Ўзбекистон | 15:56 / 17.01.2024
14211
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда ғилдиракли трамвайлар пайдо бўлиши мумкин

Хитой компанияси Тошкент транспорт тизимига ғилдиракли трамвайлар интеграциялашувини таклиф қилмоқда. Унинг реализацияси “яшил транспорт коридори” лойиҳаси доирасида пойтахтнинг Шота Руставели кўчасида амалга оширилиши мумкин.

Фото: AP

Тошкент шаҳар ҳокимлигида йўл-транспорт инфратузилмасини яхшилашга қаратилган учрашувда “яшил транспорт коридори” лойиҳаси муҳокама қилинди. Унда пойтахт ҳокимлиги, “Тошкент Инвест” АЖ, Глобал экологик фонд (ГEФ), Хитойнинг “CRRC Group” компанияси, БМТ ТД ва Транспорт вазирлиги вакиллари иштирок этди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимияти матбуот хизмати хабар бермоқда.

Йиғилишда жамоат транспортини такомиллаштириш, яшил ёқилғида ҳаракатланадиган транспорт воситалари улушини ошириш, микромобилликни кенгайтириш, йўловчилар ва ҳайдовчилар учун қулайлик яратиш масалалари муҳокама қилинган.

Тадбирда “Тошкент шаҳрида кам углеродли транспортга инвестицияларни жалб қилишни жадаллаштириш” лойиҳаси тақдим этилган. Лойиҳа ГEФ ва БМТ Тараққиёт дастури кўмагида ишлаб чиқилгани, пойтахтнинг энг гавжум кўчаларидан бири Шота Руставели кўчаси бўйлаб яшил транспорт йўлагини яратиш синов тариқасида таклиф этилгани маълум қилинди.

Қолаверса, Хитойнинг “CRRC Group” компанияси вакиллари ишлаб чиқарилаётган транспорт воситалари, хусусан, ғилдиракли трамвайларнинг афзалликлари, қулайлиги, самарадорлиги ва сиғими ҳақида гапириб, уларнинг пойтахт транспорт тизимига интеграциялашувини таклиф этган.

Тошкент шаҳар транспорт тизимини комплекс ривожлантириш лойиҳа офиси директори Мурод Обидовнинг Kun.uzʼга маълум қилишича, ғилдиракли трамвайлар ҳаракати дастлаб Шота Руставели кўчасига қўйилиши мумкин.

Мутахассислар билан шу коридордан қўйиш масаласини муҳокама килдик, лекин анча деталлар бўйича кўшимча ишлар амалга оширилиши зарар экан. Шунга [лойиҳани] қайта ишлашда давом этамиз”, – деди у.

Обидовга кўра, транспорт юкламаси юқори коридорлар учун 35 метрли автобуслар ҳам яхши ечимлардан бири бўлиб турибди. Метро ўтмаган коридорларга асосан ўта катта сиғимли транспорт кераклиги айтилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Транспорт вазирлиги вакили “Лолазор”подкастида ҳам 32-35 метрли автобуслар келтирилишини, ундан аввал йил якунигача 200 та электробус, 2030 йилгача мингта автобус келтирилишини маълум қилганди. Аммо инфратузилма масаласи ҳал этилмаса, жамоат транспорти билан боғлиқ қўшимча муаммолар юзага келиши ҳам эслатилганди.

Мавзуга оид