Украина Ғарбдан ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари етказиб беришни «ҳозироқ» оширишни сўрамоқда
Украина ҳаво мудофааси янада самаралироқ бўлса, Россия ракетаси ёки учувчисиз самолёти тасодифан НАТО ҳаво ҳудудига учиб кириши эҳтимолини камайтириши таъкидланмоқда.
Шу ҳафта бўлиб ўтадиган Украина-НАТО кенгаши йиғилишида Киев Ғарбдан ҳаво мудофаасини тезда кучайтириш учун янги кафолатлар олишига умид қилмоқда, деди Украина ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулеба Politico нашрига.
«Энг муҳими, биз учрашувдан Украинанинг ҳаво ҳужумидан мудофаа қобилиятини янада мустаҳкамлаш бўйича муҳим қарорлар қабул қилинишини кутамиз. Ҳам замонавий тизимлар, ҳам ўқ-дорилар нуқтаи назаридан», деди Кулеба.
Нашрнинг эслатишича, Украина-НАТО кенгаши йиғилишини Россия армиясининг Украинага ракета ҳужумлари кескин кучайиши ва ўнлаб одамларнинг ўлимига сабаб бўлганига жавоб сифатида ўтказишга қарор қилинган.
Кулебанинг айтишича, Украина ҳаво мудофааси янада самаралироқ бўлса, Россия ракетаси ёки учувчисиз самолёти тасодифан НАТО ҳаво ҳудудига учиб кириши эҳтимолини камайтиради.
«Ҳамма ҳисоб-китобларга кўра, иттифоқчиларимиз Украина ҳаво мудофаасини кучайтириш учун барча мавжуд кучларни ҳозироқ сафарбар қилишлари мантиқий бўлар эди», деди Дмитрий Кулеба.
2 январ куни Кулеба ижтимоий тармоқда ўз мамлакати мудофаа учун зудлик билан қўшимча ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва ўқ-дориларга муҳтожлигини ёзган эди.
Украина ҳарбийларининг хабар беришича, 8 январга ўтар кечаси содир бўлган сўнгги кенг кўламли ҳужум чоғида Украина Қуролли кучлари Россиянинг барча саккизта камикадзе дронини уриб туширишга муваффақ бўлган, бироқ Украинага қарата учирилган 51 та ракетадан атиги 18 таси уриб туширилган.
9 январ куни Украина Қуролли кучлари Ҳарбий-ҳаво кучлари вакили Юрий Игнат Украина ҳарбийларида бошқариладиган зенит-ракеталар етишмаслигини тан олди.
Мавзуга оид
13:19
NOS: Россия ҳакерлари Европа сунъий йўлдошларига ҳужум қиляпти
23:17 / 15.11.2024
Россияда «ўлик жонлар»ни урушга юборган «военкомат» ходимлари қўлга олинди
23:13 / 15.11.2024
Россиялик ҳакерлар Европа сунъий йўлдошларига ҳужум қилмоқда
22:30 / 15.11.2024