Жамият | 01:09 / 12.01.2024
6942
2 дақиқада ўқилади

Танқиддан сўнг: Тошкентда 50-автобуснинг санитар ҳолати тартибга келтирилди

Тошкентда ифлос автобусда йўловчилар ташилаётгани ҳақида хабар берилганди. Эълон қилинган видеодан кейин “Тошшаҳартрансхизмат” 50-автобуснинг санитар ҳолати яхшилангани, транспортни шу ҳолатда йўналишга чиқарган навбатчи механикка чора кўрилганини маълум қилди.

Фото: Тошшаҳартрансхизмат

11 январ куни Kun.uz Юнусобод йўналишининг “Юнусобод 9-даҳаси – Чингелди маҳалласи” оралиғида ҳаракатланувчи 50-йўналишдаги автобусда тозаликка эътибор қилинмаётгани акс этган видео эълон қилган эди.

Ҳолат юзасидан “Тошшаҳартрансхизмат”нинг таҳририятга маълум қилишича, ҳозирда автобуснинг санитар ҳолати тартибга келтирилган, масъуллар жойига чиқиб муаммони бартараф этишган. Буни компания матбуот хизмати тақдим қилган суратларда ҳам кўриш мумкин.

Қайд этилишича, автобусни бу ҳолатда йўналишга чиқарган навбатчи механикка чора кўрилган. 

""5-автобус саройи" филиали навбатчи механиги Х.Б ўз хизмат вазифасига совуққонлик билан қараб, санитар ҳолати талаб даражасида бўлмаган 50-сонли автобусни йўналишга чиқаргани учун, ойлик маошининг 15%и миқдорида жарима жазоси қўлланилди.

Шунингдек, ушбу ҳолатни тезкорлик билан бартараф этиш мақсадида, сарой рақами 156-бўлган мазкур 50-сонли автобус автошохбекатга етиб келганида масъул ходимлар томонидан тозаланиб, санитар ҳолати тартибга келтирилганлигини ҳамда ҳозирда йўналишда тоза, озода ҳолатда йўловчиларга хизмат кўрсатаётганлигини маълум қиламиз",– дейилади АЖ расмий xabarida

"Тошшаҳартрансхизмат" АЖ автобус саройи филиалларида белгиланган тартибга кўра, барча автобуслар йўналишдан қайтганидан сўнг уларнинг санитар ва техник ҳолатлари текширилиб, ҳар куни ювиб-тозалаш ишлари олиб борилади. Эрта тонгда навбатчи механик томонидан текширув ўтказилиб, техник соз ва санитар ҳолати тоза бўлган автбуслар йўналишга чиқарилади.

Тақдим этилган суратлар

Мавзуга оид