Жаҳон | 19:14 / 08.01.2024
11687
7 дақиқада ўқилади

Пентагон раҳбари шифохонага тушиб қолди, аммо бу бошқалардан «яширилди»

Уч кун давомида бу ҳақда на унинг ўринбосари, на АҚШ президенти хабардор қилинган. Республикачилар тушунтириш талаб қилмоқда.

US Department of Defense / Cover Images / Scanpix / LETA

2 январ куни АҚШ Мудофаа вазири ўринбосари Кэтлин Ҳикс ўз бошлиғи Ллойд Остиннинг баъзи ваколатларини зиммасига олди. Ҳикс ўша пайтда Пуэрто-Рикода таътилда бўлиб, Остин шифохонага ётқизилганини билмас эди. Бу ҳақда Пентагоннинг икки вакилига таяниб CNN маълум қилди.

АҚШ мудофаа вазирлиги 70 ёшли Ллойд Остиннинг шифохонага ётқизилганини фақат 5 январ куни эълон қилди. Қисқача пресс-релизда айтилишича, 1 январ куни кечқурун вазир одатдаги тиббий муолажалар оқибатида юзага келган асоратлар туфайли Миллий ҳарбий тиббиёт марказига ётқизилган. Бироқ «аллақачон тузалмоқда ва ўз вазифаларини тўлиқ бажаришга қайтмоқда».

Пентагон матбуот котиби Патрик Райдернинг аниқлик киритишича, Остин 22 декабр куни режадаги тиббий муолажадан ўтган ва эртаси куни уйига қайтган. Бироқ, 1 январ куни кечқурун «кучли оғриқ ҳис қилган», шундан сўнг шифохона реанимация бўлимига ётқизилган.

Кейинчалик маълум бўлишича, Остиннинг шифохонага ётқизилганини нафақат унинг ўринбосари, балки давлат котиби Энтони Блинкен ва АҚШ президенти Жо Байден ҳам билмай қолган.

Вазиятдан хабардор бўлган CNN манбасига кўра, Байден Остиннинг шифохонага ётқизилгани ҳақида бир неча кундан кейин билган. Бу ҳақда унга миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчи Жейк Салливан хабар берган, унинг ўзи Остин шифохонада эканидан фақат 4 январ куни кечқурун хабар топган.

Патрик Райдернинг CNN телеканалига айтишича, штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси генерал Чарлз Квинтон Браун Остиннинг шифохонага ётқизилгани ҳақида 2 январ куни хабардор қилинган. Аммо, телеканал таъкидлаганидек, у вазирликка бўйсунмайди.

Оқибатда, Остин штаб бошлиғи Келли Магсамен давлат котиби ўринбосари, миллий котиб ва миллий хавфсизлик маслаҳатчисига фақат 4 январ куни бошлиқнинг шифохонага ётқизилгани ҳақида хабарнома юборган. Райдернинг сўзларига кўра, у касаллиги туфайли буни илгарироқ қила олмаган (қандай касаллик экани ҳақида матбуот котиби тушунтириш бермади).

Ҳодиса туфайли кўплаб амалдорларда Пентагонга саволлар туғдирди ва Остиннинг ўзи «қаттиқ танқидга учради», деб ёзди CNN. «Бу одамларнинг барчаси Остинни доимий равишда қуршаб олишади, унга кун-у тун ёрдам беришади. Наҳотки ҳеч кимда бу ҳақда (унинг шифохонага ётқизилгани) Оқ уйга хабар беришга имкон йўқ эди? Ҳозирча ҳеч ким «яшириш» сўзини ишлатмаётганига ҳайронман», деди исмини ошкор этмаган Пентагон расмийси CNN телеканалига.

Республикачилар партияси вазирдан тушунтириш талаб қилди. Жумладан, Майк Рожерс ва депутат Адам Смит (биринчиси Қуролли кучлар қўмитасига раислик қилади, иккинчиси эса унинг аъзоси) томонидан эълон қилинган баёнотда, улар Остиннинг шифохонага ётқизилгани ҳақида қандай «маълумот берилганидан хавотирда» эканини айтган. «Бир нечта саволлар жавобсиз қолмоқда, жумладан, тиббий муолажалар ва юзага келган асоратлар, вазирнинг соғлиги ҳозир қандайлиги, унинг ваколатлари қандай ва қачон топширилгани, президент ва Конгрессни хабардор қилишнинг кечикиши сабаблари», деб таъкидлади республикачилар.

