Жаҳон | 00:50 / 06.01.2024
9683
2 дақиқада ўқилади

Урушдан кейинги Ғазо учун «тўрт бурчак режаси» таклиф этилди

Исроил мудофаа вазири Йоав Галант уруш тугаганидан сўнг, Ғазо секторини бошқариш режасини таклиф қилди: ҲАМАС ҳудудни назорат қилмайди, Фаластин раҳбарияти маълум шартлар остида секторни бошқаради, Исроил эса ҳудуддаги хавфсизликни назорат қилади.

Фото: Reuters

Исроил мудофаа вазири Йоав Галант уруш тугаганидан сўнг, Ғазо секторини бошқариш режасини таклиф қилди: ҲАМАС ҳудудни назорат қилмайди, Фаластин раҳбарияти маълум шартлар остида секторни бошқаради, Исроил эса ҳудуддаги хавфсизликни назорат қилади.

BBC хабарига кўра, ҳужжатнинг ишчи номи «тўрт бурчак режаси» бўлиб, у тўртта асосий қоидани амалга оширишни ўз ичига олади.

Биринчидан, Исроил Ғазода хавфсизликни таъминлаш учун масъул бўлади.

Иккинчидан, Исроилнинг йирик ҳаво ҳужумлари оқибатида вайрон бўлган Ғазо сектори Исроил ва халқаро ҳамкорларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракатлари билан қайта тикланади.

Учинчидан, Ғазо секторининг келажакдаги ҳаётида Мисрга алоҳида ўрин ажратилади. Жумладан, бу давлат Исроил билан биргаликда Ғазо чегарасидаги асосий назорат-ўтказиш пункти фаолияти учун масъул бўлиши керак.

Тўртинчидан, Ғазодаги мавжуд маъмурий тузилмалар фаолияти қўллаб-қувватланади. Бироқ, улардаги амалдорлар ҲАМАС ҳаракатига алоқадор бўлмаслиги лозим.

«Ғазода фаластинликлар яшайди, шунинг учун бошқарув масъулияти Фаластин ҳукумати зиммасига тушади, аммо Исроил давлатига қарши зўравонлик ва таҳдидлардан бутунлай воз кечиш шарти билан», деди Галант.

Исроил Бош вазири Бинямин Нетаняху мудофаа вазирининг таклифига ҳозирча изоҳ бермади.

BBC нашрининг қайд қилишича, Галантнинг «Тўрт бурчак режаси» анча мўътадил ва амалга оширилиши мумкиндек кўринмоқда. У исроилликлар томонидан маъқулланиши мумкин, аммо фаластинликлар томонидан рад этилиши муқаррар.

Фаластин маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббос бир неча бор Фаластин ҳудудлари жумладан, хавфсизлик соҳаси Фаластин ҳукуматининг тўлиқ назорати остида бўлиши кераклигини таъкидлаган.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу аввалроқ Ғазо секторининг келажаги ўта муҳим масала эканини, бироқ у уруш тугаганидан кейингина ҳал бўлишини айтган эди. Унинг фикрича, урушнинг асосий мақсади – ҲАМАС ҳаракатини тўлиқ йўқ қилиш.

Мавзуга оид