Жаҳон | 13:42 / 20.01.2024
5736
3 дақиқада ўқилади

Петербургдаги кафеда портлаш уюштирган Трепова 28 йилга қамалиши мумкин

Қиз кафега портловчи моддалар билан тўлдирилган ҳайкалча олиб келган. Портлаш натижасида «ҳарбий мухбир» Татарский ҳалок бўлди ва 52 киши яраланди.

Фото: РИА Новости

Прокурор Петербургдаги 2-ғарбий округ ҳарбий судининг сайёр мажлисидаги муҳокама чоғида россиялик уруш тарафдори блогер Владлен Татарскийни ўлдиришда айбланаётган Даря Треповага 28 йил қамоқ жазосини сўради. Бу ҳақда 19 январ, жума куни «Медиазона» ўз мухбирига таяниб хабар берди.

Умумий режимдаги колонияда 28 йилга қўшимча равишда, прокуратура суддан Треповага 800 минг рубл миқдорида жарима солишни сўради - бу давлат айблови қиз учун барча айбловлар бўйича сўралаётган жами жазо, деб ёзади «Медиазона». 

Трепова бир гуруҳ шахслар томонидан инсон ўлимига сабаб бўлган теракт, портловчи қурилмаларнинг ноқонуний савдоси ва ҳужжатларни қалбакилаштиришда айбланмоқда. Биринчи моддага кўра, прокуратура уни 19 йилга, иккинчиси бўйича - 14 йил ва 800 минг рубл жаримага, учинчиси бўйича - 3 йилга озодликдан маҳрум қилишни сўради.

Квартирасида қиз қўлга олинган Дмитрий Касинцев Трепова билан бирга судланмоқда. Касинцев ўта оғир жиноятни яширишда айбланмоқда. Прокурор унга бир йил-у 10 ой умумий режимдаги колония жазоси беришни сўради.

Трепова айбини тан олмади 

Биринчи суд мажлисида Трепова «террорчилик ҳаракати» ва «портловчи қурилмаларнинг ноқонуний савдоси» моддалари бўйича айбини тан олмаслигини айтди. Трепова «ҳужжатларни қалбакилаштириш» моддаси бўйича ўз айбини тўлиқ тан олди. 

2023 йил 2 апрел куни қиз Петербургдаги Street Food Bar № 1 кафесига портловчи моддалар билан тўлдирилган ҳайкалчани олиб келиб, Татарскийга топширган. Портлашда Татарский ҳалок бўлди, 52 киши яраланди. Россия Тергов қўмитаси маълум қилишича, ишда 85 киши жабрланган. Трепованинг таъкидлашича, у ҳайкалчада нима борлигини билмаган.

Унинг сўзларига кўра, Татарский билан танишиш вазифасини унга Украинада яшовчи журналист Роман Попков ва «Гештальт» тахаллуси бўлган эркак топширган. Треповага «ижодий оқшом»га Татарский бюстини олиб бориш юкланган. Тергов маълумотларига кўра, портловчи моддалар солинган ҳайкалчани Треповага украиналик Юрий Денисов берган.

Мавзуга оид