Наманганда туғуруқхонада тўрт эгизак ва уларнинг онаси вафот этди
Беморда ҳомиланинг патологик тушиши кузатилган. Суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, аёлнинг ўлимига ўпка артерияларининг массив тромбоэмболияси ва ўткир юрак-қон томир нафас етишмовчилиги сабаб бўлган.
Ижтимоий тармоқларда Наманган вилоятида тўрт нафар эгизак кўрган аёл ва унинг фарзандлари вафот этгани ҳақида хабарлар тарқалди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳолат юзасидан расмий муносабат билдирди.
ССВга кўра, 2024 йил 13 январ соат 21:10да Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлик илмий-амалий тиббиёт маркази Наманган филиали 1-акушерлик бўлимига Давлатобод тумани “Нуробод” МФЙ да яшовчи 2002 йилда туғилган фуқаро М.М. кучли туғуруқолди оғриғи билан оғир аҳволда олиб келинган.
“Қабул вақтида унга “1-ҳомиладорлик, 24 ҳафта 1 кун. Кўп ҳомилалик. (тўрт эгиз ҳомила). Уретрогидронефроз 3-даражаси. Сурункали анемия ўрта даражаси” дастлабки ташхиси қўйилган.
Аёлда мазкур ҳомиладорлик тушиш хавфи ва уретрогидронефроз 2-, 3-даража билан кечган. Шу сабабли М.М. уч марта марказнинг ҳомиладорларни даволаш бўлимида зарур муолажалар олган.
Ўша пайтда аёлнинг яқинларига 4 эгиз ҳомила муддатига етиб, туғилиши қийин эканлиги ва буйраклар уретрогидронефрози 2-, 3-даражаси ҳомиладор саломатлигида жиддий асоратлар бериши мумкинлиги ҳақида тушунтирилган. Аёл тиббий назоратда бўлган вақтда унга антибактериал терапия ва дистресс синдром профилактикаси ўтказилган.
2024 йил 14 январ куни соат 23:00да беморда оғриқ кучайиб, ўта қисқа вақтда ҳомиланинг патологик тушиши кузатилган. Ҳомилаларнинг вазни 410 гр, 380 гр, 390 гр ва 400 граммдан иборат бўлган.
Шундан кейин аёл бачадони инструментал тозаланиб, гинекология бўлимига ўтказилган. Бироқ 15 январ куни соат 6:50да беморнинг аҳволи кескин ёмонлашиб, унда клиник ўлим ҳолати юз берган. Аёл дарҳол сунъий нафас олиш ускунасига уланиб, бирламчи реанимацион чоралар кўрилишига қарамасдан шу куни соат 7:10 да унда биологик ўлим кузатилган”, дейилади вазирлик муносабатида.
Қўшимча қилинишича, суд-тиббий экспертизасининг дастлабки хулосасига кўра, беморнинг ўлимига ўпка артерияларининг массив тромбоэмболияси ва ўткир юрак-қон томир нафас етишмовчилиги сабаб бўлган.
Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг Kun.uz’га маълум қилишича, ҳолат юзасидан Наманган шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Мавзуга оид
09:30 / 07.11.2024
Наманганда энергия ресурсларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари фош этилди
11:35 / 06.11.2024
18 ёшли хавфли рецидивист: Наманганда машина олиб қочган ўсмир озодликдан маҳрум қилинди
17:26 / 04.11.2024
Наманганда аҳолига етказиб берилиши керак бўлган 13 тонна кўмир талон-торож қилинди
21:36 / 03.11.2024