Жаҳон | 10:05 / 14.01.2024
15389
2 дақиқада ўқилади

Россия учинчи давлат фуқаролари ва юк машиналарининг Беларус чегарасидан ўтиб-қайтишига тақиқ қўйди

Натижада Россия-Беларус чегарасининг ҳар икки томонида Қозоғистон, Қирғизистон ҳайдовчилари билан бирга ўзбекистонлик ҳайдовчилар бошқарувидаги юк машиналари тўпланиб қолган.

Фото: Транспорт вазирлиги

2024 йил январ ойидан бошлаб, Беларус-Россия чегарасидаги “Красная горка”, “Рудня”, “Красный камень” назорат пунктларидан учинчи давлат фуқароларининг ўтиши чекланган. Бу ҳақда Ўзбекистон транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Янги тартибга мувофиқ икки давлат чегарасидан фақат Россия ва Беларус фуқаролари эркин ўтиши (кириш ва чиқиш) мумкин.

Ушбу тартиб автотранспортда халқаро юк ташувларини амалга ошираётган ҳайдовчиларга ҳам тегишли.

Учинчи давлат (шу жумладан ЕОИИга аъзо давлатлар) фуқаролари бўлган халқаро юк ташувлари фаолияти билан шуғулланувчи ҳайдовчилар Россияга кириши ва мамлакатни фақат халқаро чегара-назорат пунктлари орқали тарк этиши мумкин.

Янги тартибнинг жорий этилиши ортидан учинчи давлат, хусусан, Ўзбекистон фуқаролари бошқарувида бўлган юк машиналарининг Россия-Беларус чегарасида тўпланиб қолиш ҳолати кузатилган.

Қайд этилишича, юзага келган мазкур ҳолат Ўзбекистон ва Беларус ҳамда Россия транспорт вазирликлари раҳбарияти даражасида муҳокама этилган.

“Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги раҳбарияти томонидан ушбу ҳолатда миллий ташувчиларимиз манфаатларини инобатга олган ҳолда Ҳукумат даражасида ечим топиш юзасидан дипломатик каналлар орқали музокаралар олиб борилаётганини маълум қиламиз”, дейилади хабарда.

Мавзуга оид