Сардорнинг Саудияни мағлуб этишидан Соннинг дублигача. Осиё кубоги-2015ни қандай эслаймиз?
Осиё кубоги-2011да Ўзбекистон турнирдаги энг яхши натижасини қайд этган бўлса-да, Вадим Абрамовнинг истеъфосидан сўнг Миржалол Қосимов бошқарувида аламли тарзда ЖЧ-2014га йўлланма ололмаганди. Осиё кубоги-2015 олдидан таркибга Сардор Рашидов, Игор Сергеев ва Жамшид Искандеров сингари ёшлар жалб этилган, Австралиядаги турнир ҳаяжонли воқеаларга бой ўтган, аммо бу сафар ҳам Қосимов шогирдларига муҳим паллада омад етишмаганди.
Қосимов истеъфо сўраган эди, аммо...
Омадсиз якунланган ЖЧ-2014 саралашидан сўнг Миржалол Қосимов ЎФФ томонидан миллий жамоада қолдирилиши маълум қилингач, мураббийнинг ўзи бош жамоа рулидан истеъфога чиқишни сўрайди, аммо ўша пайтдаги футболимиз раҳбари Мираброр Усмонов ўзбек футболи афсонасига ишонч билдириб, жамоани Осиё кубогига олиб боришни тайинлайди. Шу сабаб мухлислар Қосимовнинг миллий жамоада қолганидан норози бўлишганди.
Осиё кубоги-2011да жамоамиз етакчилари сафида бўлган Максим Шацких, Улуғбек Бақоев, Виктор Карпенко сингари тажрибали ўйинчилар миллий жамоадаги фаолиятини якунлаган эди. Бу сафарги турнирда уларнинг ўрнини миллий жамоада тобора ўрнини топаётган Сардор Рашидов, Игор Сергеев, Жамшид Искандеров, Фаррух Сайфиев сингари ёшлар эгаллаганди.
Ўзбекистоннинг Осиё кубоги-2015 учун таркиби:
Мусобақани «В» гуруҳида бошлаган вакилларимиз Шимолий Корея, Хитой ва Саудия Арабистонига қарши майдонга тушди.
1-турда Шимолий Кореяга қарши баҳсда Игор Сергеевнинг ягона голи миллий жамоамизга турнирни ғалаба билан бошлаш имкониятини берганди – 1:0.
Иккинчи ўйинда Хитойга қарши ўйнаган вакилларимиз тенгма-тенг ўйинда мағлубиятга учраганди. Одил Аҳмедов ҳисобни очган бўлса-да, хитойликлар сўнгги дақиқаларда камбэк уюштирганди – 1:2.
Гуруҳдан кейинги босқичга чиқиш учун Саудия Арабистони билан баҳсда фақат ғалаба қозониш талаб этиларди. Муҳим паллада Сардор Рашидов катта саҳнага чиқди. Ҳужумкор яримҳимоячи шу куни мусобақадаги энг яхши ўйинини кўрсатиб, дублга эришганди. Унгача бош ҳакам Виталий Денисов ва саудиялик футболчининг тўп учун курашган оддий вазиятида Нестеров дарвозаси томон пеналти белгилаган ва араблар ҳисобни тенглаштирганди. Ўйиндаги иккинчи голга Воҳид Шодиев муаллифлик қилган – 3:1.
Саудияни гуруҳда қолдириб, Хитойдан кейинги 2-ўрин билан плей-оффга йўлланма олган миллий жамоамизни Жанубий Корея кутиб турганди.
120 дақиқалик ўйин ва Сон Ҳён Миндан дубл
Осиё кубоги-2011нинг 3-ўрин учун баҳсида корейслардан учралган мағлубиятдан (2:3) сўнг бу сафар Миржалол Қосимов шогирдларида реванш олиш имконияти бор эди. Ўйиндан олдин Одил Аҳмедов 4 йил аввалги мағлубиятни эслаган ва Жанубий Кореяни мағлуб этиш мумкинлиги ҳақида гапирган эди.
Қизиқарли ўтган 120 дақиқалик ўйин давомида миллий жамоамизда ҳисобни очиш учун бир қанча имкониятлар пайдо бўлганди. Сардор Рашидов рақиб дарвозаси олдида бир неча марта хавфли вазият яратган бўлса, асосий вақтнинг сўнгги дақиқаларида Лутфулла Тўраев бош билан деярли бўш қолган дарвозани ишғол эта олмаган эди.
Қўшимча бўлимнинг 104-дақиқасига келиб Сон Ҳён Мин Нестеров дарвозасини нишонга олган бўлса, 120-дақиқада фахрий ҳимоячи Ча Ду Рининг Жамшид Искандеровни ортда қолдириб, уюштирган рейди Соннинг дубли билан якунланганди – 2:0. Шу тариқа, миллий жамоамизнинг Австралиядаги миссияси чоракфиналда тўхтаган эди.
Ўша турнирда Жанубий Корея финалгача етиб борган ва Сон Ҳён Мин яна сўнгги дақиқаларда гол урганига қарамай, Австралия 105-дақиқадаги гол эвазига Осиё чемпионига айланганди – 2:1.
Осиё кубоги-2015. «B» гуруҳи
1-тур. 2015 йил, 10 январ
Ўзбекистон – Шимолий Корея 1:0
Гол: Игор Сергеев (62).
2-тур. 2015 йил, 14 январ
Хитой – Ўзбекистон – 2:1
Голлар: Ву Хи (54), Сун Ке (86) – Одил Аҳмедов (25).
3-тур. 2015 йил, 18 январ
Ўзбекистон – Саудия Арабистони – 3:1
Голлар: Сардор Рашидов (2, 78), Воҳид Шодиев (71) – Муҳаммад ал-Саҳлави (60, пенальти)
Чоракфинал. 22 январ
Жанубий Корея – Ўзбекистон – 2:0
Голлар: Сон Ҳён Мин (104, 120).
Усмон Ибодов
Мавзуга оид
21:17 / 24.04.2024
Футзал бўйича Осиё кубоги-2024. Ўзбекистон Ветнам билан ўйинда камбэк кўрсатиб, яримфиналга йўлланма олди
21:25 / 12.02.2024
Қатардаги олтин турнир: футбол бўйича қитъа чемпионатига ичкаридан назар
15:02 / 12.02.2024
Позитив. Миллий жамоанинг Қатардаги иштироки ҳақида
22:05 / 07.02.2024