«Кембриж бешлиги» – СССР ташқи разведка хизмати учун ишлаган британиялик жосуслар кимлар эди?
Совет ташқи разведка хизмати 1930 йиллардан бошлаб бир неча британияликни ўз томонига оғдиришга муваффақ бўлади ва улар билан муваффақиятли ҳамкорлик қилади. Ўша британияликларнинг бир гуруҳи «Кембриж бешлиги» ёки «Қойилмақом бешлик» деб аталган. Бу гуруҳ аъзоларининг уч нафари фош бўлганидан сўнг СССРга кўчиб келиб яшаган ва орден ҳамда медаллар билан тақдирланган.
Ғарб ва СССР ўртасидаги жосуслик ўйинлари тарихига назар ташланса, КГБ ҳамда совет ташқи разведка бошқармаси ходимларидан жуда кўпчилиги Ғарб давлатларига қочиб ўтганини кўриш мумкин.
Уларнинг аксарияти АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) ёки Британиянинг МI хавфсизлик хизмати билан ҳамкорлик қилган. Шунингдек, аксинча Британия ёки АҚШ хавфсизлик хизмати ходимларидан айримлари советлар фойдасига ишлаган.
КГБ жосусларининг Ғарбга қочиб ўтишларига айрим ҳолларда пул, бошқасида СССРда зўравонлик ва маъмурий буйруқбозлик устига қурилган тузум сабаб бўлган. Ғарбга қочиб кетган жуда кўп КГБ ходимлари совет иттифоқидаги адолатсиз ва зўравон тузумда яшашни хоҳлашмаганини айтган.
Уларнинг айримлари хизматлари қадрланмаганини сабаб қилиб кўрсатган. Ёки ноҳақ жабр кўргани учун аламзада бўлган ва Ғарбга қочиб ўтган.
Бироқ шундай бўлса-да МРБ ёки Британиянинг МI хавфсизлик хизмати фойдасига ишлаган жосусларга, Ғарбга қочиб бориб кўплаб махфий маълумотларни ошкор қилган КГБ ходимларига жуда катта миқдорда мукофот пуллари тўланган.
Шунингдек, Ғарб давлатларида эркин жамият ва юқори маош тўланганига қарамасдан айрим ҳолларда СССР фойдасига жосуслик қилган шахслар ҳам учраб турган.
Уларнинг айримлари советларнинг «бутун дунёни тенг қилиш» ҳақидаги пуч ғоясига учган бўлса, бошқалари ўз давлатида жабр чеккани учун аламзада бўлгани учун шу йўлни танлаган.
Советлар учун хизмат қилган ана шундай жосуслардан бир гуруҳи «Қойилмақом бешлик» ёки «Кембриж бешлиги» деб аталади.
Гуруҳ аъзолари Британияда юқори лавозимларни эгаллаган ва жосус сифатида совет ташқи разведка хизмати билан ҳамкорлик қилган.
Аслида жосуслар ҳеч қачон гуруҳ бўлиб ишламайди ва «Кембриж бешлиги»га кирган шахслар ҳам билан ҳам шундай бўлган. Уларнинг барчаси алоҳида ишлаган. Шунчаки, жосусларнинг барчасини бир шахс ёллагани учун тарихда улар «Кембриж бешлиги» гуруҳи деб аталган.
«Кембриж бешлиги»нинг тарихи ва унинг аъзолари
«Кембриж бешлиги» гуруҳининг тарихи 1930-йилларга бориб тақалади. Ғарбда «Отто» лақаби билан ишлаган совет жосуси Арнолд Дейч Британияда бир неча шахсни советлар фойдасига жосуслик қилишга кўндиради.
Булар:
· Ким Филби (1912-1988) – лақаби «Stanley»;
· Доналд Маклейн (1913-1983) – лақаби «Homer»;
· Энтони Блант (1907-1983) – лақаби «Johnson»;
· Гай Бёржесс (1911-1963) - лақаблари «Hicks», «Медхен», «Паул»;
· Жон Кернкросс (1913—1995) – лақаби «Лист»
Бу шахслар Оттанинг таъсирига тушган пайтида 20 ёшдан сал ошган бўлишган. Йигитларнинг бешови ҳам Кембрижда туғилган ва шу сабабли кейинчалик уларнинг гуруҳи «Кембриж бешлиги» деб аталган.