Қуролли кучлар қўмитасидаги энг юқори мартабали республикачи сенатор Рожер Уикернинг айтишича, Остиннинг шифохонага ётқизилиши бўйича шаффофликнинг йўқлиги «Байден маъмуриятига ишончни пасайтиради». У Пентагон томонидан мудофаа вазирининг соғлиги ҳақидаги маълумотлар бир неча кун давомида яширилганини номақбул деб атади.

Остин шифохонада ётган даврда, 4 январ куни АҚШ Бағдодда эронпараст «Ан-Нужаба» гуруҳи қўмондонини йўқ қилиш мақсадида ҳаво зарбасини берди. Пентагон матбуот котиби Патрик Райдернинг аниқлик киритишича, Остин бу зарбага шифохонага ётқизилишидан олдин рухсат берган.

Шунингдек, шифохонага ётқизилган куни вазир АҚШ президенти билан суҳбатлашган, унда Яман ҳусийларининг хориж кемаларига ҳужуми туфайли Қизил денгиздаги вазият ёмонлашуви муҳокама қилинган, деб ёзди CNN. Нашр суҳбатдошининг сўзларига кўра, қўнғироқ пайтида Остиннинг овози «одатдагидек» янграган.

CNN таъкидлаганидек, Остин шифохонага ётқизилгани ҳақида жамоатчиликка хабар бериш кечикиши бошқа шунга ўхшаш мисолларни ҳисобга олган ҳолда ҳайратланарли. Масалан, 2022 йилда АҚШ бош прокурори Меррик Ҳарленд операция қилинганида, Адлия вазирлиги жараёндан бир ҳафта олдин бу ҳақда батафсил баёнот берганди. Остиннинг ўзи ўша йил август ойида коронавирус тестининг мусбат натижаси ва АҚШ президенти билан сўнгги алоқаси ҳақида батафсил маълумот берган.

6 январ куни, АҚШ мудофаа вазири шифохонага ётқизилганидан беш кун ўтиб, Пентагон Остиннинг баёнотини эълон қилди. Вазир ўзини даволаган шифокорларга миннатдорчилик билдирган, оммавий ахборот воситаларининг «шаффофлик борасидаги ташвишлари»ни тушунишини айтган ва «жамоатчиликни вақтида хабардор қилиш учун яхшироқ ишлаши мумкинлиги»ни тан олган. «Мен яхшироқ ишлашга ваъда бераман. Аммо шуни айтишим керакки, бу менинг тиббий амалиётим эди ва мен маълумотни ошкор қилиш бўйича қарорларим учун жавобгарликни тўлиқ ўз зиммамга оламан», деб қўшимча қилди у.

Ўша куни Байден Остин билан «самимий суҳбат» ўтказди, деб ёзди Politico Оқ уйдаги манбасига таяниб. Нашр суҳбатдошининг таъкидлашича, президент ҳали ҳам «Остинга тўлиқ ишонади». Нашрнинг таъкидлашича, мудофаа вазири ва АҚШ президенти ўртасидаги муносабатлар яқин деб ҳисобланади ва Остин илгари Байден маъмурияти ичида ҳам, ташқарисида ҳам танқидларга учрамаган.

Остиннинг соғлиги ҳақидаги ҳолат ҳали ҳам Оқ уйнинг кўплаб расмийларига тўлиқ тушунарли эмас, аммо уларнинг баъзилари CNN билан суҳбатда бу ҳолат Америка президентининг вазирга нисбатан ижобий муносабатига таъсир қилиши даргумонлигини айтган. Оқ уй раҳбарига яқин бўлган бошқа манбага кўра, Байден узоқ вақтдан бери шахсий масалалар – ҳатто ҳукумат амалдорига тегишли бўлса ҳам, махфий бўлиши мумкин, деган фикрда.

Пентагон матбуот котиби Патрик Райдернинг сўзларига кўра, бу воқеа мудофаа вазирлигининг кўплаб расмийларида «чуқур умидсизлик»ка сабаб бўлганига қарамай, Остин истеъфога чиқиш ниятида эмас.

Мавзуга оид