Ўзбекистон | 17:39 / 08.01.2024
16431
14 дақиқада ўқилади

Ватикан ҳукумати СССРда яратилган қайси маҳсулотга асосий мижоз бўлган? – “Заковат”нинг навбатдаги ўйинидан репортаж

1928–1936-йилларда элчи бўлиб ишлаган Назир Тўрақулов ўша пайтларда хорижий журналистларнинг қайси саволига “Инглизлар Истанбул портидан бизнинг кемаларни ўтказмаяпти” дея жавоб берган? Японияда кексалар Ундан воз кечиш орқали кўплаб чегирма ва имтиёзларга эга бўлиши мумкин. Нимадан? – “Заковат” телеўйини қишки мавсумининг бешинчи ўйинида Жобир Аҳмедов жамоаси иштирок этди.

Жамоа аъзолари (суратда чапдан ўнгга): \ Фото: Заковат
  • Муҳаммад Али Валихонов - ИНҲА университети талабаси;
  • Азамат Қобилов - Тарихчи;
  • Жобир Аҳмедов - Шифокор (жамоа сардори);
  • Хушнуд Худойбердиев - ҳуқуқшунос;
  • Рушана Ражабова - Филолог;
  • Ҳаётилла Раҳмонов - Алоқачи;

Ўйинни суратга олиш жараёнидан лавҳалар

Жобир Аҳмедов жамоаси 2023 йилнинг қишки мавсум бешинчи ўйинида иштирок этади.

1-раундда Леонардо да Винчи Мона Лиза суратини чизиб якунлаш арафасида ёрдамчиларидан 3-4 та гул олиб келишларини сўрагани ва гулларга қараб нимани чизгани ҳақида савол ўйналди. 1-раундданоқ қийинроқ савол тушгани сабабли ҳисоб телетомошабинлар фойдасига очилди – 0:1.

2-раундда Қадимги Римда қайси соҳанинг пайдо бўлишига ҳайкаллар сабабчи бўлгани ҳақида савол ўйналди. Муҳокама давомида жамоадан тўғри жавоб чиқмади ва ҳисоб 0:2 кўринишини олди.

Жамоа аъзоси Рушана Ражабова

3-раундда Японияда 2016 йилдан бошлаб кексалар учун ўтказилаётган ғаройиб акция ҳақидаги савол ўйналди. Акция доирасида кўплаб чегирма ва имтиёзларга эга бўлиши учун кексалар нимадан воз кечишлари кераклиги сўралди. Ушбу саволга Азамат Қобилов муддатидан олдин тўғри жавоб бериб жамоага илк очкони келтирди. Ҳисоб – 1:2.

Жамоа аъзоси Азамат Қобилов

4-раундда Жанубий Кореядаги метроларда тасвирланган соғлом ва семиз инсонлар белгиси қандай маънони англатиши сўралди. Ушбу саволда ҳам жамоа осонлик билан тўғри жавобни топа олди ва ҳисобни тенглаштиришга эришди. Ҳисоб – 2:2.

Жамоа сардори Жобир Аҳмедов

5-раундда Абдулла Ориповнинг “Мутойиба” шеърига асосан тузилган савол ўйналди. Шеърга кўра, инсон бу дунёда кимларни бозорсиз ҳам сотиш мумкин, аммо сотиб олиш мумкин эмаслиги ҳақидаги саволга ҳам жамоа қийналмасдан тўғри жавоб берди ва ҳисобда олдинга ўтиб олди. Ҳисоб – 3:2.

Жамоа аъзоси Муҳаммад Али Валихонов

Кейинги раундда замонавий самолётларнинг орқа қисми хавфсиз бўлишига қарамай, нега бизнес-класс ўриндиқлари самолёт олд қисмига ўрнатилгани ҳақидаги савол берилди. Муҳокама ўрталарида Ҳаётилла Раҳмонов тўғри вариантни айтган бўлса-да, жамоа томонидан бу вариант эътиборсиз қолдирилди. Ҳисоб – 3:3.

