Жаҳон | 14:22 / 15.01.2024
2573
2 дақиқада ўқилади

Рио-де-Жанейрода кучли ёғингарчилик оқибатида камида 11 киши ҳалок бўлди

Бразилиянинг аҳоли сони бўйича иккинчи энг йирик шаҳрида бир кун ичида ой бошидан бери кўпроқ ёмғир ёғди. Рио-де-Жанейронинг кўплаб ҳудудлари сув остида қолган.

Фото: Pilar Olivares/REUTERS

Рио-де-Жанейрода кучли ёмғир ва сув тошқини оқибатида камида ўн бир киши ҳалок бўлди. Фавқулодда хизматлар бу маълумотни 14 январ, якшанба куни тақдим этди.

Ўт ўчириш хизмати маълум қилишича, Бразилиянинг иккинчи йирик шаҳри шимоли энг кўп зарар кўрган. Одамлар кўчки, электр токи уриши ёки чўкиб кетиш натижасида ҳалок бўлган. Бир аёл машинаси дарёга қулаганидан кейин бедарак йўқолган.

Рио-де-Жанейронинг баъзи қисмларида бир кунда январ ойининг барча олдинги кунларига қараганда кўпроқ ёмғир ёғди. Шаҳарнинг баъзи марказий кўчалари сув остида қолди, сув эса автомобилларнинг томигача етиб келди. Жамоат транспорти ҳаракати ишдан чиққан.

Кўчки хавфи сақланиб қолмоқда

Шаҳар мэри Эдуардо Паес одамларни уйда қолишга ҳамда қутқарув ва тиклаш ишларига халақит бермасликка чақирди. Шаҳарда фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Президент Луиз Инасио Лула да Силва ҳукумати Рио-де-Жанейрога федерал ёрдам таклиф қилди. Бразилия расмийларига кўра, штатнинг саккиз шаҳрида кўчки хавфи сақланиб қолмоқда.

Мавзуга оид