Ўзбекистон | 13:10 / 08.01.2024
67655
3 дақиқада ўқилади

Қотил ёллаш ҳам қотиллик: Навоийда қайнакасини ўлдириш учун “киллер” ёллаган шахс 15 йилга қамалди

Ўтказилган тезкор тадбирда жабрланувчининг ўлдирилганлик ҳолати саҳналаштирилиб, фотосуратлари буюртмачига тақдим қилинган. Қайнакасининг ўлганига ишонган буюртмачи “киллер”га келишилган пулни бераётганда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан қўлга олинган.

Фото: "Бир жиноят изидан"

Навоий тиббиёт техникуми директори лавозимида ишлаб келган Аъзамжон Мустафоев турмуш ўртоғининг акасини ўлдириш учун қотил ёллаган. Бу ҳақда “Бир жиноят изидан” кўрсатувида маълум қилинди.

Навоий вилояти суди ахборот хизматининг Kun.uz’га очиқлашича, 2022 йилнинг март ойида содир этилган мазкур жиноят судда кўриб чиқилган.

Суд ҳукмида келтирилишича, Аъзамжон Мустафоев ва унинг қайнакаси Аброр Турсунов ўртасида олдиндан пул ва ер билан боғлиқ келишмовчилик бўлган.

Фуқаро Аброр Турсуновга тегишли, Самарқанд вилоятининг Пахтачи туманидаги “Аброрбек порлоқ келажаги” фермер хўжалиги ерлари 2018 йил март ойида ҳоким қарори билан ҳокимлик захирасига қайтариб олинади. Сўнгра тендер ўтказилиб, экин майдонлари Аъзамжон Мустафоевнинг отасига тегишли “Намунанинг зарли даласи” фермер хўжалигига берилади. Бундан норози бўлган Аброр Турсунов экин ерларини қайтариб олиш мақсадида туман ҳокимининг қарорини ҳақиқий эмас, деб топиш юзасидан юқори турувчи идораларга мурожаат қила бошлаган.

Шу ва бошқа сабаблар туфайли Аъзамжон Мустафоев қайнакаси Аброр Турсуновни қасддан ўлдириш учун режа тузган. Бунинг учун у ўзидан 3 минг АҚШ доллари қарз олган танишидан фойдаланади: унга агар “киллер” топиб, Аброр Турсуновни ўлдирса, қарзидан воз кечишини ҳамда яна 7 минг АҚШ доллари беришини айтади. Шифокор “иш” 15 март кунига қадар бажарилиши кераклигини таъкидлайди. Сабаби, 15-16 март кунлари “ер можароси” бўйича ўтказиладиган навбатдаги суд мажлисида Аброр Турсунов иштирок этмаслиги керак эди.

Аъзамжон Мустафоев ҳаммаси пулнинг кучи билан хамирдан қил суғургандек осон битади, деб ўйлаганди. Аммо ундай бўлмади: “ёлланган киллер” шифокорга чора кўришни сўраб, прокуратурага ариза билан мурожаат қилади. Унинг аризаси асосида тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилади. Аввалига жабрланувчи Аброр Турсунов чўл ҳудудига олиб чиқилиб, унинг ўлдирилганлик ҳолати саҳналаштирилади ва суратга олинади. Сўнгра суратлар буюртмачи Аъзамжон Мустафоевга тақдим қилиш учун берилади.

2022 йил 13 март куни Аъзамжон Мустафоев Нарпай тумани Мирбозор қўрғони ҳудудида “қотиллик” учун келишилган пулни берган вақтида қўлга олинади.

ЖИБ Хатирчи тумани судининг 2022 йил 19 августдаги ҳукми билан Аъзамжон Мустафоев Жиноят кодексининг 25, 28, 97-моддаси 2-қисми “и, п” бандларида кўрсатилган жиноятни (қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) содир қилганликда айбли деб топилган. Унга нисбатан 15 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Навоий вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2023 йил 12 июндаги ажрими билан Аъзамжон Мустафоев айбидан Жиноят кодексининг 25, 28, 97-моддаси 2-қисми “и” банди чиқарилган. Биринчи инстанция суди ҳукмининг қолган қисми ўзгаришсиз қолдирилган.

Мавзуга оид