Жамоа аъзоси Ҳаётилла Раҳмонов

7-раундда ислом уламоси Абул Фараж: “Ундан кўра оғирроқ уйқу йўқ” деганида нимани назарда тутгани ҳақидаги савол ўйналди. Ушбу саволга жамоа бироз бошқача жавоб берди ва бошловчи жавобни нотўғри деб ҳисоблади. Ўйинда юзага келган баҳсли вазиятни ҳал қилиш учун Клуб манфаатини ҳимоя қилувчи вакил Умид Наримовга мурожаат қилинди. Умид Наримов ҳам жамоа жавобни етарлича очиб бермаганини қайд этиб, жамоанинг жавобини нотўғри деб топди. Ҳисоб – 3:4.

8-раундда ўтган асрнинг 60-йилларидан бошлаб, Ватикан ҳукумати СССРда яратилган қайси турдаги маҳсулотларнинг асосий мижози бўлгани сўралди. Афсуски, кетма-кет учинчи раундда ҳам билимдонлар жамоаси муҳим очколарни бой берди. Ҳисоб – 3:5.

Кейинги раундда 1928-1936-йилларда элчи бўлиб ишлаган Назир Тўрақулов ўша пайтларда хорижий журналистларнинг қайси саволига “Инглизлар Истанбул портидан бизнинг кемаларни ўтказмаяпти” дея жавоб бергани ҳақидаги савол ўйналди. Ушбу раундда Азамат Қобилов яна бир марта жамоа жонига ора кириб, навбатдаги муҳим очкони келтирди. Ҳисоб – 4:5.

Жамоа аъзоси Хушнуд Худойбердиев

10-раундда Ибн Синонинг “Тиб қонунлари” китоби асосида тузилган блиц саволлари тушди. Афсуски, блицнинг илк саволидаёқ жамоа муваффақиятсизликка учради ва ўйин шу ерда якунига етди.

Шундай қилиб, мавсумнинг бешинчи ўйини Жобир Аҳмедов жамоасининг 4:6 ҳисобидаги мағлубияти билан тугади. Ушбу ҳисоб жамоанинг кейинги мавсумга ўтишини таъминлаган бўлса-да, финалга чиқиш имкониятидан маҳрум қилди.

Қишки мавсум финали, яъни йил финалида мавсум бошидаги 6:4 ҳисобидаги ғалабаси эвазига Фаррух Рафиқов жамоаси ўйнайдиган бўлди.

Ўйин стенограммаси билан қуйида танишиб чиқишингиз мумкин.

1-раунд. Савол муаллифи: Диёра Раҳматуллаева, Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани

Бошловчи: Леонардо да Винчи Мона Лиза суратини чизиб якунлаш арафаси, ёрдамчиларидан 3-4 та гул олиб келишларини сўрайди. 2-3 кундан кейин буюртмани якунлайди.

Диққат савол: Гулларга қараб нимани чизган?

Жавобни Азамат Қобилов беради: Бизнинг фикримизча, Леонардо да Винчи картинани тугатаётгандаги охирги иш рамка бўлиши мумкин. Рамкадаги гулларни чизган деб ўйлаймиз.

Тўғри жавоб: Суратда тонг маҳали тасвирланган. Тонг маҳали шабнамни чизиш учун гулга қараб чизган. Эрталаб тонгда гулга шабнам тушган, кейин уни чизган. Унинг орқа томонида ландшафтда шабнамни яқинлаштириб кўрса бўлади.

Ҳисоб: 0 - 1

Савол муаллифи Диёра Раҳматуллаева 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

2-раунд. Савол муаллифи: Элбек Набижонов, Фарғона шаҳри

Бошловчи: Қадимги Римда у соҳа пайдо бўлишига ҳайкаллар сабабчи бўлган. Марказий Осиёда унинг пайдо бўлиши ҳақида ёзилган тарихий китобларда, ёзув пайдо бўлиши билан бир вақтда дунёга келгани ҳақида ёзилган.