Кейинчалик, йигитлар университетда коммунистлар таъсирига тушган Майкл Доббс исм-шарифли шахс таълим бергани ва ўша пайтда уларни совет иттифоқига хайрихоҳ қилиб қўйгани маълум бўлади.
Ўшанда Доббс дарсдан сўнг тўгарак ташкил қилган ва унда социализмнинг афзалликлари ҳақида маъруза ўқиб турган. Доббс советларнинг ёлғон ташвиқотига учган эди ва ўз маърузаларида СССРни кўп мақтарди. Бу йигитлар онгига таъсир этмасдан қолмайди.
«Кембриж бешлиги» гуруҳидаги йигитлар совет жосуслари билан ҳамкорликни бири олдин, бошқаси кейинроқ, турли йилларда бошлаган.
Барчаси олийнасаб оилалар фарзанди бўлган йигитлар йиллар ўтиб Британияда жуда катта амалларга эга бўлишади ва бу уларнинг жосус сифатидаги қийматини оширади.
Масалан, Ким Филби кейинчалик Британиянинг MI-5 ва MI-6 махсус хизматларида, Доналд Маклейн ва Гай Бёржесс, Жон Кернкросс Британия ташқи ишлар вазирлигида, Энтони Блант эса Британия ташқи разведка хизматида ишлайди ва қирол Георг VI га маслаҳатчи бўлади.
Ўша пайтларда советлар СССРда мислсиз қатағонлар уюштириб, миллионлаб инсонларни қатағон қилиб турган бўлса-да, дунёга «ҳаммани тенг қилган, адолатли ва фаровон давлат» сифатида тарғиб қилинарди. Катта эҳтимол билан британияликлар «Отто»нинг таъсирига шу сабабли тушиб қолганди.
Британияда анча таниқли бўлган бу бешлик 1950 йиллар бошигача СССР фойдасига жосуслик қилишади ва шу пайтдан бошлаб шубҳа остида қолишади. Кўп ўтмай улар бирин-кетин фош бўла бошлайди.
Энг аввал Доналд Маклейн ва Гай Бёржесс фош бўлади ва СССРга қочади. Уларнинг орасида эҳтиёткорроқ бўлган Ким Филби 1963 йилда Москвага қочиб келади.
Жон Кернкросс ҳам шубҳа остида қолгач ишдан бўшатилади ва у Америкага кетади. У айнан АҚШда юрган пайтида MI-5 томонидан қўлга олинади. Бироқ Кернкросс ўзидаги барча маълумотларни MI-5 ходимларига бергач, уни қўйиб юборишади.
Энтони Блант эса шубҳа остига қолганда ҳам СССРга кетишни хоҳламайди ва Британияда қолади. Унга қарши аниқ далиллар топилмайди, дахлсиз ҳуқуққа эга бўлгани учун Блантни маҳкамага торта олишмайди.
МРБнинг собиқ директори Аллен Даллес «Кембриж бешлиги»ни «Иккинчи жаҳон уруши пайтидаги энг кучли жосуслик гуруҳи» деб атаган.
2015-2016 йилларда Financial Times нашри «Кембриж бешлиги» бўйича суриштирувлар олиб боради советлар фойдасига жосуслик қилган яна бир шахс Седрий Белфрижни гуруҳнинг олтинчи аъзоси эканини ёзиб чиқади. Бироқ бу тасдиғини топмаган.
«Кембриж бешлиги»нинг жосуслик фаолияти
1941 йил Жон Кернкросс Британия махсус хизматининг Блетчли-паркда жойлашган махфий разведка бўлимига ишга киради. Бу бўлим асосан немис ҳарбийларининг хабарларини тутиш ва уларни «ўқиш» билан шуғулланарди.
Ўша йили сентябрда у Москвага муҳим маълумот – Британия бош вазири Черчиллнинг атом бомба яратиш ҳақидаги махфий докладини юборади.
