Украинлар илк бор Россиянинг А-50 разведкачи самолётини уриб туширганини маълум қилди
Шунингдек, Ил-22М ҳаво қўмондонлик пункти шикастланган. РФ мудофаа вазирлиги бу маълумотлар юзасидан расмий изоҳ бермаган, аммо Кремл таъсиридаги ҳарбий мухбирлар бу йўқотишларни тасдиқлаган.
14 январ куни кечқурун украин нашрлари Украина ҚК ҳаво кучлари Азов денгизи устида Россиянинг А-50 русумли разведкачи самолётини уриб тушириб, Ил-22М11 ҳаво қўмондонлик пунктига зарба бергани ҳақида хабар тарқатди. Журналистлар украин қуролли кучларидаги манбаларига ҳавола беришган. Hromadske телеканали бу маълумот Украина мудофаа вазирлиги Бош разведка бошқармаси томонидан тасдиқланганини маълум қилган. Кейинроқ Украина ҚК бош қўмондони Азов денгизи узра Россияга тегишли А-50 ҳамда Ил-22 ҳаво қўмондонлик пункти бўлган самолётлар уриб туширилганини маълум қилди. У Ҳаво кучларига «Азов ҳудудидаги мукаммал режалаштирилган ва амалга оширилган амалиёт учун» миннатдорчилик билдирди.
Украин нашрларига кўра, А-50 томон зарба маҳаллий вақт билан 14 январ куни соат 21:10–21:15 атрофида (Москва вақти билан 22:10-22:15) Запорижжя области Кирилловка посёлкаси атрофидан туриб йўлланган. Шундан кейин самолёт радарлардан йўқолган ва тактик авиация сўровларига реакция қилишни тўхтатган. Ил-22М11 эса тахминан соат 21:00 атрофида Херсон областининг Стрелкове қишлоғи ҳудудида зарбага учраган. «РБК-Украина» нашри Ил-22М учувчисининг Краснодар ўлкаси Анапа шаҳридаги аэродром диспетчери билан мулоқот аудиоёзувини эълон қилган, унда учувчи қўниш йўлагига тез ёрдам ва ўт ўчириш машиналари чақиришни сўрагани акс этган.
А-50 — советлар даврида ишлаб чиқарила бошлаган самолёт бўлиб, узоқ радиолокацион аниқлаш ва бошқариш тизимига эга. Битта шундай самолёт нархи 330 миллион долларга баҳоланади. Бу модел Бериев номидаги Таганрог авиация илмий-техника комплексида «Вега-М» илмий ишлаб чиқариш бирлашмаси ҳамда асбоблар ишлаб чиқариш илмий-тадқиқот институти ҳамкорлигида Ил-76 оғир транспорт самолёти базасида ясалган. У ҳаводаги, сув юзасидаги ва ер устидаги нишонларни аниқлаши (бир вақтнинг ўзида 60 тагача), улар томон қирувчи самолётлар ёки авиация фронтовикларини йўналтириши мумкин. РФ Ҳаво-космик кучлари ихтиёрида қанча А-50 борлиги номаълум. Military Watch Magazine маълумотига кўра, 2023 йилда Россия А-50 русумли самолётлардан учтасига ва унинг модификация варианти бўлган еттита А-50У самолётига эгалик қилган. 2023 йил бошида Forbes Россия қўшинларида тўққизта А-50 борлигини ёзганди. 2023 йил сентябрида «Ростех» Россия армиясига яна битта шундай самолёт етказиб берган.
Ил-22 — ҳаво қўмондонлик пункти бўлиб, қўшинларни бошқариш учун мўлжалланган. Буюк Британия мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, Россия қуролли кучларида бундай самолётлардан кўпи билан 12 та бор.
Россия мудофаа вазирлиги украин нашрлари ва ҳарбийларининг сўнгги баёнотлари юзасидан изоҳ бермади. Аммо самолётлардан бири уриб туширилгани, бошқаси эса зарбага учрагани тўғрисидаги маълумотни россиялик ҳарбий мухбирлар ва ҳарбий соҳага ихтисослашган блогерлар тасдиқлашган. Шу билан бирга, уларнинг қайд этишича, Ил-22 самолёти шикастланганига қарамай ерга қўнишга муваффақ бўлган.
