Жаҳон | 15:15 / 06.01.2024
5010
3 дақиқада ўқилади

Литва мактабларида рус тилида таълим олиш тақиқланиши мумкин

Литвада рус тилини ўргатиш тўхтатилиши мумкин, деб ҳисоблайди республика таълим вазири Гинтаутас Якштас. Мамлакатдаги миллий озчиликларнинг Европа Иттифоқи тиллари ўқитиладиган мактаблари ўз фаолиятини давом эттиради.

Фото: Reuters

Литва Республикаси ҳукумати давлат мактабларида рус тилидан таълим тили сифатида босқичма-босқич воз кечишнинг ҳуқуқий асосларини баҳолаш ниятида, деди республика таълим, фан ва спорт вазири Гинтаутас Якштас 5 январ, жума куни LRT миллий радиосида. Агар юридик нуқтайи назардан буни рад этиш мумкин бўлса, «биз ниманидир ўзгартиришни хоҳлаётганимизни тушунишимиз керак ва кейин бу ўзгаришлар нима бўлиши мумкинлигини аниқлаб олишимиз керак», деди вазир

Якштаснинг фикрича, Литва қўшни Латвия ва Эстониядан ўрнак олиши керак, улар нафақат рус тилида ўқитиладиган мактаблардан воз кечиш, балки уни чет тили сифатида ўқитишни ҳам рад этяпти. «Биз Европа Иттифоқи тилларига эътибор қаратишимиз керак, шунда миллий озчиликларнинг таълими уларнинг тилида амалга оширилади», деди у радиоэфирда. «Агар Украина каби дўст давлат бўлса, бошқалар билан ҳам икки томонлама шартномалар тузиш мумкин», - дея аниқлик киритди у. 

Вазирнинг таъкидлашича, Литва «бир неча ҳафта ичида» рус тилидаги таълимдан воз кечиш таклифини тақдим этади. Литвада бугунги кунда умумий таълим тизими мактабларида жами 300 мингга яқин ўқувчи таҳсил олмоқда, рус тилида таълим берадиган мактаблар улушига 15 мингга яқин ўқувчи тўғри келади, деди вазирлик раҳбари. 

Тақиқ фақат давлат мактабларига тааллуқли

Литва идораси раҳбари давлат таълим муассасалари ўрнига рус тилида ўқитиладиган хусусий мактаблар ташкил этилиши ва бунинг учун таълим эҳтиёжлари учун давлатдан маблағ олиш ҳам мумкинлигини истисно этмади. «Улар учун фақат маъмурий харажатлар бекор қилиниши мумкин», деди Якштас. 

Шу билан бирга, Литва миллий озчиликлар билан ишлаш департаменти бошлиғи Вайва Вежелите-Покладова Литва радиоси орқали миллий озчиликлардан бирининг мактаблари ёпилишини қўллаб-қувватламаслигини айтди. 

Мавзуга оид