Ўзбекистон | 13:34 / 14.01.2024
9865
1 дақиқада ўқилади

Наманганда қарийб 80 млн Россия рублни Қирғизистонга ўтказмоқчи бўлган шахс ушланди

Ушбу шахс катта миқдордаги рублни Қирғизистонга ўтказиб бериш эвазига 300 доллар олиши керак бўлган.

Фото: Видеодан кадр

ДХХ Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда жуда кўп миқдордаги хорижий валюталарни ноқонуний равишда Қирғизистонга ўтказмоқчи бўлган шахс қўлга олинган.

Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Ола-буқа тумани билан чегарадош бўлган Наманган вилоятининг Янгиқўрғон тумани ҳудудидан ўтувчи давлат чегараси томон ҳаракатланаётган “Ласетти” тўхтатилган.

Наманган шаҳрида яшовчи, 1990 йилда туғилган фуқаро бошқарувида бўлган машина кўздан кечирилганда, унинг салонида 3 дона полиэтилен қопларга жойлаштирилган жами 79 млн 994 минг 900 Россия рубли борлиги маълум бўлган.

Суриштирувларда аниқланишича, ушбу шахс пулларни чегарадан ўтказиб бериши эвазига 300 АҚШ доллари олиши керак бўлган.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан мазкур фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг 25,182-моддаси 2-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган.

Мавзуга оид