Диққат савол: Гап қайси соҳа ҳақида кетмоқда?

Жавобни Хушнуд Худойбердиев беради: Қадимги Римдаги ҳайкалтарошлик ва Марказий Осиёдаги ёзувларни боғлайдиган нарса бу – тош. Бу ерда гап сангтарошлар ҳақида кетмоқда.

Тўғри жавоб: Қадимги Римда ҳайкаллар жуда кўп бўлган. Ҳукмдорлар, сенаторларнинг ҳайкаллари ва бюстлари бир ерга тўпланиб, улар авайлаб-асралган. Марказий Осиёда ёзув пайдо бўлгач, у соҳа ривожлана бошлаган. Ёзув билан бирга ҳужжатлар, шартномалар пайдо бўлган. Бу – архив соҳаси эди.

Ҳисоб: 0 - 2

Савол муаллифи Элбек Набижонов 2 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

3-раунд. Савол муаллифи: Жамшид Раҳмонов, Наманган вилояти

Бошловчи: Японияда 2016 йилдан бошлаб кексалар учун ёқимли акция ўтказилаётган экан. Уларга умрининг охиригача ресторанларда овқатланишда, ҳаммомга тушишда, такси хизматидан фойдаланишда чегирма ва имтиёзлар бериларкан. Ҳатто вафот этса, дафн қилишда ҳам чегирмалар қўлланилар экан. Эвазига улар нимадандир воз кечишлари шарт бўлади.

Диққат савол: Бу каби фуқаролар нимадан воз кечишлари шарт бўлган?

Жамоа муддатидан олдин жавоб беради.

Жавобни Азамат Қобилов беради: Кексалар ҳайдовчилик гувоҳномасидан воз кечиши керак.

Тўғри жавоб: Ҳукумат агар катта ёшдаги кишилар ўз хоҳишлари билан автомобил бошқаришдан бош тортиб, ҳайдовчилик гувоҳномасини давлатга топширса, ушбу нафақадаги кишиларга юқоридаги имтиёзлар умрбод бериларкан.

Ҳисоб: 1 - 2

Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

4-раунд. Савол муаллифи: Фаррух Жўрабоев, Корея

Бошловчи: Экранга қаранг.

Бу каби белгиларни Жанубий Кореядаги метроларда кўриш мумкин.

Диққат савол: Бу белгилар нимани англатади?

Жавобни Хушнуд Худойбердиев беради: Бу белгиларнинг эскалаторга, бири зинага кўрсатилган. Эскалаторда юрсанг, сен ҳаракат қилмайсан, семириб кетиш хавфинг бор, деган огоҳлантириш бор. Зинадан тушсанг, доимий спорт, бадантарбияга ўхшаш нарса, соғлигинг учун фойдали деган тарғиб бор.

Тўғри жавоб: Бу соғлом турмушни тарғиб қилувчи белги. Озғин кишилар, яъни соғлом бўлишни истовчилар бу ёққа юринг, ортиқча вазнли яъни, носоғлом бўлишни истовчилар бу ёққа юринг демоқда. Бу белгиларнинг бири зина томонни, иккинчиси лифт томонни кўрсатмоқда.

Ҳисоб: 2 - 2

Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

5-раунд. Савол муаллифи: Мухлиса Бердонова, Қашқадарё вилояти, Нишон тумани

Бошловчи: Мухлиса бу саволни Абдулла Ориповнинг “Мутойиба” шеъридан илҳомланиб тузганлар.

