Жаҳон | 11:15 / 12.01.2024
2688
3 дақиқада ўқилади

Новосибирскда авария туфайли юзлаб уйлар иссиқликсиз қолди

Новосибирск ҳокимияти маълумотларига кўра, 400 га яқин уй иссиқлик таъминоти тизимига қайта уланган. 124 та уй ва 10 та ижтимоий объект иссиқлик ва иссиқ сувсиз қолмоқда. 13 та мактаб масофавий таълимга ўтди.

Фото: РИА Новости

Новосибирскда иситиш тизимидаги авария натижасида бир неча юзта уй иссиқлик ва иссиқ сувсиз қолди. «Бутун чап қирғоқ бўйлаб иссиқлик таъминоти параметрлари пасайтирилди, ҳозир улар қайта тикланмоқда, қайта ишга тушириш ва турар жой биноларини иссиқлик билан таъминлаш жараёни давом этмоқда. Айни пайтда 400 га яқин уй қайта уланди», — деди шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Олег Клемешов пайшанба, 11 январ куни.

Авария зонасида - 64 та мактаб ва 70 та болалар боғчаси

Шаҳар ҳокимияти маълумотларига кўра, Ленин туманидаги қувурда авария туфайли 124 та турар жой биноси ва 10 та ижтимоий объект ҳамон иссиқлик ва иссиқ сувсиз қолмоқда. Ҳокимлик Ленин ва Киров туманларида 13 та мактаб масофавий таълимга ўтказилганини маълум қилди. Яна 9 та мактабда биринчи сменада дарслар қисқартирилган.

Аввалроқ «Сибирская генерирующая компания» бироз кичикроқ узилишлар ҳақида хабар берган эди. «Узилиш контурида - 104 та уй ва 13 та ижтимоий муассаса. Носозликни аниқлаш даврида Ленин ва Киров туманларидаги бир қатор уйларга иссиқлик таъминоти ҳам чекланган», - дея маълум қилди у. Компания маълумотларига кўра, яқин вақтда авария оқибатларини бартараф этиш режалаштирилган. Пайшанба куни Новосибирскда ҳаво ҳарорати кундузи тахминан -15 даража, кечаси эса -20 даражадан пастга тушади.

«Сибирский экспресс» Telegram-канали таъкидлаганидек, Новосибирскнинг Ленин туманида магистрал иссиқлик тармоғида авария содир бўлган, натижада турар жой бинолари ва бошқа биноларда иссиқлик ва иссиқ сув таъминоти узилиб қолган, кўчалар сув остида қолган. Вилоят ҳукумати «вазият Уй-жой коммунал хўжалиги ва энергетика вазирлиги назоратида» эканини таъкидлади.

Жиноий иш қўзғатилган

Россия Федерацияси Тергов қўмитаси истеъмолчилар ҳаёти ёки соғлиғи хавфсизлиги талабларига жавоб бермайдиган хизматлар кўрсатиш бўйича жиноий иш қўзғатди. «Туман прокурорларига иссиқлик таъминоти тармоқлари фаолиятининг қонунийлигини, ресурслар билан таъминловчи ташкилотлар, бошқарувчи корхоналар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини қўшимча текшириш бўйича топшириқлар берилди», — дейилади вилоят прокуратураси матбуот хизмати хабарида.

Сўнгги ҳафталарда Россиянинг бир қанча вилоятларида шунга ўхшаш ҳодисалар содир бўлди. Январ ойи бошида Москва вилоятидаги иссиқлик трассасида содир бўлган авария энг катта резонансга сабаб бўлди, бунинг натижасида Подолскда 20 мингга яқин одам иссиқликсиз қолди. Аҳолининг сўзларига кўра, Россиянинг Европа қисмидаги совуқлар вақтида хонадонларда ҳаво ҳарорати +10 даражагача тушиб кетган. Шу куни Подолск ҳокимияти муаммони бартараф этиш учун қўшимча куч ва воситаларни қўллаш мақсадида маҳаллий фавқулодда ҳолат жорий қилди. Подолскнинг Климовск микрорайонида иссиқлик таъминотидаги узилишлар бўйича жиноий иш 7 январ куни қўзғатилди, кейинроқ эса Подолск вице-мэри қўлга олинди.

Мавзуга оид