Жаҳон | 15:51 / 08.01.2024
4867
2 дақиқада ўқилади

WSJ: Маскнинг топ-менежерлари унинг гиёҳванд моддалар истеъмол қилишидан хавотирда

Тадбиркор SpaceX ҳукумат шартномалари, ўн минглаб иш ўринлари ва инвесторларнинг триллион долларлик активларини хавф остига қўйиши мумкин бўлган турли гиёҳванд моддаларни истеъмол қиляпти, деб ёзади WSJ.

Фото: Antonio Masiello/Getty Images

Tesla ва SpaceX топ-менежерлари ушбу фирмалар бош директори Илон Маск гиёҳванд моддаларни истеъмол қилаётганидан хавотирда. Бу ҳақда 6 январ куни The Wall Street Journal (WSJ) тадбиркор ва унинг компаниялари билан таниш бўлган исми ошкор этилмаган суҳбатдошларига таяниб хабар берди

Тақиқланган моддалардан фойдаланиш SpaceX компаниясининг ҳукумат билан миллиардлаб долларлик шартномаларини хавф остига қўйиши мумкин, дея таъкидлайди WSJ. Ушбу компания хизматларидан АҚШ Миллий аэронавтика ва коинот тадқиқотлари миллий бошқармаси (NASA) бир неча бор фойдаланган.

Маск WSJ сўровларига жавоб бермади. Унинг адвокати Алекс Спиро таъкидлашича, тадбиркор «SpaceX’да мунтазам ва тасодифий равишда гиёҳванд моддалар бўйича тестдан ўтказилади ва ҳеч қачон тест ёмон натижа бермаган». 

Инвесторларнинг триллион долларлик активлари хавф остида 

Маск ўз компанияларининг «қиймати бўйича ажралмас қисм», шунинг учун унинг хатти-ҳаракати потенциал равишда инвесторларнинг тахминан бир триллион долларлик активлари, ўн минглаб иш ўринлари ва Қўшма Штатлар космик дастурининг катта қисмини хавф остига қўяди, дея хабар беради газета. 

Сайёрадаги энг бой одам ЛСД, кокаин, экстази ва галлюциногенларни шахсий базмларда истеъмол қилади, базм иштирокчилари тадбирга киришдан олдин маълумотни ошкор қилмаслик тўғрисида шартнома имзолайди ёки телефонларини топширади, дея тушунтирган газета манбалари. 2018 йил сентябр ойида Илон Маск жонли эфирдаги видеоподкаст пайтида марихуана истеъмол қилган, бу эса жамоатчиликнинг катта норозилигига сабаб бўлди. Бундан ташқари, тадбиркор кетаминни гўёки тиббий мақсадларда ишлатишини айтган. 

Мавзуга оид