1943 йил февралда Кернкросс немислардан тутилган сигналларга асосланиб Германия армияси Курск атрофида кенг кўламли ҳужумга ўтишга тайёргарлик кўраётгани ҳақида хабар юборади.
Москвадагилар немисларга муносиб қаршилик кўрсатиш учун Курскка қўшимча кучларни юборади. Натижада бу ҳужум муваффақиятли қайтарилади.
Урушдан сўнг, 1947 йилда СССРнинг Лондондаги элчихонасига Юрий Модин исм-шарифли ходим юборилади. У шахс аслида ташқи разведка бошқармаси ходими бўлган.
Модин Лондонда Бёржесс, Блант ва Кернкросс билан учрашиб, улар билан ҳамкорликни давом эттиради. Шундан сўнг Модин «энг зўр жосус» деб атаган Кернкросс Москвага ғарбликлар томонидан тузилиши режалаштирилган НАТО ҳарбий блоги ҳақидаги барча махфий маълумотларни беради.
Ўша маълумотларда Шимолий Атлантика ҳарбий блоги таркибида қайси давлатлар бўлиши, ташкилотни асосан ким молиялаштириши, ташкилот структураси кабилар бор эди.
Орадан икки йил ўтгач НАТО тузилади. Гуруҳ аъзолари фош қилингунча советларга яна кўплаб махфий маълумотларни юборади. Бешликнинг бошқа аъзолари ҳам турли вазифаларни бажаришади.
Жосусларнинг фош бўлиши
1940-йиллар охирида, 1950-йиллар бошида Британия ташқи разведка хизмати «Кембриж бешлиги»га кирган шахслардан шубҳалана бошлайди ва пинҳона суриштирувлар ўтказади.
Икки йиллик суриштирувлардан сўнг Британия ташқи разведка хизмати ходими Дик Уайт Доналд Маклейннинг совет жосуси эканини фош қилади.
1951 йилдаёқ Ким Филби Маклейнни огоҳлантириб, у ва Бёржессни фош этишгани ҳақида айтади. Филби уларга СССРга қочишни маслаҳат беради.
MI-5 Маклейн ва Бёржессни ҳибсга олиш арафасида Модин уларни Британиядан қочириб юборишга муваффақ бўлади. Ўшанда Бёржесс Маклейнни Швейцариягача кузатиб бориши ва Лондонга қайтиб келиши керак эди.
Бироқ Британияга қайтса уни ҳибсга олишлари мумкин эди. Шу учун Бёржесс ортга қайтмайди ва Маклейн билан бирга СССРга қочиб кетади. Советларнинг икки жосусини қўлдан чиқаргани учун Дик Уайт ишдан четлаштирилади.
1952 йилда Ким Филбининг ўзи ҳам шубҳа остида қолади ва уни MI-5 ходимлари сўроқ қилишади. Далиллар етарли бўлмагани учун у қўйиб юборилади.
Шунингдек, шубҳа остига олинган Энтони Блант ва Жон Кернкроссга нисбатан ҳам етарли далиллар бўлмагани учун улар 1960-йиллар бошларигача фош бўлмайди.
Жосуслар СССРда
Маклейн ва Бёржесс СССРга 1952 йилда қочган бўлса, орадан 11 йил ўтиб Ким Филби ҳам Москвага қочиб келади.
Кейинчалик маълум бўлишича, Британияда ҳашаматли ҳаёт кечирган Маклейн ва Бёржесснинг СССРда оддий ва камтар турмуш тарзига кўникиши жуда қийин кечган.
Бёржесс СССРда маст қилувчи ичимликларга ружу қўяди ва соғлигидан айрилиб, 1963 йилда Ким Филби СССРга қочиб бориши арафасида вафот этади. Ўшанда у бор-йўғи 52 ёшда бўлган.
Маклейн Москвадаги институтлардан бирида инглиз тилидан дарс беради. 1969 йилда докторлик диссертациясини ёқлайди. У 1983 йилда саратондан вафот этади.
