Жаҳон | 20:32 / 09.01.2024
15114
9 дақиқада ўқилади

Ғазога ҳужумни сусайтираётган Исроил, Россиянинг пулидан умидвор Украина ва ит ўлдириб ейишга қарши Корея — кун дайжести

Дунёда сўнгги сутка ичида содир бўлган энг муҳим ва эътиборга молик воқеа-ҳодисалар, баёнотлар жамланган янгиликларимизни дайжест шаклида тақдим этамиз.

Ғазодаги вазият

Исроил Ғазодаги ҳаво ҳужумларини камайтириш режаларини эълон қилди. Шунингдек, қўшинлар сони ҳам қисқариши таъкидланмоқда.

ЦАҲАЛ Ғазо секторидаги амалиёти камроқ аскарлардан фойдаланиш ва ҳаво ҳужумлари сонини камайтиришдан иборат янги босқичга ўта бошлади, деган ЦАҲАЛ вакили Даниэл Ҳагари.

Ҳагарининг сўзларига кўра, ЦАҲАЛ январ ойида Ғазо секторидаги қўшинлари сонини қисқартиришни бошлаган ва бу жараён келгусида ҳам давом этади. Исроил ҳарбийлари кенг кўламли манёврлар ўтказишдан бир марталик рейдлар ўтказишга ўтгани сабабли, Ғазо шимолидаги амалиётлар интенсивлиги ҳам пасая бошлади.

Исроилнинг келажакдаги режалари ҳақида гапирар экан, ЦАҲАЛ вакили ҳарбийлар асосий эътиборни ҲАМАС ҳаракатининг жанубий ва марказий таянч нуқталарига, хусусан, Хон Юнус ва Дайр ал-Балоҳ атрофидаги ҳудудларга қаратишни режалаштираётганини таъкидлади.

Қайд этиш керак, Ғазода Исроил томонидан ўлдирилганлар сони бугунги кунга келиб 23 минг кишидан ошган. Уларнинг катта қисми аёллар ва ёш болалар. Минглаб фаластинликлар бедарак кетган, уларнинг жасади вайроналар остидан чиқариб олинмаган. 

Исроилдаги вазият

Ироқнинг «Ан-Нажба» ҳаракати Исроилнинг Ҳайфа портига уюштирилган ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олди. «Ан-Нажба» ҳаракати вакилининг сўзларига кўра, Ҳайфага ҳужум — ироқлик қарши турувчиларнинг бу шаҳардан ҳам узоқроқда жойлашган жойларни нишонга ола билиши тўғрисидаги сигнал бўлган.

«Бизнинг мақсадимиз — АҚШнинг минтақадаги режасини барбод қилиш ва Ғазо секторида сионистик режимнинг ҳаракатларини сусайтириш», деган ҳаракат вакили.

Исроил «Ҳизбуллоҳ»нинг юқори мартабали аъзосини йўқ қилди. Ўлдирилган Жавод ат-Тавил Ливан шиаларининг «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати «Ризвон кучлари» махсус бўлинмаси қўмондонининг ёрдамчиси эди. У исроил ҳарбий ҳаво кучларининг зарбаси натижасида ўз автомобилида ёндириб юборилган. Жавод ат-Тавил Ливаннинг жанубида «Ҳизбуллоҳ»нинг операцияларини бошқаришда етакчи ролни ўйнаётган эди. 

Украинани тиклаш

Россиянинг музлатилган активлари Украинани қайта тиклаш харажатларини 80 фоизга қоплайди, деган Украина ташқи ишлар вазири Дмитро Кулеба.

Кулебанинг айтишича, Украина мамлакатни қайта тиклаш учун маблағларни Россиянинг музлатилган пулларидан олиши аниқ. Дастлабки пуллар Россия билан уруш якунлангунга қадар келиб тушишидан умид қилмоқда.

«Бу нарса амалга ошиши 100 фоиз аниқ, у қандай ҳажмда бажарилиши масала бўлиб турибди. Чунки учта элемент бор: ўша музлатилган активларнинг ўзи, улардан даромадлар ва даромадлардан солиқлар. Музлатилган активлар қайта тиклашга маблағ эҳтиёжларининг 80 фоизини қоплашга етади. Биз мактаблар, касалхоналар, инфратузилмани уларни вайрон қилган мамлакат ҳисобига қайта қуриб оламиз», — деган Кулеба. 

АҚШнинг Украинага ёрдами

АҚШ конгресси Киевга ёрдам ажратилиши учун президент Жо Байдендан Украинадаги уруш қандай якунланишини тасвирлаб беришни талаб қилмоқда.

Президент администрацияси Украина бўйича аниқ стратегияни шакллантириши керак, деган АҚШ Вакиллар палатаси спикери, республикачи Майк Жонсон.

«Украинадаги финал қанақа бўлади? Бизнинг стратегияси қандай? Мақсадимиз нима? Солиқ тўловчиларнинг қимматбаҳо долларлари устидан керакли назоратни қандай ўрнатамиз?» — деган Жонсон CBS News телеканалига.

Унинг эслатишича, АҚШнинг давлат қарзи 34 трлн долларга етган ва Украинага пул ажратиш учун Вашингтон яна қарз олишига тўғри келади. Шу сабабли Киевга ёрдам «рационал тарзда» тақдим этилиши керак. 

Россиянинг урушдаги ютуғи

Россиянинг радиоэлектрон кураш тизимлари Украинанинг HIMARS ракеталари ва юқори аниқликдаги Exalibur ракеталарини йўлдан адаштиришни ўрганиб олган, деб ёзади Financial Times нашри.

