“Яшил белбоғ”, бош режа — “Юксалиш” ҳаракати Ўзбекистон ҳавосини яхшилаш бўйича таклифларини эълон қилди
“Юксалиш” ҳаракати эколог мутахассислар ўртасида сўров ўтказиб, Ўзбекистондаги ҳаво ифлосланиши ҳолатини яхшилаш бўйича 10 та бирламчи чора-тадбирлар таклифларини ишлаб чиқди. Сўровда 34 нафар мутахассис, тегишли вазирлик ва қўмиталар, тадқиқотчилар, маҳаллий экофаоллар ва журналистлар иштирок этган.
1-таклиф. Респондентларнинг 80,7 фоизи чанг кўтарилишини камайтириш учун барча очиқ майдонларга дарахтлар ва кўп йиллик ўтларни экиш орқали “яшил белбоғ” яратиш керак, деб ҳисоблайди. Шу билан бирга, экилган дарахтларни доимий парваришлаш, мониторинг қилиш, кесиш ҳолатларига жазони кучайтириш муҳимлигини ҳам қўшимча қилишган.
2-таклиф. Сўровда қатнашган экологларнинг 74,4 фоизи шаҳарсозлик Бош режалари тасдиқланмагунча янги, айниқса, кўп қаватли ва нотурар бинолар қурилишига мораторий жорий этиш, қурилишларга фақат “яшил” стандартлар доирасида рухсат бериш зарурлигини таъкидлаган.
3-таклиф. 70,1 фоизи респондент эса ҳавони ифлослантирувчи омиллар ҳақида аниқ тушунча ва маълумотларга эга бўлиш учун махсус ускуналар орқали ифлослантирувчи манбаларни (корхона, завод, иссиқхона ва ҳ.к.) мониторинг қилиш ва бунинг учун масъул идоралар, ННТлар вакилларидан иборат тезкор мониторинг гуруҳини тузиш шартлигини билдирган. Мониторингда асосий урғуни қуйидагиларга қаратиш тавсия этилган.
- ифлосланиш даражаси, сабаблари ва таркибини ўрганиш, уни бартараф этиш чораларини ишлаб чиқиш;
- натижаларини ОАВда эълон қилиб бориш;
- ҳавони ифлослантиришга сабаб бўлган корхоналарга ижобий хулосалар ёки фаолият юритиши учун рухсатномалар берган шахсларни жавобгарликка тортиш;
- қоидабузарларга жарима ва жазо чораларини қўллаш;
- ҳаво сифатини яхшилаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш.
4-таклиф. Сўровноманинг 57.3 фоизи эса ҳавонинг ифлосланганлик ҳолати ҳақида аҳолини хабардор этиш учун кенгроқ ишлар қилиш кераклигига урғу берган. Ахборот билан таъминлаш тизимли, доимий ва эколог мутахассисларнинг маълумотларига таянилган бўлиши керак
5-таклиф. Экспертлар барча транспорт воситаларини, жумладан, трактор ва техникаларни режадан ташқари техник кўрикдан ўтказиш таклифини қўллаб-қувватлаган (53 фоиз). Шунингдек, улар носоз ускуналардан фойдаланишни тақиқлашни ёқлаган.
6-таклиф. 50,6 фоиз иштирокчи ижтимоий-аҳамиятли объектларда (мактаб, боғча, шифохона ва ҳ.к.) ҳавони тозаловчи тизимларни ўрнатишни; 42,1 фоизи эса иш берувчиларга бино ва офислар ичкарисида ҳавони тозалаш бўйича тезкор чоралар кўришни ҳам тавсия этган.
7-таклиф. Респондентларга кўра, вақтинчалик чора сифатида намликни ошириш учун ерости сувларидан фойдаланган ҳолда фавворалар сонини кўпайтириш зарур (25 фоиз). Айримларининг фикрича, мўътадил микроиқлимни таъминлаш ва ҳаво сифатига ижобий таъсир кўрсатиш учун сунъий сув ҳавзаларини яратиш ҳам самарали чоралардан бири.