Ким Филби эса СССРга келганидан сўнг ўзидан 20 ёш кичик бўлган қизга уйланади ва узоқ йиллар давомида ташқи разведка идорасида маслаҳатчи бўлиб ишлайди.
Ким Филби совет иттифоқига Михаил Горбачёв раҳбарлик қилаётган кезда, 1988 йилда вафот этади.
Тўртинчи ва бешинчи жосуснинг тақдири
1951 йилда «Кембриж бешлиги» фош бўлгач Юрий Модин Энтони Блантга ҳам СССРга қочишни таклиф этади. Бироқ у кескин рад этади.
«Мен совет халқи қандай оғир аҳволда яшаётганини жуда яхши биламан. Мен ундай ҳаётни ўзимга раво кўрмайман. Шу сабабли мен учун СССРда яшаш маънисиз ва мантиқсиз бўлади», деб жавоб беради.
Шундан сўнг совет хавфсизлик идоралари у билан ҳамкорликни тўхтатади.
Блант бир неча йил давомида шубҳа остида бўлади, уни кузатишади. Бироқ советлар билан алоқаларни узиб юборгани учун уни жиноят устида ушлай олишмайди.
Энтони Блант жосусликни йиғиштиргандан сўнг эски қизиқиши, санъат ва архитектура билан жиддий шуғулланади.
1964 йилда Блант MI-5ʼга мактуб йўллайди. Мактубда у барча айбларига иқрор бўлади ва 1951 йилдан кейин советлар билан ҳамкорликни тўхтатганини маълум қилади.
Ўша пайтда MI-5 бу мактубни ва Блантнинг совет жосуси бўлганини ошкор қилмайди.
Бироқ 1979 йилда Британия бош вазири Маргарет Тэтчер Жамоат палатасида қилган чиқишида Блантнинг бир пайтлар совет жосуси бўлганини айтади. Шундан сўнг Блантга берилган рицарлик унвони бекор қилинади.
Блант бунга муносабат билдирмайди ва илм билан шуғулланишда давом этади. Бироқ у ишлаётган Лондон университети ассамблеяси жамоатчилик босимидан қўрқиб, Блантдан профессор унвонини тортиб олади. Энтони Блант 1983 йилда 75 ёшида Лондонда вафот этади.
«Кембриж бешлиги»нинг энг узоқ яшаган аъзоси Жон Кернкросс ҳисобланади. У СССРнинг парчаланишини кўргач, 1995 йилда вафот этади.
Кернкросснинг тақдири шериклариникидан бироз фарқ қилади. Маклейн ва Бёржесс СССРга қочганидан сўнг худди Энтони Блантда бўлгани каби, MI-5 Кернкроссни ҳам бир муддат кузатиб юради.
MI-5 ходимлари Бёржесснинг квартирасида тинтув ўтказишганда у ердан Кернкроссга тегишли нарсалар ҳам топилади. Ўшанда Кернкросс MI-5 ходимлари сўроқ қилганда Бёржесс билан дўст бўлганини таъкидлаган бўлса-да, у ҳам гумондорлар сафига қўшилади.
Сўроқдан сўнг Кернкроссни қўйиб юборишади ва у дарҳол маслаҳатлашиб олиш учун совет жосуси Юрий Модиннинг олдига жўнайди. У белгиланган жойга етиб бориб, совет жосусини кута бошлайди. Ўшанда Кернкросс ўзини MI-5 ходими Энтони Симкинс кузатиб борганини сезмасди.
Юрий Модин жуда синчков одам эди. У Кернкроссни олдига етиб бормасдан атрофни жиддий кўздан кечиради. У британиялик жосусни MI-5 ходими кузатиб турганини кўргач Кернкросснинг олдига бормасдан дарҳол кетиб қолади.
Ўшанда Кернкроссни сигарета фош қилади. Энтони Симкинс кузатаётганда у сигарет чекиб турганди. Аслида Кернкросс чекмасди. Шунда MI-5 ходими Кернкросснинг чекиб тургани совет жосуси билан учрашиш пароли эканини англайди.
Бироқ Энтони Симкинс эҳтиёсизлиги туфайли «Кембриж бешлиги»ни назорат қилиб турган Юрий Модинни қўлдан чиқаради.