РФ мудофаа вазирлигига алоқадор саналган Rybar телеграм-канали 14 январ куни кечқурун агар А-50 йўқотилгани ва Ил-22 шикастлангани тўғрисидаги маълумот тасдиқланса, бу «Россия Ҳаво-космик кучлари ҳамда ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари учун яна бир қора кун» бўлишини таъкидлаган. Унинг қайд этишича, А-50 самолётлари шусиз ҳам «кўп эмас», «улар учун мутахассислар эса бармоқ билан санарли даражада». Муаллифнинг сўзларига кўра, бундай типдаги самолёт зарбага учраганида экипажни «сақлаб қолиш имконсиз иш». У шунингдек самолёт Россия ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларининг «дўстона зарбаси» оқибатида уриб туширилгани ҳақидаги вариантни истисно қилган.
Муаллифи Россия Ҳаво-космик кучларига алоқадор экани айтиладиган Fighterbomber телеграм-канали амалда А-50 ҳалокатини тасдиқлаган. «Фожиа ҳар доим фожиа. Айниқса бундай кўламдагиси. Унда ким бўлганидан қатъи назар. Учувчилар ўлимида ким айбдорлигини биз яқин орада била олмаймиз. Ҳалок бўлганларга абадий парвоз, яраланганларга тезда соғайиб кетиши ва сафга қайтишини тилайман», — дея ёзган блогер.
15 январ куни кундузи Россия ва Украинадаги телеграм-каналларда зарбага учраган Ил-22 самолёти акс этган фотосуратлар тарқалди. Фотоларда самолётнинг дум қисмида кўп сонли шикастланишлар борлигини кўриш мумкин. «Кил (самолёт қуйруқ қисмидаги буриш рули ўрнашган вертикал сирт), стабилизатор жиддий шикастланган, бошқарув рули йўналишида катта тешиклар, фюзеляжнинг орқа қисмида кичикроқлари», — дея қайд этилади BBC рус хизмати хабарида.
«Комсомольская правда» ҳарбий мухбири Александр Коц «қулаган А-50 борлиги ва қутқарилган Ил-22 борлиги»ни ёзган. Россияпараст блогер Юрий Подоляк шундай ёзган: «А-50 бўйича… Афсуски, бу тўғри».
Украина ҚК ҳаво кучлари спикери Юрий Игнат шикастланган Ил-22 фотосига изоҳ берган. «Афтидан, Ил-22 ни Анапагача олиб боришган. Жони қаттиқ ярамас. Аммо, кўрганингиздек, тоғорани „тиклаб бўлмайди“. Шунинг учун, ким нима деса ҳам, нишон йўқ қилинган, реанимация ёрдам бермайди», — деган Игнат. Унинг сўзларига кўра, Украина ҚК учун устувор нишон А-50 бўлган. «Бугунги кунга қадар Ҳаво кучлари учун бу бортни яксон қилиш имконсиз вазифа бўлиб туюларди», — дея қўшимча қилган у.
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Кремлда Украина ҚК Россия самолётларини уриб туширгани бўйича маълумот йўқлигини айтган. «Нима бўлганда ҳам, бу мавзу махсус ҳарбий амалиётга тааллуқли», — деган у ва бу маълумот бўйича РФ мудофаа вазирлигидан ойдинлик киритишни сўраган.
Беларусда А-50 билан боғлиқ диверсия
2023 йил феврал ойи охирида беларусларнинг BYPOL ташкилоти фаоллари Минск яқинидаги Мачулишчидаги аэродромга диверсия уюштирилгани ва у ердаги русларнинг А-50 самолётига иккита дрон орқали 200 грамм тротил эквивалентидаги портловчи моддалар ташлангани ҳақида хабар берганди. Натижада самолёт жиддий шикастлангани ва энди «уча олмаслиги» маълум қилинганди. Аэродромдаги портлашлардан кейин у ер қуролланган ҳарбийлар томонидан ўраб олинган, тез ёрдам машиналари ва терговчилар етиб келганди.
Беларус ҳукумати диверсия фактини рад этиб, учиш йўлагида ҳаракатланаётган А-50 видеосини намойиш этганди. Лекин бу видео қачон олингани номаълум эди.
4 март куни «Зеркало» нашри А-50 таъмирлаш учун Таганрогга олиб кетилганини маълум қилди. Нашр журналисти ўзини Мачулишчидаги аэродром ходими сифатида таништириб, Бериев номидаги Таганрог авиация илмий-техник комплексига қўнғироқ қилган ва у ердагилар унга бу маълумотни тасдиқлашганди.
Мавзуга оид
15:31
Япония РФ активлари ҳисобидан Украинага 3 млрд доллар беради
14:45 / 26.12.2024
Захарова: Украина мустақил равишда ядро қуролини яратишга қодир эмас
11:53 / 26.12.2024
Зеленский Украинанинг Германиядаги элчисини алмаштиришга қарор қилди
08:05 / 26.12.2024