Қайд этилишича, Россия радиоэлектрон кураш тизимлари бу борада Украинаникидан катта устунликка эга.

«Москва радиоэлектрон кураш тизимларидан ракеталар отилганини имитация қилиб, Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини чалғитиш ва уларнинг жойлашган ўрнини аниқлаб олишда ҳам фойдаланмоқда», — деган Украина бош штаби вакили Павленко.

Унинг сўзларига кўра, Украина қуролли кучлари айни дамда Россия томонидан дронларнинг оммавий ишлатилиши туфайли ҳам катта муаммоларга дучор бўлмоқда. 

Финландия-Россия чегараси

Финландия вазирлар маҳкамаси шу ҳафта ичида Россия билан чегарадаги назорат-ўтказиш пунктларини очиш масаласини кўриб чиқиши керак эди. Лекин чегараларни ёпиқлигича қолдиравериш эҳтимоли катта бўлиб турибди, деб ёзади Helsingin Sanomat газетаси.

Нашрнинг аниқлик киритишича, ҳукуматга жамоатчилик катта босим ўтказмоқда. Декабр ойида аҳоли ўртасида ўтказилган сўровномаларга кўра, финларнинг жуда катта қисми Россия билан чегаралар умуман очилмаслигини қўллаб-қувватлашади.

Эслатиб ўтамиз, Россия томони Яқин Шарқ ва Африкадан мигрантларни олиб келиб, Финландия чегарасига ташлаб, сунъий миграцион кризис яратгани сабабли Финландия ҳукумати чегарадаги 9 та назорат ўтказиш пунктини 15 январгача вақтинчалик ёпиш тўғрисида қарор чиқарган эди. 

Арман-Озарбойжон сулҳи

Арманистон Озарбойжоннинг сулҳ тузиш тўғрисидаги таклифига жавоб берган. Расмий Ереван Бокунинг сулҳ шартномаси бўйича таклифларига жавоб берган.

Арманистон Хавфсизлик Кенгаши котиби Армен Григоряннинг баёнотига кўра, январ ойининг охирида чегараларни делимитация қилиш учун комиссияларнинг янги учрашуви ҳам ўтказилади.

«Сулҳ шартномаси бўйича ижобий динамика бор, бироқ айрим масалалар ҳам борки, улар бўйича яқин орада силжиш бўлишидан умидвормиз. Қисқа фурсатларда сулҳ шартномасини якунлаб, имзоланишидан умид қилиб турибмиз», — деган Григорян. 

Венесуэла-Гайана можароси

Жанубий Америкада яна бир қайноқ нуқта пайдо бўлиш хавфи ҳамон чекингани йўқ. Гайана можароси яна авж олиши мумкин.

Венесуэла раҳбари Николас Мадуро Венесуэланинг Гайана билан баҳсли ҳудудларига тарихий ҳуқуқини тасдиқлади.

Мадуро мамлакат парламенти — Миллий ассамблея томонидан иккинчи ўқишда Гайана-Эссакибони Венесуэланинг 24-штати деб қабул қилиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқишни ҳам маъқуллади. 

Техасдаги портлаш

АҚШнинг Техас штатидаги Форт-Уэрт шаҳридаги Sandman Signature ҳотелида юз берган портлаш оқибатида камида 21 киши жабрланган, деб хабар беради Fox News.

Телеканалнинг хабар беришича, бир кишининг аҳволи ўта оғир, тўрт киши жиддий жабрланган, лекин уларнинг ҳаётига ҳеч нарса хавф солмаяпти. Қолганлар енгил жароҳат олган. Ўлганлар йўқ.

Воқеа содир бўлган жойда ишлаётган ўт ўчирувчилар ҳотелда газ портлаганини таъкидлаган. 

Туркиянинг илк фазогири

Туркиялик космонавтнинг коинотга илк парвози санаси маълум бўлди.

Туркиянинг саноат ва технологиялар вазири Меҳмет Фотиҳ Качирнинг маълум қилишича, илк турк фазогири Алпэр Гезеравчи 2024 йилнинг 18 январ куни космосга учади.

Алпэр Гезеравчи испан, италян ва швед космонавтлари билан бирга учади. AX-3 миссияси халқаро космик станцияга АҚШнинг Флорида штатидаги Кеннеди космик марказида SpaceX Falcon 9 ракетасида учувчи SpaceX Dragon космик кемасида парвоз қилади. 

Жанубий Кореяда гўштини ейиш учун ит етиштириш ва уни ўлдириш тақиқланмоқда

Мамлакат парламенти тегишли қонунни қабул қилди. Қонун лойиҳаси қарийб бир овоздан қабул қилинди. 208 нафар депутат ёқлаб овоз берди, фақат икки киши ўйланиб қолди. Энди ҳужжатни президенти Юн Сук Йол имзолаши керак.

Қонунга кўра, итни ейиш учун ўлдирган инсонга уч йилгача қамоқ жазоси ва 30 млн вон (23 минг долларга яқин) жарима солиниши мумкин.

Итларни сўйиш учун боқаётганларга ҳам жарима ва қамоқ жазоси берилади. Фақат ит гўштини истеъмол қилганлик учун қонунда жазо назарда тутилмаган.

Фермалар ва ресторанлар эшак ва ит гўштини сотиш билан шуғулланувчи индустрия билан боғлиқ бизнес эгаларига бизнесини ёпиш ёки фаолиятини ўзгартириш учун уч йил вақт бериладиган бўлди.

Мавзуга оид