Кўп ўтмай Кернкросс Юрий Модин билан учрашади. Совет жосуси унга MI-5 ходимлари яна сўроқ қилганда ўзини қандай тутиш ҳақида кўрсатмалар беради. Шунингдек, Модин Кернкроссга коммунистик партияга хайрихоҳлигини яширмасликни маслаҳат беради.
Кернкроссни икки марта сўроқ қилишади. Бироқ уни илинтира олишмайди. Кўп ўтмай Кернкросс ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзади ва Америкага кетади.
1963 йилда Ким Филби ҳам Москвага қочиб кетгач, Кернкросс яна шубҳа остида қолади.
1964 йилда MI-5 ходимлари Кернкроссни АҚШда ҳибсга олади. У ҳаммасига иқрор бўлади ва ўзидаги барча маълумотларни MI-5 ходимларига беради. Шундан сўнг уни тинч қўйишади ва Кернкросс Италияга кетади.
1979 йилда Кернкросснинг олдига журналист Барри Пенроуз боради ва бир неча ҳафта у билан бирга бўлади. Кўп ўтмай Пенроуз «Кембриж бешлиги» ҳақида мақола эълон қилади, унда айнан Кернкросс гуруҳнинг бешинчи аъзоси экани айтилганди.
Кейинчалик, АҚШга қочиб кетган КГБ зобити Олег Гордиевский ҳам Кернкросс «Кембриж бешлиги»нинг аъзоси бўлганини тасдиқлайди.
Шерикларидан фарқли ўлароқ Кернкросс советлар билан ҳамкорлик қилгани учун унга нисбатан ҳеч қачон жиноий иш очилмаган. Кернкроссни таъқиб қилишмаган. 1979 йилда у Италияда бир йил қамоқда ўтиради, ўшанда у валюта туфайли қамалганди.
1995 йилда Кернкросс Британияга қайтади. Кўп ўтмай у инсултга учрайди ва вафот этади. 1997 йилда унинг ҳаёти тасвирланган китоб чоп этилади.
Интервю
1988 йилда англиялик ёзувчи Филип Найтли Москвага келиб Ким Филбидан интервю олади. Ўшанда у «Кембриж бешлиги» ҳақидаги саволларга ҳам жавоб беради.
Кимнинг айтишича, «Кембриж бешлиги» ҳеч қачон бўлмаган ва буни журналистлар, жосуслик ўйинлари ҳақидаги асар муаллифлари ўйлаб топишган.
Журналист унга «Сиз Бёржесс, Маклейн ва Блантни яхши танигансиз. Улар билан бир жойдан бўлгансиз. Шу сабабли сизларга «Кембриж бешлиги» деб ном беришган», дейди.
Шунда Ким Бёржесс ва Блант рус жосуслари билан анча кейин алоқа ўрнатганини, иш давомида Маклейн билан умуман кўришмаганини, «Кембриж бешлиги»га киритилган шахсларнинг ҳар бири советлар билан алоҳида ишлаганини таъкидлаган.
Советлар «Кембриж бешлиги» аъзоларини кўплаб орден ва медаллар билан тақдирлашган. СССРга кўчиб келганлари билан бирга хорижда юрганларига ҳам салмоқли миқдорда пул тўлаб турилган.
СССР олий совети президиумининг махфий қарорлари билан уларга кўплаб орден ва медаллар берилган. Энг кўп Ким Филби тақдирланган, унга Ленин ва Қизил байроқ, 2-даражали ватан уруши, халқлар дўстлиги орденлари берилган.
Ғайрат Йўлдош тайёрлади.
Мавзуга оид
08:39
Британиянинг етакчи университети Ўзбекистон ОТМ билан қўшма таълим дастурларини амалга оширади
13:07 / 09.11.2024
Қозоғистон Британия санкцияларига дучор бўлган компаниялари ҳақида изоҳ берди
17:59 / 08.11.2024
Британияда эркак газли ичимликларга қарамликдан қутулиш учун гипноздан фойдаланди
09:05 / 07.11.2024