8-таклиф. Сўровда қатнашган экспертларнинг 19,3 фоизи ифлосланиш даражаси юқори бўлган кунларда аҳоли орасида тиббий ниқоб тақиш зарурлиги тўғрисида тушунтириш ишларини олиб бориш керак, деб ҳисоблайди.
9-таклиф. 18 фоиз респондент қишлоқ ва ўрмон хўжалиги, ишлаб чиқариш, омборларда ёнғиннинг олдини олиш чора-тадбирларини кучайтириш кераклигини таъкидлаган. Чунки дала ва ўрмонларда, хавфли кимёвий моддалар сақланадиган омборларда содир бўладиган ёнғинлар натижасида ҳаво сифатига ҳамда инсон саломатлигига салбий таъсир кўрсатувчи заҳарли тутун ва кул тарқалиши мумкин.
10-таклиф. Бундан ташқари, экспертлар ҳаво сифатини яхшилашга, унинг янада ифлосланишининг олдини олишга комплекс ёндашиш ва узоқ муддатли турли даражадаги стратегик чора-тадбирлар кўриш зарурлигини таъкидлаган:
- бетон ёки асфалт билан қопланган майдонлар яқинида кичик боғлар ташкил қилиш;
- шаҳарда ва аҳоли яшаш ҳудудларида кўмир ва мазутдан фойдаланишни тақиқлаш;
- тиғиз вақтларда (соат 07:00 дан 10:00 гача ва 17:00 дан 20:00 гача) Н2 ва Н3 тоифали (оғирлиги 3,5 ва 12 тоннадан ортиқ юк ортилган) транспорт воситалари ҳаракатини чеклаш;
- 2010 йилгача ишлаб чиқарилган барча тоифадаги автомобилларнинг ҳаракатланишини босқичма-босқич тақиқлаш, бунда замонавий транспортларга ўтиш бўйича имтиёзлар жорий этиш;
- Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива шаҳарларининг марказий кўчаларида автотранспорт воситаларидан холи зоналар ташкил этиш;
- Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш ва ифлосланишининг олдини олиш давлат дастурини ишлаб чиқиш;
- Марказий Осиёда экологик вазиятни мониторинг қилишда давлатлараро муносабатлар соҳасида мақсадли ишларни амалга ошириш, муайян ваколатларга эга ишчи гуруҳларни тузиш;
- корхона ва заводларда тозалаш ускуналари мавжудлиги устидан қатъий назорат ўрнатиш;
- корхоналарнинг экологик аудитини ўтказиш, белгиланган стандартларга риоя этилишини назорат қилиш;
- аҳоли учун экологик таълим дастурларини янада ривожлантириш;
- хусусий ташкилотларга экологик муаммоларни ҳал қилишга сармоя киритиш имконини берувчи дастурларни ишлаб чиқиш. Атроф-муҳитга хайрия қилиш учун солиқ имтиёзларини бериш;
- атмосфера ҳавосининг сифатини яхшилаш бўйича тавсиялар ишлаб чиқиш учун шаҳар ҳокимлиги ҳузурида Экология, соғлиқни сақлаш, транспорт ва қурилиш вазирликлари вакилларидан иборат ишчи комиссия тузиш.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳрида ҳаво ифлосланиши декабр-январ ойларида ЖССТ белгилаган нормадан бир неча баробар кўпайиши тез-тез такрорланяпти. Олдинроқ, Экология вазирлиги ҳавони ифлослантирувчи манбалар ва уларга қарши курашиш усуллари ҳақида таҳлилларини эълон қилган бўлса, Тошкент шаҳар ҳокимлиги экологик вазиятни яхшилаш бўйича тезкор чора-тадбирлар кўрилишини маълум қилган эди.
Мавзуга оид
18:14 / 10.06.2024
Индонезияда беш метрлик бўғма илон аёлни бутунлай ютиб юборди
22:50 / 31.05.2024
600 мингдан ортиқ кўчат суғориш тизими мавжуд бўлмаган жойларга экилган — Сенат
11:05 / 30.05.2024
Экологик вазиятни баҳолаш учун ягона мониторинг тизими ишга туширилади
20:14 / 29.05.2024