасдиқланмаган.
СУДЯГА ҲУЖУМ
АҚШда судланувчи тайинланган ҳукмга рози бўлмаган ҳолда судяга муштлари билан ташланди. У судядан синов муддати тайинланишига умид қилаётган эди.
Лас-Вегас суди судяси Мэри Кай Ҳолтус судланувчи Деобра Делоне Редданга зўравонлик билан боғлиқ жиноят учун қамоқ ҳукми чиқараётганда ҳужумга учради.
Ҳолтус унинг шартли синов муддати белгилашдан ва гаров эвазига қўйиб юборишдан бош тортганини эълон қилганида Реддан уни лаънатлай бошлаган ва кейин столдан сакраб, унга ташланган.
Суд ходимлари ва адвокатлар эркакни ушлаб қолишга ҳаракат қилишган, бироқ у ҳайратда қолган судяга бир неча марта зарба беришга муваффақ бўлган. Судя енгил тан жароҳати олган.
Энди судланувчига янги айбловлар қўйилган. Илгари у зўравонлик, талончилик ва мулкка зарар етказишда айбланган эди.
Мавзуга оид
13:18 / 23.12.2024
Оташкесимга яқин келган Ғазо, пулини ўзгартираётган Эрон ва немис журналистларига босимлар — кун дайжести
13:59 / 21.12.2024
Сувсиз қолаётган ғазоликлар, Полшага боришдан чўчиётган Нетаняҳу ва Ғарбий Африканинг ягона валютаси — кун дайжести
14:33 / 20.12.2024
Яманни бомбалаган Исроил, Сурияга қайтаётган қочқинлар ва Россияда кўпхотинликка рухсат — кун дайжести
13:16 / 19.12.2024