Дунё ҳақиқатдан кенг, унда шаталоқ ҳам отилади, тошдек бир жойда ҳам қотиб қолинади. Айтишларича, инсон бу дунёда уларни топгани келармиш. Уларни бозорсиз ҳам сотиш мумкин, аммо сотиб олиш мумкин эмас. Стокголмда у номдаги стадион бор, АҚШда энг машҳур сериаллардан бири У ном билан аталади.

Диққат савол: Абдулла Орипов шеъри нима ҳақида?

Жавобни Рушана Ражабова беради: Фикримизча, дўстлар ҳақида.

Тўғри жавоб: Абдулла Орипов “Мутойиба” шеърида ёзганлар:

Дунё кенг, шатлоқ отиш мумкиндир,

Ёки харсангтошдай ётиш мумкиндир,

Эсиргап айтгандай ҳақиқий дўстни

Сотиб олиб бўлмас, сотиш мумкиндур.

Тўғри жавоб – Дўст

Ҳисоб: 3 - 2

Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

6-раунд. Савол муаллифи: Дониёр Очилов, Қашқадарё вилояти, Қарши тумани.

Бошловчи: Замонавий самолётларнинг орқа қисми хавфсиз бўлишига қарамай, бизнес-класс ўриндиқлари самолёт олд қисмига ўрнатилган. Бунинг бир неча сабаблари бор. Бизнес-класс ўриндиқлари нега олдинга ўрнатилгани хусусида гап кетмоқда. Самолёт жуда кам ҳалокатга учрайдиган транспорт воситаси ҳисобланади. Мабодо ҳалокат рўй берса, ундан тирик қолишнинг бутунлай иложи йўқ. Озгина умид бор, орқа ўриндиқларда ўтирганларда. Лекин барибир бизнес-классни олдинга жойлаштиришгани қизиқ.

Диққат савол: Нега хавфлироқ бўлса ҳам, бизнес-класс ўриндиқлари барибир олдинда жойлаштирилган?

Жавобни Хушнуд Худойбердиев беради: Гап ўйлашимча, хавф ҳақида кетяпти. Балки, хавфли вазиятда эвакуация қилиш энг аввало бошидан бошланади. Шунда уларда хавфли вазиятда биринчи бўлиб чиқиш имконияти бўлади.

Тўғри жавоб: Бизнес-класснинг олдинга ўрнатилишига сабаб, у ерга мотор овози эшитилмайди. Самолёт қанотлари билан ташқи кўриш ойналари тўсиб қўйилмайди.

Ҳисоб: 3 - 3

Савол муаллифи Дониёр Очилов 3 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

7-раунд. Савол муаллифи: Хуршид Ўринбоев, Тошкент шаҳри Юнусобод тумани

Бошловчи: Ислом уламоси Абул Фараждан ҳикмат: “Шаҳватдан моликроқ қуллик йўқ, қариликдан комилроқ огоҳлантирувчи йўқ, қалб ўлимидан кўра ёмонроқ мусибат йўқ ва биз сўрамоқчи бўлган ҳолатдан оғирроқ уйқу йўқ”.

Диққат савол: У қандай уйқу?

Жавобни Хушнуд Худойбердиев беради: Бомдод вақтидаги уйқу.

Тўғри жавоб: У – ғафлат уйқуси. Кўп ухловчиларга нисбатан “ғафлат босиб ётибсанми7” дейилади.

Ҳисоб: 3 - 4

Савол муаллифи Хуршид Ўринбоев 4 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

8-раунд. Савол муаллифи: Алишер Қулмуродов, Жиззах вилояти

Бошловчи: Собиқ иттифоқда ишлаб чиқариладиган маҳсулотларни ғарб капиталистик мамлакатлари унча хуш кўришмаган. Иттифоқда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар хоҳ саноат, хоҳ илмий, хоҳ бадиий маҳсулотлари бўлсин, уларнинг стандартига ҳам, ғоя мафкурасига ҳам тўғри келмаган. Аммо расмий маълумотларга ишонадиган бўлсак, ўтган асрнинг 60-йилларидан бошлаб, энг ортодоксал деб ҳисобланган Ватикан ҳукумати СССРда яратилган бир маҳсулотнинг энг асосий мижози бўлган.

Диққат савол: Яратилган сўзига эътибор бериб айтинг-чи, Ватикан СССРдан айнан қандай маҳсулотни сотиб олган?

Жамоа клуб ёрдамидан фойдаланди.

Жавобни Ҳаётилла Раҳмонов беради: Балки, қўнғироқ қуйиш масаласида Ватикан СССРга мурожаат қилган бўлиши мумкин.

Тўғри жавоб: Ватикан ўсиб келаётган ёш авлоднинг тарбиясига катта аҳамият берган. Шунинг учун, ғоявий жиҳатдан энг мос маҳсулот деб иттифоқда ишлаб чиқарилган мултфилмларни сотиб олган. Жавоб совет мултфилмлари. Ғарбда ишлаб чиқарилган мултфилмлар тарбияга зид, болаларга хос бўлмаган ғояларни тарғиб қилган бўлган.

Ҳисоб: 3 - 5

Савол муаллифи Алишер Қулмуродов 5 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

9-раунд. Савол муаллифи: Хуршид Турсунов, Наманган вилояти Норин тумани

Бошловчи: 1928–1936-йилларда элчи бўлиб ишлаган Назир Тўрақуловдан ўша пайтларда хорижий журналистлар бир масалада ундан сўрашади. Совет элчиси Тўрақулов бу саволга “Инглизлар Истанбул портидан бизнинг кемаларни ўтказмаяпти” дея жавоб беради.

Диққат савол: Мухбирнинг нима деб берган саволига, элчимиз шу тахлит жавоб берган?

Жавобни Азамат Қобилов беради: Назир Тўрақулов у пайтда СССРнинг Саудия Арабистонидаги элчиси бўлган. Журналист берган савол: “Нима учун Собиқ Иттифоқдан Ҳажга одамлар келмаяпти?”

Тўғри жавоб: Савол қуйидагича бўлган: “Нега совет мусулмонлари орасида Ҳажга борувчилар кам?” - деб сўралган. Назир Тўрақулов ўша йиллари совет иттифоқининг Саудия Арабистонидаги элчиси бўлган. Бу ХХ асрнинг 30-йилларидаги гап. Ўша вақтларда Ҳажга асосан кемалар орқали борилган.

Ҳисоб: 4 - 5

Билимдонлар жамоаси 1 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

10-раунд. Блиц саволлари.

1-савол муаллифи: Шерзод Каттабобоев

Мавзу: Ибн Сино Тиб қонунлари.

Бошловчи: Сигир сутини кўпроқ ичинг, унда қувват ва барокат бор, дейилади “Тиб қонунларида”.

Диққат савол: Фалсафий фикрлаб айтинг-чи, сигир сутига қувват ва барокат қаердан келади, 2 та сўз билан таъриф беринг.

Жамоа қўшимча вақтдан фойдаланади.

Жавобни Хушнуд Худойбердиев беради: Она меҳри ва оқликдан.

Тўғри жавоб: Ер ва осмондан. Ейдиган гиёҳларидан жавобини ҳам қабул қилса бўлади. Сигир сути ер ва осмон барокатидан ҳосил бўлади.

Ҳисоб: 4 - 6

Савол муаллифи Шерзод Каттабобоев 6 миллион сўм пул мукофотини қўлга киритди.

Энг яхши савол муаллифи – Шерзод Каттабобоев, сигир сути ҳақидаги блицнинг биринчи саволи билан

Шерзод Каттабобоев 10 млн сўм пул мукофотини қўлга киритди.

Ўйиннинг энг фаол билимдони – Азамат Қобилов

Азамат Қобилов 10 млн сўм пул мукофотини қўлга киритди.

Ўйиннинг тўлиқ видеосини ушбу ҳаволада томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид